Аршни ларзага келтирган сўз

Аршни ларзага келтирган сўз

imon.uz 22-02-2019

Отам доим бизларга уқдириб келадилар: “Икки сўзни тилга олишдан эҳтиёт бўлинглар, бири “талоқ”, иккинчиси “оққ қилиш”.  Оғиздан чиққан бу сўзлар инсонни икки дунё саодатидан маҳрум қилиб қўйиши мумкин”.

Ёшимиз улғайган сари айнан мана шу сўзларни инсонлар орасида оддий сўзларга айланиб бораётгани ачинарли ҳолдир.

Инсонлар ўзларини ушлай олмасликлари, иродасизликлари, қолаверса тарбиясизликлари оқибатида “Оққ қилдим” ёки “Талоқсан” деган сўзларни айтиб юбораверишади.   Ҳар икки сўзни айтилишида сабабини  сўрасангиз “Жаҳл устида айтиб юборибман”,  деб жавоб беришади.

Ота-онага оққ бўлиш кабира гуноҳлар қаторига киради.

Ишлари юришмай қолган бир йигит ичкиликка ружу қўяди. Шу даражага бориб етадики, насиҳат қилмоқчи бўлган отасига қўл кўтаришгача боради. Фарзандидан  бундай разолатни  кутмаган ота ўғлини оққ қилади.  Бир неча йилдан кейин ота қазо қилади. Аммо отасига қўл кўтарган йигитнинг бири икки бўлмайди. Охир-оқибат ўғли билан келини уни уйдан чиқариб юборишади, чунки ота-онанинг дуоси ҳам, дуоибади ҳам ўтади.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам уч марта: “Сизларга гуноҳларнинг каттасини хабарини берайми?” – дедилар.

“Ҳа, ё Расулуллоҳ!” – дейишди.“Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оққ бўлиш”, - дедилар ва ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар-да:“Огоҳ бўлинглар, ёлғон гап!” – дедилар.

Ана шу гапни такрорлайвердилар, такрорлайвердилар, ҳаттоки, сукут сақласайдилар, дедим” (Бухорий “Адаб”да ривоят қилган).


Ҳадисдан  кўриниб турибдики,  ширкдан кейинги улкан гуноҳ – ота-онага оққ бўлиш экан.

Кейинги вақтларда ёши улуғларимиз орасида ҳам ёшларнинг фикрига қарши бориб, уларни оққ қилаётган ҳолатларининг учраши ачинарли ҳолдир. Ўғлининг ҳаётига аралашиб, “Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оққ қиламан”, “Отангни  десанг, оққ қиламан”, - деган сўзлар билан ўзлари ҳам гуноҳкор бўлиб қолмоқдалар. Бундай ҳолларда ақл билан иш юритиб, тафаккур билан хулоса қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади.


Ҳозирги вақтда оилаларнинг бузилиш ҳолатининг кўпаяётгани  жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан биридир.  Ҳаёт деб аталмиш синовли дунёда оилавий келишмовчиликларни  сабр ва бағрикенглик билан бартараф этиш мумкин бўлган ҳолда кўп ёшларимиз шошқалоқлик, тез аччиқланиш, сабрсизлик ва  талашиб-тортишиш каби салбий иллатларни ўзларига эп кўрмоқдалар. Йигитларимиз томонидан аёлига нисбатан “Уч талоқсан”, “Қум талоқ”, “Минг талоқсан”, “Онангникига борсанг талоқсан” каби  сўзларнинг айтилиши кўпайиб кетган. 


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол – талоқдир”, дедилар”. (Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ деган)

Одатда талоқнинг ҳукмини билмасдан, жаҳл билан айтилган сўз учун оилалар пароканда бўлишини ҳис қилишмайди.


Бир марта жанжал бўлган хонадондан қирқ кун барака кетади” деган жумланинг асл моҳиятини тушунмай жанжаллашаверади. Оқибатда оилага дарз кетади.  Бундай жанжалларда  эр ҳам аёл ҳам ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишади. Фарзандларнинг, атрофдагиларнинг фикри, ҳаёти уларни умуман қизиқтирмайди. Оиладаги келишмовчиликларнинг сабабларидан яна бири баъзи аёлларнинг эридан  бошқаларга ўхшаб яхши яшашни талаб этишидир.  Жанжалларга кўп сабаб бўлаётган яна бир ҳолат  рашкдир. 


Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади»-дедилар» (Сунан соҳиблари ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.


Эрининг кайфиятига қараб муомала қилиш маданиятига ҳамма аёллар ҳам сазовор эмас, шунинг учун ҳам дарров тилга эрк беришади. “Сенга тегиб нима кўрдим?”, “Қўлингдан нима келарди?” каби сўзлар  эркакларни қуюшқондан чиқишига сабаб бўлади. Турмуш чорраҳаларида  кўзланган эзгу  амалларга чиройли сабр билан эришиш мумкин. Афсуски, буларнинг баъзи аёлларимизга қизиғи йўқ. Аслида овозни бир парда кўтариб эмас, балки бир оз паст келиб, баланд-баланд ишларни ҳал қилиш мумкин.

Аллоҳ таоло дунё ҳаётида эрларни аёлларда устворлигини таъкидлаб шундай хабар беради:

 “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир...”  (Нисо сураси, 34-оят).


Айрим жоҳил йигитларимиз аёлининг ақл билан тузатиш мумкин бўлган камчилиги ёки хатоси бўлса, тузатишга чора ахтармасдан дарров бошқа аёлга уйланишга ёки бегоналардан таскин қидиришга шошилиб қолишади. Аёл эрининг феълидаги ҳар қандай нуқсонга чидаши мумкин, аммо хиёнатига эмас.

Аллоҳ таоло эркак кишини табиатан ҳиссиётга берилмайдиган, оғир, вазмин, ақлли қилиб яратган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эркак киши ўзини оғир тутиши керак бўлади.

Оғзимиздан чиқаётган ҳар бир сўзни ўйлаб, кейини пушаймонликка олиб келмаслиги учун мушоҳада билан фикр юритиш керак.


Аллоҳ тало Қуръони каримда марҳамат қилади:

Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).


Аллоҳ таоло томонидан эркак киши учун аёли, фарзандлари омонатга берилган. Аллоҳ таоло ҳар биримизни оилаларимиз билан чиройли муомалада бўлиб яшашда бошқаларга ўрнак бўладиган солиҳ бандалари қаторида қилсин! Омин! 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси


Мунира АБУБАКИРОВА

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид