Шайтон қачон тўғри гапирган?

Шайтон қачон тўғри гапирган?

imon.uz 22-01-2020 882

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Мени Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам рамазон закоти сақланадиган маконга қаровул қилиб, бу ерга ҳеч кимни яқинлаштирма, деб тайинладилар.

Қаровуллик қилиб ўтирганимда бир кишини таом ўғирлаётганини кўриб қолдим. Уни ушлаб олиб, сени Расулуллоҳга олиб бориб, устингдан шикоят қиламан, дедим. У:

“Эй Абу Ҳурайра, мен камбағал, муҳтож, қарздор одамман. Таомга жуда муҳтожман, болаларим бор мени қўйиб юбор”, деди. Уни қўйиб юбордим. Тонг отгач Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:

“Эй Абу Ҳурайра, кечқурунги асирингни нима қилдинг?”, дедилар. Мен Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам у киши ҳақида қаердан билдилар экан, деб ажабландим? Ва у зотга самодан ваҳий бўлгани аниқ, деб ўйлаб:

“Ё Расулуллоҳ ўта муҳтожлигини ва болалари борлигини айтди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, дедим. У зот:

У сени алдабди, у яна келади” дедилар. Билдимки у албатта яна келади. Чунки Расулуллоҳ шундай дедилар. Ҳеч ким кўрмайдиган жойда уни келишини кутиб ўтирдим. У яна келиб, таомдан ола бошлади. Уни яна ушлаб олиб:

“Сени Расулуллоҳга олиб бориб, устингдан шикоят қиламан”, дедим. У яна:

“Мен камбағал, муҳтож, қарздорман. Таомга жуда муҳтожман, болаларим бор мени қўйиб юбор, бошқа қайтиб келмайман”, деди. Унга раҳмим келиб қўйиб юбордим. Тонг отгач Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:

Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ қаттиқ муҳтожлигини, болалари борлигини айтди, раҳм қилиб қўйиб юбордим”, дедим.

У сени яна алдабди, у яна келади”, дедилар. Учунчи марта яна кузатиб, таом олаётганида ушлаб олиб унга:

“Сени Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бораман. Бу сафар қўйиб юбормайман. Ҳар сафар қайтиб келмайман деб алдайсан. Яна келаверасан”, дедим. У:

“Мени қўйиб юборсанг сенга фойдали сўзларни ўргатаман”, деди.

“Нима экан у?”, дедим. У:

“Ухлаш учун тўшакка келганингда “Оятал кусий”-“Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳаййул қаййум” (Бақара сураси 255-оят) ни охиригача ўқигин, Аллоҳ сени сақлайди ва тонг отгунча Шайтон сенга яқинлаша олмайди”, деди. Мен уни қўйиб юбордим. Тонг отгач Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:

“Эй Абу Ҳурайра, тунда асиринг нима қилди?”, дедилар. Мен:

“Ё Расулуллоҳ у менга фойдали деб гумон қилган калималарини ўргатди, уни қўйиб юбордим”, дедим. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:

Нима у?”, дедилар.

“У менга ухлаш учун тўшакка келганингда “Оятал кусий”ни аввалидан охиригача ўқисанг, оят тугаши билан, тонг отгунча Шайтон сенга яқинлаша олмайди, Аллоҳ сени сақлагувчи бўлади, деди”, дедим. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:

У каззоб бўлса ҳам бу сафар сенга тўғри сўзлабди”, дедилар. Сўнгра Расулулоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:

“Эй Абу Ҳурайра, сен билан уч кундан бери гаплашаётган одам кимлигини биласанми?”, дедилар. Мен:

“Йўқ, ё Расулуллоҳ”, дедим. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:

“У Шайтон”, дедилар”.

Яъни таом ўғирлагани келган киши Шайтон экан. У Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг олдига инсон суратида келган экан.

Қиссадан олинадиган фойдалар:

1-Мусулмонни бир ишга масъул қилиб қўйилса ҳеч бир кишига ўғирлик қилишига йўл қўймаслиги, ишончли бўлиши лозим.

2-Мусулмон Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан қандай калима чиқса ҳам уни тасдиқ қилиши лозим.

3-Мўмин баъзида мўмин бўлмаган кишидан ҳам фойдали гапларни ўрганиши мумкин. Ҳудди Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шайтондан шайтонга қарши бўладиган қуролни ўрганганлари каби.

4-Мусулмон Шайтон унга яқинлашмаслиги учун ётишдан олдин “Оятал курсий”ни ўқиб ётиши.

                                       

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид