Ота улуғ зот

Ота улуғ зот

imon.uz 2021-03-02 12:12:43 528

Бу дунёда яшаётган ҳар бир инсон учун унинг ҳаётидаги инсоний алоқалар муҳим ўрин тутади. Ислом динида бундай алоқаларга алоҳида эътибор берилиб, барча алоқаларни гўзал тарзда олиб боришга ундайди. Инсонлар ўртасидаги муносабатларда Ота билан фарзанд алоқаси энг муҳим оила ришталаридан саналади. Ота учун фарзанддан яқин кимса бўлмагани каби, фарзанд учун ҳам отадай меҳрибон, ғамхўр инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Фарзанд дунёга келиб, ҳаётда ўз ўрнини топишда отанинг алоҳида хизматлари бор. Оталар оиланинг узоғини яқин, оғирини енгил, йўғини бор қилиш учун доимий ҳарактда бўладилар. Улар оиласи, фарзандларининг яшаши учун уй-жой бошпана ҳозирлайдилар. Оила аъзоларининг кийим кечагу-ейиш ичишларини ҳам ҳозирлайди. Фарзандларнинг таълим тарбияси билан машғул бўлиб, уйлаб –жойлайди. Борингки ҳар бир оиланинг равнақи ва келажаги учун энг кўп жон куйдирадиган инсон асосан оталардир. Оталаримиз биз учун тер тўкиб ҳаракат қилаётганларини, қўлларидан келадиган яхшиликларни фақат фарзандларига аташларини яхши билишимиз, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлишимиз, айтганларини бажаришимиз, оталаримиз ҳориб-чарчаган пайтларида ва ёрдам керак бўлганида дарҳол кўмакка шошилишимиз ва фарзандлик вазифасини бажаришга ҳамиша тайёр туришимиз лозимдир. Адолат мезони уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларини муносиб тақдирлашни тақоза этади. Шу ўринда муҳим бир ҳақиқатни эслатиб ўтишга тўғри келади. Ҳурматли жонкуяр оталар фарзандлар камолоти, уларни чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида, бор куч-ғайратларини, молу дунёларини, ҳаттоки жонларини ҳам фидо қилишади. Ўғил қизларининг одоб ахлоқини илм салоҳиятини ўнглашади. Фарзандига келган бало қазоларга кўксиларини қалқон қилишади. Замон албатта бир жойда қотиб турмайди. Бир кун келиб кечагина навқирон ва бақувват бўлган ота кексайиб қадди дол бўлиб, соғлигига путир етиб,кўзларидан нур ,белларидан қувват кетиб,ҳар ишда ўзгалар ёрдамига мухтож бўлиб қоладилар. Ҳаёт қонуниятига кўра, кечагина ожиз ва нотовон фарзанд бугун улғайиб, куч-қувватга тўлади, ақли, фикри, иқтидори юксалади. Ана шундай пайтларда фарзандлар оталаридан инсонийлик қарзларини узишлари, яъни уларга гўзал тарзда муомала қилишлари, уларнинг шаънига доғ туширмайдиган муносиб инсонлар бўлишлари қўлларидан келганича уларга ёрдам беришлари керак бўлади. Ота онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Ислом динига тенг ҳам яқин ҳам кела олмайди. Ота онани ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, ибратли хикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар, дунё тарихида мисли кўрилмаган олий даражадаги кўрсатмалардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида ота-оналарга яхшилик қилишга буюрган. Афсуслар бўлсинки, баъзи бир ёшларимиз бу илоҳий таълимотни унитиб,оталарига қўпол муомалада бўлиши ва илтимосларини бажаришни ҳам унитиб қўйишмоқда. Уларнинг дилини ранжитадиган, ўзининг ёмон хулқи билан эл-юрт орасида отасини шарманда қиладиган, ҳаттоки отага қўл кўтарадиган фарзандларнинг борлиги ҳам ачинарлик бир ҳолатдир. Энг ёмони шундаки баъзи ноқобил фарзандлар, бойлик ва имкониятлари бўла туриб, оталари кексайгач, ожиз ва кўмакка мухтож бўлишганида уларни иззат икром қилиб парваришлаш ўрнига ё қаровсиз қолдириб ташлаб қўйишади,ёки қариялар уйига ташлаб келишади. Кексайган оталарининг хонадонларига келтирадиган файз-у барокатларидан манфаатланиши, дуоларини олиш ўрнига аксинча дийдорига зор қилиб хўрлашади.

Шу ўринда хадиси шарифларга муражаат қиладиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади”, деганлар.

Доно халқимизда “Нима эксанг шуни ўрасан”, “Ота рози-Худо рози” каби пур маъно хикматлар бор. Демак, ҳар бир фарзанд бу хикматлардан тўғри хулоса чиқариб, ўзларини ўнглаб олишлари, хато камчиликлар қилган бўлса, тезлик билан оталаридан узр сўраб, кўнгилларига хурсандчилик киритиб, дилларидан азиятларини кетказиш харакатида бўлиши керак. Алломалардан бири шундай деганлар: “Тўрт тоифа инсонни ҳурмат қилиш суннатдир; олимни, оқсоқолни, подшоҳни ва отани”. Киши отасининг исмини айтиб чақириши одобсизликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар “Агар ораларингизда мункиллаб қолган қариялар, ўтлаб юрган ҳайвонлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилар эди” деганлар.

Аллоҳ таоло кекса ёшдаги ота-оналаримизни ўзининг ҳифзу химоясида сақласин, халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган холис дуоларини ижобат айласин. Ёшларимизга инсоф ва тавфиқ бериб, оталарини эъзозлайдиган, уларга ҳармат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан бўлишини насиб айласин.

 

Пахтакор тумани “Шомурод ота”

жоме масжиди имом-хатиби

Отабек ЮЛДАШЕВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид