Рамазон ҳайити ва унинг фазилатлари

Рамазон ҳайити ва унинг фазилатлари

Mimon.uz 2026-03-19 11:30:09 13

Ҳайит — ислом динидаги энг улуғ ва муборак байрамлардан бири ҳисобланади. Мусулмонлар йил давомида икки марта ҳайит байрамини нишонлайдилар. Булар — Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайитидир. Бу байрамлар мусулмонлар ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлиб, одамларни яхшилик қилишга, бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатишга ва ҳамжиҳат бўлишга чорлайди.


Рамазон ҳайити (Ийди Рамазон) ислом динидаги энг улуғ ва қувончли байрамлардан бири ҳисобланади. Бу байрам муборак Рамазон ойи тугаганидан кейин нишонланади. Рамазон ойи мусулмонлар учун сабр, ибодат, тақво ва маънавий покланиш ойи бўлиб, бу ойда қилинган яхши амаллар учун Аллоҳ таоло катта савоблар ваъда қилган. Рамазон ҳайити эса шу муборак ойнинг якунланиши муносабати билан нишонланадиган шукрона ва қувонч кунидирҲайит кунлари мусулмонлар учун қувонч ва байрам кунларидир. Одамлар янги кийимлар кийиб, байрам намозига борадилар. Кейин эса ота-она, қариндош-уруғ ва устозлар ҳолидан хабар олиш учун уларни зиёрат қиладилар. Кексаларга ҳурмат кўрсатиш, ёшларга меҳр бериш ва муҳтожларга ёрдам бериш бу кунларнинг энг яхши амалларидан ҳисобланади.


Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳайит кунларининг аҳамиятини таъкидлаб шундай деганлар:  

“Ҳар бир қавмнинг байрами бор, бу кун эса бизнинг байрамимиздир.”


Бу ҳадис ҳайит кунлари мусулмонлар учун шукрона ва қувонч куни эканини кўрсатади. Бу кунларда одамлар ўртасида адоват ва гина-кудурат унутилиб, бир-бирига яхшилик қилишга ҳаракат қилинади.


Рамазон ҳайити мусулмонлар учун шукрона ва хурсандчилик кунидир. Бир ой давомида рўза тутиб, сабр қилган ва ибодат қилган бандалар бу кунда Аллоҳнинг раҳматига ва мағфиратига умид қиладилар.


Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:  

“Рўзадор учун икки хил хурсандчилик бор: бири — ифтор қилган пайтида, иккинчиси — Парвардигори билан учрашганида.”  


Бу ҳадис Рамазон ойидаги ибодатлар инсон учун катта савоб ва хурсандчилик манбаи эканини англатади.


Рамазон ҳайити куни мусулмонлар бир қатор савобли амалларни бажарадилар. Улар қуйидагилардан иборат:


1. Ийд кечасини ибодат билан ўтказиш.


Ийдга ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Уни бутунлай ёки бир қисмини, хусусан, кечасининг учинчи қисмини Қуръон тиловати, зикр, тасбеҳ ва нафл намозлар билан бедор ўтказиш кўплаб яхшиликларга, улкан савобларга сабаб бўлади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», – дедилар».

Ибн Можа ва Тобароний ривоят қилган.

2. Ҳайит намози учун ғусл қилиш.

Ислом поклик дини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Поклик иймоннинг ярмидир», деганлар. Хусусан, мана шундай ибодатлар олдидан, кўпчилик жамоат тўпланадиган жойларга боришдан олдин ғусл қилиш динимизда алоҳида таъкидланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ғусл қилар эканлар.

Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

3. Тишларни мисвок ёки тиш пасталари ёрдамида тозалаб олиш.

Тишни тоза тутишга Ислом диничалик эътибор берган бирорта дин ёки таълимот йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлар эдим», деганлар.


Шу боис, ҳар намоз олдидан мисвок қилиш суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намози учун эса, бу нарса янада таъкидлироқдир.

4. Ийд учун ясаниш.

Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янги кийим сотиб олиши мустаҳаб. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».

«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.

Ўша даврда Яманда саноат ривожланган эди. Яман кийимлари энг яхши кийимлар ҳисобланарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жума ва икки ийд кунлари хутбага чиққанларида Ямандан келтирилган ҳибара деган чиройли тўнларини кийиб олардилар. Шунга биноан, ийдга энг яхши кийимларни кийиш мусулмонлар ичида кенг тарқалган. Саҳобаи киромлар ҳам ушбу суннатга доимо амал қилганлар. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган. Ҳайит арафаларида кийим-кечак бозорларимизда савдо-сотиқ қизғин авжига чиқиши ҳам шундан. Бу ишда Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш бор.


Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, аёлларнинг зийнатланишлари шариат доирасида ва маҳрамлар даврасида бўлиши керак.

5. Ҳушбўйлик суртиш.

Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан. Жамоатчилик жойга киришда хушбўйлик суртиб олиш юксак одоб намуналаридан бири бўлиб, кўплаб ноқулайликларнинг олдини олади.

Юқорида ўтган одобларга эркаг ва аёл баробар амал қилиши лозим.

6. Намозга чиқишдан олдин бирор егулик тановул қилиб олиш. 

Рамазон ҳайитида, Қурбон ҳайитига акс ўлароқ, намозга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш ҳам Рамазон ҳайитининг одобларидан саналади. Бунда Фитр куни рўза тутишдан бўлган қайтариққа урғу бериш ва Рамазон рўзаси якун топганлигига эътиборни қаратиш бор. Ўша егулик қуруқ ёки ҳўл мева бўлгани яхши.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилган.

Ҳайитни қандай тартибда ўтказиш.

Рамазон ҳайити кунини тартиб билан ва суннатга мувофиқ ўтказиш тавсия қилинади. Аввало, эрталаб барвақт туриб ғусл қилинади ва фитр садақаси берилади. Кейин эса масжидга бориб ҳайит намози ўқилади. Намоздан кейин одамлар бир-бирларини табриклаб, “Ҳайит муборак бўлсин” деб дуо қиладилар.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит кунлари хурсандчилик қилишга рухсат берганлар. Бир ҳадисда шундай дейилган:  

“Ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу кун эса бизнинг байрамимиздир.”

Бу ҳадис ҳайит куни мусулмонлар учун қувонч ва шукрона куни эканини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ҳайити мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин тутадиган муборак байрамдир. Бу кун одамларни яхшиликка, меҳр-оқибатга ва бир-бирига ёрдам беришга чорлайди. Ҳайитни суннатларга амал қилган ҳолда, ибодат, дуо ва яхши амаллар билан ўтказиш ҳар бир мусулмон учун катта савоб ҳисобланади.


Жиззах вилояти бош имом хатиби Меҳмонхон домла Жабборов

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид