ОТА ЭҲТИРОМИ

ОТА ЭҲТИРОМИ

imon.uz 13-02-2020 1063

Бу воқеага ҳаж пайти Масжидул Ҳаромда гувоҳ бўлганман. Пешин намозини кутиб, тиловат ва зикр қилиб ўтирган эдим. Каъбани минг-минглаб ҳожи тавоф қиляпти. Шу пайт ёнгинамизга бир йигит ногиронлар аравачасида ўтирган бир қария билан келиб қолди. Аравачани сафга қўйиб, ўзи унинг орқасидаги халтачадан кичикроқ тоғорача ва сувидиш олди. Кўксига осилган ёрлиқдан унинг Доғистондан экани кўриниб турарди. Қизиқсиниб турганимни кўриб, гап очди: — Отам анчадан буён дард чекадилар. «Бу йил ҳажга олиб борасан, келгуси йилгача борманми-йўқми», деб туриб олдилар. Яхшиям аравача бор экан, шунда ибодат қилдириб юрибман. Бомдод намозига олиб келувдим. Намоздан кейин ухлаб қолиб, таҳоратлари синди. Бохабар бўлиб турсангиз, мен сув олиб келиб, таҳорат қилдириб қўярдим. Идишини кўтариб, сувга кетди. Ҳатто қўлларини қимирлатишга кучи етмаётган, нурсиз кўзларини очиб туришга ҳам мажоли қолмаган отахоннинг бунчалик машаққатли сафарга ғайрат қилганига тасанно айтиб ўтирардим. Шу пайт доғистонлик йигит келди, тоғорачани отанинг тиззасига қўйиб, уни таҳорат қилдира бошлади. Кейин тоғорачани ерга қўйиб, оёқларини ювишга киришди. Таҳорат қилдириб бўлгач, сочиқ олиб, отахоннинг ювилган аъзоларини бирма-бир артди. Кейин аравачани Каъба тарафга тўғрилади-да, ёнига жойнамоз солиб, ўзи ҳам намоз ўқишга киришди. Қари отасини узоқ Доғистондан ҳаж қилдиргани аравачада олиб келган, уни ҳар куни ибодат учун Ҳарамга етаклаб келаётган, кунига бир неча марта таҳоратигача қилдираётган бахтиёр ўғилнинг ҳимматига тасанно айтиб ўтирар эканман, беихтиёр ичимдан шундай оғриқли гаплар отилиб чиқди: «Эй отани ҳурматлашни унутиб қўйган, унга итоат қилмаётган, дилини оғритаётган, улғайтириб-тарбиялаган бузрукворидан хабар олмай, ўз ҳолига ташлаб қўйган, ҳақоратлаётган, ҳатто қўл кўтаришгача борган, қариялар уйига олиб бориб ташлаган нобакор фарзандлар! Отани ҳурматлашни, унга эҳтиром кўрсатиб, дуосини олишни мана бу йигитдан ўрганинг! Зеро, ота дуоси, унинг розилиги жаннат эшикларининг очқичидир! 


Кўҳна Дунё ривоятлари китобидан 

Миролим Мансур таёрлади 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид