Тилни ғийбатдан сақланг

Тилни ғийбатдан сақланг

imon.uz 11-10-2019 45

   Инсонлар орасида кўп учрайдиган зарарли иллатлардан бири бу ғийбат қилишдир. Аввало ғийбат ўзи нима? Ғийбат - бир кишини унга ёқмайдиган сифатлар билан сифатлашдир, зеро Аллоҳ таоло, ўзининг каломи Қуръонда, ғийбатнинг ёмонлиги ҳақида кескин айтиб, ғийбат қилганни ўликнинг гўштини еганга ўхшатгандир. Жумладан:“Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир! Бир-бирингизнинг айбларингизни кавлаштирманг ва айримларингиз ҳам айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарларининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бунданда ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибон Зотдир.”(Ҳужурот сураси, 12-оят.)

 

Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюрадиларки:

 Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли, иффати ва номуси бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Ғийбатдан сақланинг!

         Ҳолбуки, ғийбат қилганни тўғридан-тўғри кечириши қийин. Фақат ғийбат қилинган киши кечиргандан кейингина афв этиши мумкин. Ғийбат қилган киши майдонга бир тўп қўйиб, ўнгу сўлни замбарак ўқидан совурган кимсага ўхшайди. Ғийбат қилганда, унинг қилган гўзал амаллари ўнгга-сўлга совурилган бўлади. Ким мусулмон биродарининг номига доғ тушириш мақсадида уни ғийбат билан қийнаса, қиёмат куни Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида турғизади. Қилган ғийбати қайтиб олинмагунча у ўша жойдадир. Ғийбат биродарингнинг ортидан ўзи эшитиб қолса хафа бўладиган айб-нуқсонини айтишингдир. Кишининг жисмоний камчилигини, зоти, хатти-ҳаракатлари, сўзи, диний ва дунёвий жиҳатлари, ҳатто либоси ва уловининг қусурини айтмоқ, уни кавлаштирмоқ демакдир. Дастлабки соф мусулмонларнинг баъзи бирлари биров тўғрисида «Кийими қисқа ё кийими узун!» тарзида айтилган сўзни ҳам ғийбат деб ҳисоблаганлар. Шундай бўлгач, нега энди кишини хафа қиладиган сўз айтилганда, бу ғийбат бўлмасин?!

        Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Ғийбатдан сақланинг! Чунки унда уч офат бор:

1. Ғийбатчининг дуоси қабул қилинмайди.

2. Қилган хайрли ишлари қабул этилмайди.

3. Ғиибатчининг устида гуноҳлар бирлашади”, деб таъкидлаганлар.

        Ғийбат қилган кишининг зиммасига тушган юк шундан иборатки, у ғийбат қилгандаврасидан туриб кетмасдан бурун ва иғво қилинганнинг қулоғига етмасдан бурун тавба-истиғфор қилсин, чунки қилинган ғийбат, ғийбат қилинганнинг қулоғига бормасдан аввал тавбаси қабул қилинса, афв этилади! Лекин, ғийбат қилинганнинг қулоғига етиб боргандан кейин афв этилмайди, фақат иғво қилинган киши билан розилашгандагина афв этилади. Шунинг учун бу зарарли иллатдан сақланмоғимиз, тилимиз ва дилимизни пок тутмоғимиз лозим.

 

Манбаълар асосида Бахмал тумани "Ар-Роҳман" жоме

масжиди имом-хатиби Абдазов Абдухолиқ тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид