ИЛМ АҲЛИНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛИШНИНГ ХАТАРИ

ИЛМ АҲЛИНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛИШНИНГ ХАТАРИ

imon.uz 2022-09-02 01:38:37 282

Нафси семириб, кўзини шира босиб ўзидан бошқаларни хотиржамлик билан ғийбат қилишни ўзига касб қилиб олган худбинлар кўпайиб кетгани сир эмас. Эгнига суннатга мос либос кийиб, ўзини тақводор кўрсатадиган айрим қўшюзли кимсалар борки, гапираётган ваъзига қулоқ солсангиз бошидан охиригача ғиж-ғиж ғийбат, фисқ-фасоддан иборат фитналар холос. Бир томондан мазҳаб имомларига тош отса, иккинчи томондан мазҳаб тобеларининг устидан кулишади. Халқни ҳаққа чорлаб турган меҳроб соҳиблари имом домлаларимиз ҳақида айтган куракда турмас иғволарини, марҳум шайх ҳазратларидек катта олимларни ҳам таъна тошларига кўмиб ташлашларинику, гапирмаса ҳам бўлади. Энг ачинарлиси, улар бу қабиҳликларини ўзларича “қурбат” ҳисоблашади. Бу ишлари билан ўзларини динга хизмат қилувчи содиқ ходим, дин ҳимоячилари деб тасаввур қилишади. Шу даражада ҳам аҳмоқлик бўладими?! Аллоҳ инсоф берсин!

Илм аҳлларини кўзга илмаслик, менсимаслик, уларнинг обрўсини тўкиш ҳаракатлари аслида дин душманларининг ишидир. Ҳақ йўлдаги дин олимлари шаънига дахл қилиб обрўсини тўкиш ўта хатарли иш бўлиб, бу динга қарши “қўл кўтариш” билан баробардир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматулоҳи алайҳ айтган экан: “Олимларнинг гўшти заҳарлидир. Ҳидлаган касал бўлади, еганлар эса ўлади!”.

Аҳли сунна вал-жамоада собитқадам олимлар илм аҳллари ҳақида фақат яхши гумонда бўли, яхшилик билан тилга олишга чақирадилар. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақийда”сида айтган:

و علماء السلف من السابقين و من بعدهم من التابعين اهل الخير و الأثر و اهل الفقه و النظر لا يذكرون إلا بالجميل و من ذكرهم بسوء فهو على غير سبيل

Собиқ салафлар ва кейинги тобеинлардан иборат аҳли илмларнинг ҳаммаси хайр, ривоят, фиқҳ, ва назариёт эгалари эди. Уларнинг номлари фафатгина яхшилик билан тилга олинади. Ким улар ҳақида номаъқул гап гапирса, унинг ўзи нотўғри йўлдадир.

Абдуллоҳ ибн Муборак айтган экан:

من إستخف بالعلماء ذهبت اخرته و من إستخف بالأمراء ذهبت دنياه و من إستخف بالإخوان ذهبت مروءته

Олимларни менсимаган кишининг охирати кетади, амирларни менсимаганлар дунёсидан айрилади, дўстларини менсимаганларни эса жавонмардлик тарк этади.

Абу Синон ал-Асадий айтган экан:

Илм толиби бирор диний масалани ўрганишдан олдин, одамларни ғийбат қилишни ўрганса, у қачон зафар топади?!”

Имом Аҳмад ибн ал-Азраъий айтган экан:

Илм аҳлининг ортидан, айниқса катта олимлар ортидан фисқ-фасод гап тарқатиш гуноҳи азимдир”.

Олимлар шаънига беадаблик қилганларнинг хотимаси хунук бўлиши катта эҳтимол билан ҳақиқат, Аллоҳ шундан сақласин!

Шофеъий мазҳабида Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Забийдий деган фақиҳ бир қози бўлган. Ҳижрий 710 йили дунёга келган. Бу киши ўз даврида катта олим бўлиб “Танбеҳ”га 24 жилд шарҳ ёзган. Яманда дарс берган, фатво айтган. Даврида сон-саноқсиз талабалари бўлган. Жамол Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ шу олимнинг сўнгги дамида ёнида бўлган экан. Қуйидагича ҳикоя қилади: жон топширар чоғи тили қоп-қора тусга кириб, ташқарига чиқиб осилиб иягига тушиб қолди. Буни эшитганлар, у одам имом Муҳйиддин Нававий ҳақида бўлар-бўлмас гапларни кўп қиларди. Шунинг оқибатида сўнгги дами шу аҳволга тушди, деб изоҳлашди. (ад-Дурар ул-камина. 4/106).

Бир олим ортидан ёмон гапларни тарқатиб, одамларга нотўғри маълумот бериб ўлган инсонга ўлимидан кейин ҳам ўша ёмонлиги тинимсиз бориб туради. Чунки расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “кимки бирор ёмон одатни пайдо қилиб кетган бўлса, унга ўша иш гуноҳи ва унга амал қилганларнинг гуноҳидан ҳам бир улуш бориб туради”, деб марҳамат қилганлар. Ҳақиқий бахтли инсон бу—ўзи билан бирга гуноҳларини ҳам дунёдан олиб кетган инсондир. Инсон ўлсаю ортидан жорий гуноҳларини қолдириб кетган бўлса, қиёматда қаттиқ қийналиши тайин. Аллоҳ сақласин.

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид