Ҳанафийликда саждага бориш ва ундан туриш

Ҳанафийликда саждага бориш ва ундан туриш

imon.uz 2021-03-25 12:36:46 1514

Сажда намознинг ички фарзларидан биридир. Инсон қодир бўла туриб, сажда қилмаса, яъни саждани қасддан тарк қилса, намози намоз ҳисобланмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен еттита суяк билан сажда қилишга буюрилганман”, – деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бизнинг мазҳабда сажда қуйидаги аъзолар билан амалга ошади:

1) Юз (пешона ва бурун);

2,3) Икки қўл;

4,5) Икки тизза;

6,7) Икки оёқнинг учи.

Саждага борилаётганда ерга яқин аъзолар бирин кетин ерга қўйилади, яъни, тизза, қўллар, юз. Саждадан тураётганда ердан узоқ аъзолар биринчи кўтарилади, яъни, юз, қўл тизза.

Заруратсиз ерга таяниб туриш макруҳ. “Фатавои Ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Агар намозхон сажда қилишни хоҳласа, аввало ерга яқин бўлган аъзони (ерга) қўяди. Бас (шундай экан), аввал тиззасини, сўнг икки қўлини, сўнг бурнини, сўнгра пешонасини ерга қўяди. Саждадан турганида аввал пешонасини, сўнг бурнини, сўнгра икки қўлини кўтаради...”.

 “Мухтасарул-виқоя” китобида эса: “(Намоз ўқувчи) рукудан сўнг такбир айтади ва сажда қилади. Саждага бориш асносида аввал тиззаларини сўнгра қўлларини ерга қўяди, (саждадан турганида) такбир айтади ва аввал бошини сўнгра икки қўли ва тиззаларини ердан кўтаради...”, – дейилган.

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилсалар, икки тиззаларини икки қўлларидан олдин қўярдилар. Турсалар икки қўлларини икки тиззаларидан олдин кўтарар эдилар” (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).

Ушбу ҳадисга кўра:

1. Саждага кетаётганда аввал тиззалар, сўнг қўл ерга қўйилади.

2. Саждадан тураётганда аввал қўллар, кейин тиззалар кўтарилади. Ҳанафий мазҳабига кўра, саждага бораётган одам аввал икки тиззасини, сўнг қўлини ерга қўяди. Қўлининг бармоқлари орасини очиб ё қаттиқ қисиб олмайди, ўртача ҳолда бир-бирига тегизиб жипс тутади. Қўлини икки қулоғининг юмшоғи баробари қилиб, юзини ерга қўяди.

Қўлларнинг тирсаклари қориндан узоқда ушланади, қорин эса икки сонидан узоқда бўлиши керак. Сажда вақтида оёқ бармоқлари қиблага қараши керак.

Сажда пайти пешона ва бурун тегиб туриши керак. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтадики:

“Пешона ва бурундан бири ихтиёрий ҳолатда тегиши жоиз. Саждада пешонанинг ўзи ерга тегиши, буруннинг тегмай қолиши, жоиз. Макруҳ эмас. Аммо пешона қолиб, буруннинг ўзи тегса, жоиз, бироқ макруҳдир”.

Имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад наздида пешона ерга тегиши шарт. Имкони бўла туриб, пешонани ерга қўймай сажда қилинса, бу сажда ҳисобланмайди. Саждада бурун билан сажда қилиш узр ҳолатларда мумкин.

Барча имомлар сажда вақти пешона ва буруннинг ерга тегишини мустаҳаб деб айтишган.

Сажда вақтида уч ёки ундан кўпроқ марта “Субҳана роббиял аъло” деб тасбиҳ айтилади. Тасбиҳ сони ками уч марта ва кўпайса, тоқ айтилиши яхшироқ. Имом мўътадил бўлиши керак, токи қавм малолланмасин.

Сажда вақти бош қаттиқ юзага қўйилиши керак. Пешона қарор топмайдиган, яъни ноқулай ва сирғаниб, ботиб кетадиган пахта ёки тариқ кабиларга сажда қилмоқ билан намоз дуруст ҳисобланмайди.

Икки сажданинг орасида ўтирилади. Бу ўтириш вақти “Субҳаналлоҳ” деб тасбиҳ айтиш вақти миқдорида бўлиши кифоя. Бу “қавма” дейилади ва суннатдир.

Саждага боришда, иккинчи сажда қилиш учун ўтиришда ва саждадан туришда “Аллоҳу акбар” деб такбир айтилади.

Хулоса:

1. Сажда намознинг фарзи.

2. Сажда рукудан кейинги фарз амал.

3. Рукудан саждага кетишда аввал тиззалар, кейин қўл, кейин юз ерга қўйилади.

4. Юз икки қўл орасига қўйилади.

5. Пешон ва бурун юзнинг қисмлари ҳисобланади.

6. Пешона ва бурун билан сажда қилиш мустаҳаб.

7. Узрли бўлмаган ҳолда пешона ерга тегмаса, сажда сажда ҳисобланмайди.

8. Сажда вақти тирсаклар қориндан узоқ бўлиши керак.

9. Сажда вақти қорин тиззага тегмаслиги, ораси очиқ бўлиши лозим.

10. Сажда вақти уч марта “Субҳана роббиял аъло” деб тасбиҳ айтилади.

11. Саждада тасбиҳни ками уч марта айтиш ва кўпайтирса, тоқ айтиш суннат.

12. Намозда икки сажда орасида ўтириш “қавма” дейилади ва қавма суннат.

13. Қавмада бир тасбиҳ миқдори ўтирилади.

14. Саждага боришда, саждадан туришда “Аллоҳу акбар” деб такбир айтилади.

Бизнинг диёрларда ҳанафийлик мазҳабига кўра ана шундай сажда қилинади.

(“Ҳидоя”, “Бадоеъус-саноеъ”, “Мажмаъул-мақсад” китоблари асосида тайёрлади)

 

 

Дўстлик туман бош имом-хатиби

Абдурасулов Аҳмад 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид