Оила бошлиғининг вазифалари

Оила бошлиғининг вазифалари

imon.uz 09-07-2020 502

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одамни яратиб, унга жон ато қилди. Сўнгра жуфтини яратиб, икковидан ер юзига эркак ва аёлларни тарқатди. Улардан ҳар бирига ўзига хос хусусиятларни берди. Қуръони каримнинг Нисо сураси 1-оятида:

 “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!”, деб марҳамат қилган.

Абу Умомадан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 «Мўмин банда Аллоҳга бўлган имондан сўнг эришган энг яхши нарса амр қилса – итоат қиладиган, қараса – хурсанд этадиган, қасам ичса – уни оқлайдиган ва ғойиб бўлса – ўз нафсида ва молида унга яхшиликда бўладиган солиҳа аёлдир», деганлар. Ибн Можа ривояти.

Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг қандай оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши лозим?

Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу масалалар атрофлича ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз аёлнинг эр зиммасидаги ҳаққи эрнинг ўзига ҳам, молига ҳам тегишли, аёлнинг эри зиммасидаги маҳр ва нафақа сингари молиявий ва шахсий ҳақлари бор эканини қуйидагича баён қилганлар:

1. Эр хотинига хушфеъл бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт ўтказиши, унга озор етказмаслиги керак. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига яхшиларингиздир» сўзларига амал қилган бўлади. Имом Термизий ривоят қилган.

2. Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак. Бундай қилиш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан.

Зеро, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан: «Расуллулоҳдан бошқа оиласига меҳрибонроқ бирор кишини кўрмадим» ривоят қилинган. Имом Муслим ривояти.

3. Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши керак. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолга бепарво бўлмаслиги лозим. Аммо ёмон ўй, талабчанлик ва гумон қилишда ҳаддан ошиш дуруст эмас.

Чунки Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак киши оиласига ишонмай ёки хатоларини излаб кечқурун келишдан қайтарганлар». Имом Муслим ривояти.

4. Эр хотиннинг ўзига алоҳида жой қилиб бериши керак.

5. Эр хотинга бериши лозим бўлган маҳрни қанча бўлса-да, тўлиқ бериши керак. Маҳр танҳо хотиннинг ҳаққидир.

6. Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини исроф этмай, етарли таъминлаши керак. Эр харжлари учун ажр ва савобга эришади.

Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида шундай келган: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Сен Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай харжинг учун ажр оласан. Ҳатто хотининг оғзига солган таоминг учун ҳам сенга ажр бор» дедилар.

7. Эр хотинига диний масалаларда бош маслаҳатчи ҳисобланади.

8. Эр агар хотини исён ва ахлоқсизлик қилса, уни тўғри йўлга солиш учун одоб ўргатиши керак. Бу хотинни ўзига бўйсунишга ундаш учун эмас, балки биринчи навбатда Аллоҳ таолога итоат этишга ундаш мақсадида бўлиши зарур. Хотин бирор ҳаром ишга қўл урса, эр бунга бепарво бўлмаслиги лозим. Зеро, эр унинг қўриқчиси ва унга масъулдир. Аммо унга одоб беришни босқичма-босқич олиб бориши даркор.

9. Эр хотинининг иффатини сақлаши, хотинини ҳаромдан ҳимоя қилиш вожибдир.

10. Эр хотинни на сўз билан ва на феъли билан сўкиб, айблаб, ҳақоратлаб, ёмонлаб пастга урмаслиги, унинг жисми-ю хулқини, оиласи-ю яқинларини камситмаслиги керак. Зеро, бу мусулмон ахлоқига мутлақо тўғри келмайди.

11. Эр хотинини яхши кўрса, жуда ҳурматлаши, ёмон кўрса, зулм қилмаслиги керак. Истаса, чидаб яшасин ё яхшиликча ажралсин. Аёлни фақат мардлар қадрлайди, пасткашлар эмас.

Жиззах вилоят вакиллиги

матбуот котиби

Усмонали Оролов 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид