Ислом тарихига оид манбалар

Ислом тарихига оид манбалар

imon.uz 2021-05-29 12:17:53 432

Биз Унга муносиб ҳамд айтишдан ожиз бўлган бутун борлиқнинг Ҳолиқи Аллоҳ таолога ўзининг буюклигию азаматига муносиб ҳамду сано бўлсин. Оламларга раҳмат бўлиб келган саййидул муқтадо Муҳаммад алайҳиссаломга дуруд ва саловотлар бўлсин.    

 Аллоҳ таоло инсон зотини яратиб унга ақл неъмати, унинг воситасида эса илм таҳсилига имкон берди ва бунга унда қизиқиш, интилиш илҳом қилдики, инсоният бу неъматлар туфайли доимо тафаккур қилишдан, ўрганишдан ва кўрган билганларидан ибрат олишдан тўхтамайди. Шундай бўлиши ҳам керак, чунки бу ҳукмронлиги ва салтанати абадий бўлган Парвардигорнинг даъвати, инсонлар устидан жорий қилиб қўйган суннатидир. У Зот бирор ишини бежиз, беҳикмат қилмайди. Унинг ҳар бир ишида махлуқотлари унинг моҳиятига етишдан ожиз бўлган кўплаб хикматлар мавжуд. Аллоҳ таоло бу ҳикматлардан баъзиларининг хабарини Ўз каломида баён қилиб берган. Тарихдан ибрат олиш ҳам шулар жумласидан.

Зеро Аллоҳ таоло Қурьони каримнинг кўплаб ўринларида тарихий қиссаларни келтириб бандаларини уларнинг оқибатидан огоҳ этган. Жумладан, "Тоҳа" сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:    шундай қилиб, сенга ўтган наарсалар хабарини қисса қилиб берурмиз. Батаҳқиқ сенга ўз тарафимиздан зикрни бердик.[1]   

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида Пайғамбарлар, солиҳ кишилар ва уларнинг қавмлари билан ўртасида бўлган турли ҳодисаларни ҳикоя қилиб келтирган ҳамда инсонларни улардан ибрат олишга чақирган. Уламолар Қуръони каримни маъно жиҳатидан уч қисмдан иборат дейишади: 

1-Тавҳид   2-Шаръий аҳкомлар  3-Тарихий қиссалар   

Тавҳид - Аллоҳ таолонинг яккаю ёлғиз ибодатга ҳақли илох эканлиги, ундан ўзга илоҳ йўқлиги, бутун борлиқ унинг измида бўлган тенгсиз қудрат соҳиби эканлигини эътироф этишдир. Олимлар Қуръони карим тавҳидга чорловчи оятларга тўла эканлигини айтиб ўтишган,улардан зоҳиран, зимнан, ишоратан тавҳидга далолат қиладиганлари бор.  

Шаръий аҳкомлар - инсонларинг Аллоҳ таолога бўладиган ибодатлари ва бошқа инсонлар билан ўзаро бўладиган муомалотларига тегишли ҳукмлар бўлиб, улар шариатнинг аслини ташкил қилади. 

Тарихий қиссалар - Аллоҳ таолонинг каломида Пайғамбарлар, солиҳ одамлар ва уларнинг қавмлари билан ўртасида юз берган турли воқеа-ҳодисаларни ҳикоя қилиб келтирган оятлари бўлиб, улар ҳажм жиҳатдан Қуръони каримнинг катта қисмини ташкил қилади.Тарихий қиссаларни Ўзининг каломи шарифида зикр қилишида бир қанча ҳикматлар бўлиб, аввало, Набий алайҳиссаломга тасаллий учун эди. Зеро у зот қавмларининг ҳақ даъватга ижобат қилмаганидан қаттиқ изтиробга тушар эдилар.

Арнасой туман бош имом-хатиби

Аҳмад АХРОРОВ

 



[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тафсири ҳилол, -Тошкент. Ҳилол. нашр, 2012 б. 123. (Тоҳа сураси 99)

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид