Ҳашвия фирқаси. Зоҳирия мазҳаби

Ҳашвия фирқаси. Зоҳирия мазҳаби

imon.uz 2022-06-21 01:24:42 346

Ҳашвия фирқасини муайян бир фирқа деб айтиш қийин. Чунки улар шаръий далилларни яхши тушунмайдиган турли гуруҳлар бўлишган. Ҳашвия фирқаси Қуръон ва суннатда келган зоҳири Аллоҳ таолонинг махлуқотларга ўхшаш эканига далолат қиладиган далилларни айнан ўшандай деб эътиқод қилишга уринадиган фирқа бўлган. Бу фирқа турли хато қарашлари туфайли “ҳашвия” деб номланиб қолган. Аслида حَشْوٌ  калимаси “бир нарсанинг ичига тиқилган нарса” маъносини англатади. Ушбу фирқанинг бундай номланиши ҳақида уч хил қараш бор: 

 1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларнинг ичига у зот айтмаган сўзларни киритиб қўйишгани учун “ҳашвийлар” деб номланган. 

 2. Улуғ тобеинлардан бири Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг дарс ҳалқаларига авом ровийлардан бир гуруҳ инсонлар келиб, у зотнинг ҳузурларида яроқсиз гапларни гапиришган. Шунда у зот: رُدُّوا هَؤُلاءِ إِلَى حَشَا الْحَلْقَةِ  яъни “анавиларни дарс ҳалқасининг ичига қайтариб қўйинглар”, деган. Шу сабабли улар “ҳашвийлар” деб номланган. 

 3. Бу фирқа Аллоҳ таоло ҳақида فِي حَشْوِ الْعَالَمِ   яъни, “оламнинг ичида” деганлари учун “ҳашвийлар” деб номланиб қолишган. 

  Бу мазҳаб фақиҳ Довуд ибн Али[1] томонидан шакллантирилган бўлса, кейинчалик Ибн Ҳазм Андалусий[2] томонидан ривожланти­рилган. Зоҳирия мазҳаби ақидада ҳам, фиқҳда ҳам алоҳида мазҳаб деб қаралади. Ибн Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ ақлни мутлақо инкор қилмаган. Балки шаръий ҳукмни фақатгина ақл яхши санагани жиҳатидан қабул қилишни инкор қилган. Ибн Ҳазм

 الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى

 оятидаги  اسْتَوَى калимасининг маъноси ҳақидаги баҳсларда унга اسْتَوَلَى  маъносини беришни ҳам, маконга жойлашиш маъносида тушунишни ҳам инкор қилган. Балки унга Аллоҳ таолонинг Аршга қилган феъли маъносини берган. Яъни, Аллоҳ таоло махлуқотларини Аршда интиҳосига етказган. Аршдан юқорида бирор махлуқот йўқ маъноси тушунилади, деган.

 Мазкур даврларда Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодига зид даъволар билан ундан ажралиб чиққанлар, асосан, ушбу фирқалар бўлган.

_____________________

  [1] Довуд ибн Али ҳижрий 201 (милодий 817) йилда Куфада туғилган. Қиёсни қабул қилмагани сабабли Зоҳирий номи билан танилган. Фиқҳ ва ҳадис илмлари билимдони бўлган. Ҳижрий 270 (милодий 884) йилда Баҳдодда вафот этган. 

[2] Абу Муҳаммад Али ибн Аҳмад ибн Ҳазм Андалусий ҳижрий 384 (милодий 994) йилда туғилган. Ибн Ҳазм Андалусийга имом, ҳофиз унвонлари берилган. Энг кўп китоб ёзган олимлардан ҳисобланади. “Иҳкам фи усулил аҳкам”, “Рисолатул баҳиро”, “Ахлоқ ва сияр” ва “Маротибул ижмо” каби кўплаб китоблари бўлган. Фиқҳ, ҳадис, усулул фиқҳ, тарих, одоб ва ҳоказо илмлар бўйича 400 атрофида китоб ёзгани айтилган. Ҳижрий 456 (милодий 1064) йилда вафот этган. 


  ("Эътиқод дурдоналари" китоби 3-нашри)

Оралов Усмонали

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид