130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ЁШЛАРИМИЗНИ ОДОБИГА ЭЪТИБОР БЕРАЙЛИК (1)
imon.uz 2024-04-26 01:56:41 272Инсон ҳаётининг ҳар бир босқичи муҳимдир. Мазкур муҳим босқичлар ичида умрнинг ёшлик босқичи алоҳида аҳамиятга эгадир. Ешлик инсон умридаги энг нозик давр ҳисобланади. Ешлик инсоннинг қувватга тўлган ва ҳаракатчанлиги зиёда бўлган вақтидир. Шу билан бирга, ёшлик даври инсоннинг ҳаёт Піўлларининг чорраҳасида турган пайти ҳамдир.
Агар ўша чорраҳада инсон яхши йўлга кириб қолса, ўзи, оиласи, қариндошлари, халқи, ватани учун жуда катта яхшилик сари юз бурган бўлади. Бу уни дунё ва охират бахтига, саодатига эриштиради. Агар, Аллоҳ таоло кўрсатмасин, мазкур чорраҳада ёмон йўлга бурилиб кетса, ўзи, оиласи, қариндошлари, халқи ва ватани учун ўта кўнгилсиз ҳодиса сари қадам қўйган бўлади. Бу билан унинг дунё ва охиратда яхшиликка эришиши қийинлашиб қолади.
Ёшлар ҳар бир миллатнинг келажаги эканини ҳисобга оладиган бўлсак, уларга эътибор беришнинг аҳамияти яна ҳам зиёдалашади. Зотан, ҳар бир шахснинг ким бўлиши ёшлигидан аён бўлади, унинг камолоти айнан ёшликдан бошланади. Ёшлик пайтида шаклланиб қолган сифатлар инсонга умр бўйи ҳамроҳ бўлади. Шунинг учун ҳам ёшларнинг одобли бўлишлари учун харакат килиш жуда ахамиятли иш хисобланади.
Шу боис ҳам Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини - Исломда ёшларга алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло содиқ мўмин бандаларини сифатлашда уларнинг ёш эканликларини таъкидлагани ҳам келган.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади: «Албатта, улар Роббларига иймон келтирган йигитлардир» (13-оят).
Ёшлик даври инсон учун берилган илоҳий неъматлардан бири бўлиб, инсон мазкур неъматга шукр қилиши, бунда асло ношукр бўлмаслиги зарурдир. Ҳар бир неъматнинг шукри эса неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлаш ва энг муҳими, берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози қилдиган тарзда тасарруф қилиш ила юзага чиқади. Демак, ёшлик неъматига шукр қилиш айни ўша ёшлик ни Аллоҳ таолони рози қиладиган тарзда ўтказиш билан бўлади. Бунинг устига, ёшлик қиёмат куни ҳисобга олинадиган неъматлардан эканини ҳам унутмаслик керак.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва қаерга сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича, Робби ҳузуридан узилмайди»
Термизий ривоят қилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликнинг инсон боласи ғанимат билиши лозим бўлган беш нарсадан бири эканини таъкидлаганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: ёшлигингни қарилигингдан олдин, соғлигингни беморлигингдан олдин, бойлигингни камбағаллигингдан олдин, бўшлигингни машғуллигингдан олдин ва ҳаётингни ўлимингдан олдин».
Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Исломнинг ёшликка берган бу каби олиймақом аҳамияти бизларни унинг қадрига етишга чорлайди. Ёшликнинг қадрига етиш, уни ғанимат билиш ва ундан унумли фойдаланиш эса динимизда белгиланган ёшлик одобларига амал қилиш ила юзага чиқади.
• Ешлик одобларидан энг муҳими ота-онага яхшилик қилишдир.
Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш қанчалар олийжаноб иш эканини баён этувчи оятлар кўплигини ҳозирги кунда мусулмон бўлмаган кишилар ҳам яхши биладиган бўлиб кетишди.
Агар мазкур оятлар тўла келтириб ўтилганида, яхши бўлур эди. Аммо гапни чўзмаслик мақсадида фақат имом Бухорий ушбу бобга сарлавҳа қилиб олган оят бўлагини ва унинг қисқа тафсирини тақдим этиш билан кифояланамиз.
Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:
«Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик» (8-оят).
Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли, алоҳида эҳтиромга лойиқ кишилардир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Дунёда Исломчалик ота-онанинг ҳурматини юқори қўйган бошқа бирор таълимот, тузум йўқдир.
Ота-она мўмин бўлса ҳам, кофир бўлса ҳам, ким бўлишларидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзанднинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандликнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!» (23-оят).
Ушбу ояти каримада ягона маъбудга - Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Шундан сўнг бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».
Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир. Бу - бандалар ихтиёрига ташлаб қўйилган шунчаки иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик машғулоти ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгилхушлик ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.
Аллоҳнинг ибодатидан кейин келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга чақирганидан кейин шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукм бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда отаонанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема». - Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси – ота-онанг олдида «Уфф», дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар, деганидир.
«...уларга зажр қилма ва уларга яхши сўз айт!»
Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!
Демак, ёшлар ота-оналарига шариат кўрсатмаси доирасида қўлларидан келган барча яхшиликларни қилишга интилишлари лозим.
• Ёшлик одобларидан бири ёши улуғларни эҳтиром қилиш ва уларнинг тажрибасидан фойдаланишдир.
Ёшлар ўзидан катта ёшдаги ҳар бир кишини, хусусан, қари ёшдаги отахон ва онахонларни эҳтиром қилиши зарурлиги дипимизда катта аҳамият берилган одоблардан биридир. Ушбу ҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадиси шарифларида ўз ифодасини топгандир.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас», дедилар».
Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.
Барча мусулмонлар, хусусан, ёшлар катталарнинг ҳурматини, эъзозини жойига қўйишлари лозим. Бу иш мўминликнинг рамзи, Ислом жамияти аъзосининг белгисидир. Катта ёшдагиларга ҳурмат кўрсатмаган одам ана шу муборак рамзни йўқотади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бундай одам биздан эмас», деяптилар. Буни яхши англаб, амал қилишимиз, катталарга ҳамиша ҳурматда бўлишимиз керак.
Ашъарий айтади:
ДАВОМИ......