ШАЙХ МУҲАММАД АЛИ СОБУНИЙ

ШАЙХ МУҲАММАД АЛИ СОБУНИЙ "ИСТИВО" МАСАЛАСИ ҲАҚИДА

imon.uz 2022-07-23 01:02:43 426

Аллома Шайх Муҳаммад Али Собуний раҳимаҳуллоҳ Қуръони карим ва Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларини қойил мақом услубда таълим берган замонамиз уламоларидан саналар эдилар. Шайх Муҳаммад Али Собуний ҳазратлари 1930 мелодий сана Суриянинг илм ва уламолари билан машҳур бўлмиш шаҳри Ҳалабда, диндор, олим оиласида дунёга келганлар. Ислом шариатининг барча соҳасига, хусусан Қуръони карим тафсирига бағишланган баракотли ҳаёт кечириб, 2021 йил, 19-март жума куни Туркияда оламдан ўтдилар. 

Олим Ислом илмларига оид элликдан ортиқ асарлар таълиф қилган бўлиб, улардан “Софватут-тафосир”, “Равоиул-баён фий тафсири оётил-аҳком” ҳамда “Мухтасар тафсири Ибн Касийр” каби китоблари Ислом оламида машҳурдир. Шайх Собуний ҳаётларини Қуръони карим ва суннати набавийя хизматига сарфладилар. Исломнинг мусаффолиги ва бағрикенглигини ёритувчи асарлари билан илмий-маърифий кутубхоналарни бойитдилар ва ҳақли равишда “Китоб ва суннат ходими” унвонига эга бўлдилар. 

Шайх Муҳаммад Али Собуний раҳимаҳуллоҳнинг кўп асарлари инглиз, француз, рус, форс, урду ва бошқа тилларга таржима қилинган. Қуръони карим тафсири соҳасига бағишланган таснифлари чуқур илм, кенг маъно ва гўзал ифода ҳамда осон ибораси билан ажралиб туради.

Шайх Собуний раҳимаҳуллоҳ ақидада Ашъарий бўлганлар ва сохта салафийлар ва бемазҳабларнинг бузуқ ақидасини кескин танқид остига олганлар. Қуръони каримдаги муташобиҳ оятларни тафсирида асосан тафвиз қилиш — илмини Аллоҳ таолога топшириш лозимлигини таъкидлаб келганлар. Хусусан ҳозирги кунда сохта салафийлар томонидан ўзларининг нотўғри ақидаларига асос қилиб олаётган "Аллоҳ Аршга истиво қилди", мазмунидаги ояти каримани ҳам аҳли сунна манҳажига кўра тафсир қилганларини кўришимиз мумкин. Мисол учун Аъроф сурасининг 54-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

إِنَّ رَبَّكُمُ اللَّهُ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ يُغْشِي اللَّيْلَ النَّهَارَ

"Албатта осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршга "истиво" қилган Роббингиз кечани кундузга қоплайди". 

“Сўнгра Аршга астиво” қилган” яъни, ўзининг улуғлигига муносиб, бирор ўхшашсиз, бирор тимсолсиз, истиво қилган. Шундай тушуниш олдинги ўтган уламоларимизнинг тутган йўлидир. Имом Молик: “Истиво маълум (яъни луғавий маъноси), қандайлиги номаълум, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақида сўраш бидъатдир”, – деганлар. Имом Аҳмад: "Сифатларнинг хабарлари қандай келган бўлса, шундайлигича бирор нарсага ўхшатмасдан ва инкор қилмасдан гапирилади. "Қандай?", "Нима учун?", дейилмайди. Биз бирор васф қилувчи васф қилолмайдиган ва бирор ифодаловчи ифода қилиб бера олмайдиган даражада унинг Ўзи қандай хоҳлаган бўлса, ўша хоҳлаганидек Аршга "истиво" қилганига имон келтирамиз. Оят ва ҳадисни ўқиймиз ҳамда улардаги нарсаларга аниқ ишонамиз. Сифатларнинг қандай эканини Аллоҳ таолонинг илмига топширамиз”, – деганлар” (1-жуз, 383-бет). 

Сохта салафийлар ушбу ояти каримадаги "истиво" калимасини "ўрнашди", деб маъно берадилар. Бунинг ортидан "Аллоҳ таоло Аршнинг устида ўрнашган" деган нотўғри эътиқодга борганлар. Аслида ўтган салафи солиҳларимиз ушбу ояти каримдаги "истиво"нинг луғатда - ўрнашиш, баробар бўлиш, ростлашиш каби 15 дан ортиқ маънога далолат қилсада, уларни Аллоҳ таолога нисбатан қўлланилганда нима назарда тутилган маълум эмаслгини, шунинг учун унинг илмини Аллоҳ таолога ҳавола (тафвиз) қилиш энг тўғри йўл эканини таъкидлашган. Ушбу маънони Шайх Собуний раҳимаҳуллоҳ ҳам таъкидламоқдалар.  


Абдулатиф Турсунов      

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид