Шукр қилайлик

Шукр қилайлик

imon.uz 08-07-2020 841

Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб, ер юзидаги турфа наботот, ҳайвонот ва жамодотни уларга бўйсундириб қўйган. Аллоҳ инсонни жонли, онгли, соғлом, имонли, эътиқодли, мухлис мўмин қилиб яратгани энг улуғ неъмат. Аллоҳ таоло бу ҳақда “Тийн” сурасининг 4-5 оятларида: “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хуш сурат (шаклда)  яратдик”, деб марҳамат қилган.

Инсоннинг ҳаёт кечириши учун куч-қувват, жисмоний баркамоллик, саломатлик, уйқу, хотиржамлик, тинчлик осайишталик кабилар ҳам ниҳоятда кераклидир. Банданинг Аллоҳ розилигини топиши учун зарур имон, илм, ибодат, ихлос, ҳидоят ва ахлоқ каби ухровий неъматлар эса ҳаммасидан ҳам қийматли ва муҳимдир. Неъматларнинг афзали охират саодати ва Парвардигор висолидир. Ҳаммамиз энг афзал, турли неъматлар ичидамиз. Аллоҳ таоло моддий ва маънавий неъматларини мукаммал бериб қўйган, бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани-Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос.

Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кишидир”, деганлар.

Мустақиллик йилларимизда мамлакатимизда амалга оширилган барча, яъни диний ёки дунёвий соҳадаги ислоҳот ва ўзгаришларга диққат билан назар солсак, уларнинг марказида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти, фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги каби бир-биридан буюк мақсадлар  турганига гувоҳ бўламиз.

Бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солмоғи, борига шукр қилмоғи лозим. «Неъматнинг қадри кетганда билинади», деган сўзни кўп бора эшитганмиз. Ушбу сўз ҳақида бироз мулоҳаза қилсак, олам-олам маъноларни топган бўлар эдик. Неъмат деб, Аллоҳ таоло томонидан берилиб, эвазига шукр талаб қилинган қадри юксак нарсага айтилади.

 Бахт, ҳузур-ҳаловат ҳақида ҳар кимнинг ўз фикри, қараши бор. Баъзилар кўркам, замонавий жиҳозларга тўла уйда яшаш, яхши кийимлар кийиш, истаган нарсасига етишни ҳаёт лаззати деб ўйлайди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

Биз кўпинча одамлар ва нарса-ҳодисаларнинг зоҳирига - ташқи кўринишига қараб баҳо берамиз. Лекин синчковлик билан назар ташласак, адашганимизни англаймиз. Турмушимизда сон-саноқсиз нарсалар бўлгани ҳолда, унда энг муҳим нарса - қаноат ва шукроналик ҳисси бўлмагач, ҳаёт тарзимиз қандайлигидан қатъи назар, кўнглимиз таскин топмайди. Ҳаловат қўрғонимизни сабрсизлик, ношукрлик безовта қилаверади. Аслида қаноат - бебаҳо неъмат. Унга эга бўлган кишининг қалби ҳамиша осойишта. Баъзилар эса бойлик орттираман деб хотиржамлигини бой беради. Яна шундай инсонлар ҳам борки, кийимларида ортиқча ҳашам йўқ. Дастурхони тўкин-сочин эмас. Уй-жойини ҳам кўз-кўз қилиб мақтай олмайди. Аммо ҳаётдан ҳамиша мамнун бўлиб яшайди. Бир талай муаммолари бўлса ҳам, юраги  ғашланмайди. Ойлик маоши баъзан рўзғорига етмаганидан кимдандир қарз олади. Бироқ кечаси тинч ухлайди. Тақдиридан мамнун ҳолда уйғонади. Болаларининг кулгисидан завқ олади. Барчаси учун шукрона айтади. Яхши ниятларига етишиш учун савоб амалларини давом эттиради.

Зеро, ҳаёт лаззати тўкин-сочинликда, ҳамма нарсанг муҳайё бўлишида эмас, борига розилик ва шукр айта билишдадир.

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, улар тинч-омон, аҳил –иноқ яшаб келмоқдалар.

Ҳаётнинг барча соҳаларида тараққиётга эришиш, камолотга етишиш бир лаҳзада бўлиб қолмайди. Бунинг учун фарзандларимизни сабр-бардошли бўлишга, илм йўлларини осонлаштиришга, илм олишга қизиқтириш, рағбатлантириш томонларига ҳам катта аҳамият беришимиз даркор.

Агар биз мана шу ато этилган неъматларга шукр қилиб зиммамиздаги бурч ва вазифаларни адо этиб борсак, Яратган эгам ояти каримада Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қиламан”  - деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир. (Иброҳим 7-оят)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 Улуғ ватандошимиз Абу Лайс Самарқандийнинг қуйидаги сўзлари ибратлидир: 

 Оқил киши дунёдаги ризқига рози бўлади ва мол тўплашга ружу қўймайди. Охират амаллари билан шуғулланади. Чунки охират қарор топиш ва неъматлар уйидир. Дунё фонийлик уйидир.

Шундай экан, нафс, турли ҳойи-ҳавас ботқоғидан чиқиб, сабр-қаноат, шукроналик йўлидан борайлик. 


Дўстлик туман бош имом хатиби

Абдурасулов Аҳмад 


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид