​​Даюс бўлиб қолмай десангиз

​​Даюс бўлиб қолмай десангиз

imon.uz 2022-06-12 12:59:24 936

Шифокорга борганда, аёлимиз ёки қизимизни аёл шифокорга кўрсатайлик!

Аёлини эркак табибга олиб бориб, ўзи ташқарида турадиган кимсалар даюс саналадилар.

Онаси, аёли ва қизларини эркаклар билан аралаш ўтирадиган, ҳаром нарсалар еб-ичиладиган, рақсга тушиладиган базмларга юборадиган кимсалар даюс саналадилар.

Аёл либос олаётганда, бегона эркак сотувчининг ёнида кийимини ечиб, янги либосни кийиб кўрса ва бунга эри ёки ака-укаси ёки ўғли парво қилмаса, улар даюс бўлишади.

Онаси, аёли, опа-сингиллари ва қизлари узоқ сафарга маҳрамсиз чиқсалар, бунга эътибор бермайдиган маҳрамлар даюс саналадилар.

Балоғатга етган муслима қиз-аёлларнинг аврат саналган жойларини тўсадиган ва баданларини билинтирмайдиган либос кийишлари фарздир, тўсилиши фарз бўлган жойларни очиб юриш катта гуноҳдир.

Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан ташқари бутун баданидир.

Аёлини қизғониш лозим бўлганидек, онаси, опа-синглиси ва қизини ҳам қизғониш, номаҳрамлар билан гаплашишларига йўл қўймаслик керак.

Эркак бегона аёлга қарашдан кўзини тийиши лозим бўлганидек, аёл ҳам номаҳрам эркакка қарашдан кўзини тийиши керак.

Кўзни тиймасликка, даюсликка, аёлларнинг авратини очиб юришига, танасининг шакли, ранги билинишига сабаб бўладиган тор, юпқа ва калта либос кийишига сабаб ўша масъул эркакларнинг ўзи илмга муҳтож, ҳижобнинг фарзлигини, аёлини аврати очиқ ҳолда кўчага чиқармаслик кераклигини билмайди ёки билиб туриб, амал қилмайди. Демак, гуноҳлардан тийилмаслик рашк туйғуси йўқолиб боришига катта сабаблардан биридир.

Шунингдек, луқманинг ўрни ҳам катта.

Атроф-муҳит ва сериалларнинг таъсири ҳам бор.

Очиқ-сочиқ кийинувчи аёллар эркакларнинг кўз зиноси деб аталган гуноҳни қилишига, қалбига қора доғ тушишига, кўзининг, юзининг нури камайишига, импотент, простатит бўлишига сабаб бўляпти.

Баъзи аёл-қизлар Шариатимиз «Беркит!» деган жойларни беркитмагани сабабли, эркакларнинг ундай аёллардан кўзини тиймагани сабабли юртдан барака кўтариляпти. Аждодларимизга маълум бўлмаган касалликлар кўпайяпти.

Маҳрам аёлларини қизғонмайдиган эркакларга ва авратини беркитмай юрган аёл-қизларга айтамиз:

Ўзингизни тузатинг! Тавба қилинг! Кўзингизни очинг!

Баъзи эркаклар! Даюсликдан сақланинг! Маҳрамларингизни бегоналардан қизғонинг! Ҳаётдами, телефондами, бегоналар билан гаплашишларига йўл қўйманг!


Баъзи аёл-қизлар! Оилангиздаги сизга маҳрам бўлган эркакларнинг даюс бўлиб, Жаннатга кира олмай қолишига сабабчи бўлманг!


Мўминларнинг оналари, саҳобийя аёллар, солиҳа мўминалар, Увайсий, Нодира, Кумуш, Зебунисоларнинг қандай кийинганини ўрганинг.


Уятсизлик, беҳаёлик маданият эмаслигини, иффат, ҳаё, ор-номус маданият, зиёлилик эканини тушунинглар!


Юртимизга бало, офат, лаънат келишига сабабчи бўлманг!


Азиз эркаклар! Аёлларимиз, қизларимиз, сингилларимиз, набира қизларимизнинг кўчага кийиб чиқаётган кийимларини назорат қилайлик!


Улар чиқаётган хонадонда даюс эркаклар яшамаслигини, барчаси ҳамиятли, рашкли, мурувватли ва масъулиятли эркаклар эканини исботлайлик!


Аллоҳ таоло биз эркакларни даюсликдан асраб, иффатли, ҳамиятли, рашкли бўлишимизни насиб этсин! Аёлларимизнинг иффат ва шарму ҳаёларини зиёда айласин!

(Тамом)


Нозимжон Ҳошимжон

Миролим Миролим тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид