Динда ғулувга кетиш ман этилган

Динда ғулувга кетиш ман этилган

imon.uz 2021-04-01 04:57:05 624

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Дарҳақиқат Ислом – ҳаддан ошишликдан ҳоли бўлган мўътадил диндир. Мана шу Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам эргашишликка васият қилган тўғри йўлдир. Аллоҳ таоло айтади: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143).

Бироқ шайтон мусулмонларга қарши фитна қилишдан ғофил қолмайди ва бундан толиқмайди. Шайтонда фитнага соладиган ва залолатга бошлайдиган икки йўли бор. Биринчиси маъсиятларга мойил бўлган одамни, динга нисбатан ноқис ва совуққон муносабатда бўлишга чорласа, икикинчиси шайтон ибодат ва Аллоҳга итоатда тиришқоқ бўлганларни динда ғулув кетишликка чорлайди. Бундай одамга у динда ғулув кетишликни чиройлик қилиб кўрсатади, бу билан уни тўғри йўлдан адаштириб, ҳалок қилишни истайди.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!»» (Каҳф: 103-104).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ деди: «Ушбу оят умумий бўлиб, тўғри қилаётгани ва амаллари қабул бўлаётганини гумон қилиб Аллоҳга жорий қилинмаган услубда ибодат қилаётган барчага тегишлидир. Аслида эса у адашяпти ва амаллари рад қилинади» (Қаранг: «Тафсир Ибн Касир» 3/174).

Диндаги ғулув – бидъат, куфр ва ширк, асоссиз такфир, ноҳақ қон тўкишнинг сабабидир. Бу ишнинг оқибати ҳалок қилувчи ва улкан гуноҳлар бўлгани, унинг қанчалик ёмон эканига далолат қилади.

Динда ғулув кетиш қатъий ҳаром ва ҳалок қилувчи йўл экани ҳақида Қуръон ва Суннатдан далиллар

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг шариатида диндаги ғулув ва ҳаддан ошишлик ҳаром экани борасида қатъий кўрсатмалар мавжуд. Аллоҳ таоло яҳудий ва насороларга хитоб қилиб айтади: «Айтинг: «Эй аҳли китоб, динингизда ғулув кетманг ва (Ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳаволарига эргашманг!» (Моида: 77).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ деди: «Ушбу умматдан кимки насоро ва яҳудийларга тақлид қилса ва ҳаддан ошиш, ёки совуққонлик йўли билан динда ғулувга тушиб қолса, у ўшалардандир. Бу диндан учиб чиқиб кетган хаворижларнинг ҳолатидек. Хаворижлар Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) даврида пайдо бўлишган. Мусулмонлар улар билан мусулмонларга қарши чиққанлари учун Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрларига биноан жанг қилишган. У кишидан улар ҳақида ўн тарафдан саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган. Яна бу динда ғулув кетган рофизий, қадарий, жаҳмий, мўътазила ва ашарийларга ҳам тааллуқлидир» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 3/340-350).

Яна Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло насороларга хитоб қилиб айтади: «Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда унинг томонидан бўлган руҳдир холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! «(Тангри) учта (яъни, Аллоҳ, Марям ва Ийсо учалалари ҳам тангрилардир)», демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. Ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ якка-ягона ҳақ илоҳдир. У фарзандлик бўлишдан пок бўлган зотдир» (Нисо: 171).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Насронийлар эътиқод ва амал масалаларида бошқа одамларга нисбатан кўпроқ ғулув кетишади. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ Қуръонда уларга ғулув кетишни таъқиқлади» (Қаранг: «Иқтидо ас-сиротал мустақим» 1/328).

Шундай қилиб кўриб турганимиздек Аллоҳ таоло яҳудий ва насороларни ғулув кетишдан огоҳ қилган экан. Аммо улар Унга қулоқ солишмади, ҳадларидан ошишди ва ҳақ йўлдан оғиб кетишди.

Шунингдек Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини ҳам ғулув кетишдан огоҳ қилди ва шундай деди: «Туғёнга тушмангиз! Албатта, У зот қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир» (Ҳуд: 112).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Насоий 4/49, Ибн Можа 3029, Ибн Жаруд 473. Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Ибн Таймия, Нававий, Заҳабий, Аҳмад Шокир, Албоний ҳадисни саҳиҳ деди).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: ««Динда ғулув кетишдан сақланинглар» сўзлари умумий бўлиб, барча ғулувни ўз ичига олади, хоҳ у эътиқодда бўлсин, хоҳ амалда (бўлсин, фарқи йўқ)» (Қаранг: «ал-Иқтидо» 1/328).

Ибнул Асир раҳимаҳуллоҳ дедилар: ««Динда ғулув кетишдан сақланинглар» сўзларининг маъноси: динда ҳаддан ошиш ва чегарасидан чиқишликдир. Бу худди бошқа бир ҳадисда айтилганидек: «Дарҳақиқат ушбу дин мустаҳкамдир. Унда чуқур кетишда юмшоқ бўлинглар» (Аҳмад 3/199). Яна ҳадис: «Дарҳақиқат Қуръонга чуқур кетмайдиган ёки ундан узоқлашиб кетмайдиган ҳофизи Қуръонни икром қилиш, Аллоҳ таолони улуғлашнинг аломатидандир» (Абу Довуд 4843). Дарҳақиқат Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буни айтганларининг боиси, у зотга буюрилган одоб ва хулқларидан бири амалларда мўътадил бўлишлик кераклигидир. Амалларнинг энг яхшиси – ўрталикдир» (Қаранг: «ан-Ниҳоя» 3/382).

Шайх Али ибн Адам ал-Атюбий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» сўзлари борасида шундай дедилар: «Яъни дин масалаларидаги ғулув – аввалги умматларни ҳалок қилган нарсадир. Шу сабабдан ушбу умматга у (аввалги уммат)ларга тақлид қилишлик жоиз эмас (бўлиб), бунинг оқибатида у (аввалги уммат)ларга етган нарса уларга етмасин» (Қаранг: «Шарҳ Сунан ан-Насоий» 26/31).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғулув кетганлар ҳалок бўлишди!» дея уч бора такрорладилар (Муслим 2670).

Имом Хаттобий ушбу ҳадисни шарҳида шундай дедилар: ««Ғулув кетганлар» - масалага чуқур кетиб, мулоҳазага файласуфлар услубига тушадиганлардир. Улар уларга тегишли бўлмаган ва уларнинг ақллари тушуниб ета олмайдиган нарсаларда чуқур кетишади» (Қаранг: «Маъалим ас-Сунан» 4/277).


Мирзачўл тумани бош имом-хатиби

Байжанов Шуҳрат

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид