Ваҳдатул вужуд ва ваҳдатуш шуҳуд

Ваҳдатул вужуд ва ваҳдатуш шуҳуд

imon.uz 2021-09-03 11:06:33 551

Ваҳдатул вужуд, отам роҳимаҳуллоҳнинг таъкидлашларича, фалсафий маъноси билан сўз ва ақида сифатида ботилдир. Бунга эътиқод қилган кишининг кофир бўлишига жазм қилгандилар. Ваҳдатуш шуҳуд бўлса, борлиқ ва халқда Холиқнинг сифатларига шоҳид бўлишдир. Уни иймоннинг энг муҳим натижа ва самараси дея таъкидлардилар.

Отам кўпгина дарс ва муноқашаларида шарҳлаган ваҳдатул вужуднинг фалсафий маъноси – Холиқ ва махлуқнинг вужудини битта борлиқда деб эътиқод қилиш эди. Шундан келиб чиқиб, Холиқ қаерда топилса, махлуқ Унинг вужудининг бир бўлаги сифатида мавжуд бўлиши керак эди. Агар бундай демасак, Холиқ вужудининг якка ўзи бўлиши, ноқис вужуд ҳисобланарди. Чунки бошқа билан мукаммал нарса, ана шу бошқанинг йўқлиги фараз қилинганда ноқис бўлиб қоларди. Бу эътиқод махлуқларнинг ҳам қадим экани ҳақида гапириш заруратига олиб келарди. Зеро Аллоҳнинг вужуди бир вақтнинг ўзида уларнинг мавжуд бўлишини ҳам тақозо қиларди. Чунончи бу гап яна ҳулул ақидасига ҳам сабаб бўлади.

Бу гапнинг ботил бўлиши ва куфр экани масаласида, уни бу йўсинда таъбир этиш билан файз назарияси ҳақидаги услуб билан таъбир этиш ўртасида фарқ йўқдир. Файз назариясига кўра, Аллоҳнинг вужуди Ўз зоти ортидаги ағёр1 ё борлиқ мавжудот деб номланган нарсаларга файз бериши лозим эди.

Ҳулул эътиқоди, яъни Илоҳий зотнинг махлуқотлари айнига бирлашиб кетиши, ваҳдатул вужуд ақидасининг биз зикр қилган дақиқ маъносидан келиб чиқадиган тушунчадир.

Соғлом мантиқий эътиқод – Ҳақнинг вужудини ўзида мустақил зотнинг, яъни Аллоҳнинг якка вужуди эканини билмоғимиздир. Сўнг Аллоҳ маҳзи тадбири, иродаси ва қудрати билан Ўзи ижод экан борлиқни яратди. Уларнинг ҳаммасини Ўзи чегаралаган вақтида халқ қилди. Азалий қадим вужуд Аллоҳнинг вужудидир, бошқанинг эмас. Зеро илгари бошқа деб номланган нарса бўлмаган. Иш мана шу йўсинда Аллоҳ қанча хоҳласа, шунча давом этган. Сўнг Аллоҳ таолонинг қудрати яралишини ҳукм қилган ҳамма халқни яратишга йўналган. Ана шу пайтда бу махлуқлар вужуд деб номланмиш доира ичига кирган2.

Бу шуни билдирадики, ҳақиқий зотий вужуд бу – якка Аллоҳнинг вужудидир. Аммо Ундан бошқа мавжудотнинг вужуди – Аллоҳ уни ижод қилиши билан комил бўлади ёки вужуди ҳақиқат топади. Уламолар Аллоҳ азза ва жалладан бошқа вужуд ҳақида, “тобеъ вужуд” ёки “сояки вужуд”, ибораларини ишлатишларининг сабаби мана шудир. Сояни ўзининг асли вужудидан мустақил вужуди мавжуд, масалан қозиқнинг сояси каби. Лекин бир вақтнинг ўзида асли кетиши билан зойил кетади ва ўчади. Демак у аслининг асари ва натижаси экан3.

Ота ўзининг гўдагини оёқда ушлаб туриши, айтганларимизни изоҳлаб берадиган энг яхши мисолдир. Бунда у гўдакнинг қўлидан тутиб туради. Шубҳа йўқки, боланинг туриши отанинг туришидан бошқа нарса. Лекин бир вақтнинг ўзида, бу вазиятда лаҳзама-лаҳза отадан болага ўтиб турган қувватни кўрамиз.

Шунингдек ҳолатни дарахтнинг танасига нисбатан шохда кўрамиз. Шубҳасиз, шох танадан бошқа нарса. Лекин шох ўз мавжудлигини танадан олади.

Инсон ёки бошқа мавжудот вужудининг давомийлиги Аллоҳ уни лаҳзама-лаҳза ижод этишига қарамдир. Ким манбага синчиклаб қараса ва тафаккурда давом этса, соя ёки тобиъ мавжудотларнинг суратлари шууридан эриб, унинг онгида ағёр хаёл ва рўёга айланади. У мана шу ҳолатга таслим бўлса, тили билан ҳоли ва шуури ҳақида иборалар сўзлаши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу иборалар сабабли уни ваҳдатул-вужудга нисбат бериб юборилади. Лекин бу одам тезда воқеълик заминига тушади ва халқ, махлуқ ва Холиқни исботлашга ўтади.

Шубҳасиз зикр қилганларим асносида отам роҳимаҳуллоҳнинг бу ҳақиқат хусусида кўп бор такрорлайдиган ибораларини келтирмадим. Лекин шунга жазм қила оламанки, у киши турли муносабатларда, ёки сўраган ёки мужодала қилган киши учун қилган муноқашаларида ишлатган мазмунни дақиқ кўринишда ифодалаб бердим. Ишонаманки, мен бу ҳақиқатни фаҳмлаш ва унинг ифодасига қодирликка отам буни шарҳлаётганларида ва баёнини такрорлаётганларида кўп бора қулоқ тутганим учунгина тўйиндим.

Аллоҳнинг ва махлуқларининг вужуди ўртасидаги алоқа учун отам роҳимаҳуллоҳ таъкидлаб-такрорлайдиган шарҳга кўра, яхшилик ва истиқоматлари маълум тасаввуф шайх ва имомларини Ваҳдатул-вужуднинг фалсафий маъносидан оқлардилар. Бу маънони биз олдин баён қилдик. У кишининг айтишларига кўра, уларнинг насс ва калималарига тарқайдиган хато айрим сомеъ ва ўқувчиларнинг маъно ва маромни нотўғри тушунганларидан пайдо бўларди. Хусусан бу гап имом Қушайрий ўзларининг машҳур “Рисола”ларида мақтаган ва таржимаи ҳолларини келтирган имомларга тегишли эди. Олдин ҳам айтдим, отамнинг бу китобга муҳаббатлари кучли эди. Унга кўпинча суяниб, мурожаат қилардилар.

Уларнинг айбсиз эканларига кўпгина матн ва сўзларидан далиллар келтирардилар. Уларнинг далолатда аниқ бу матнларида, бошқа ўринларда ворид бўлган ибораларидан тушуниладиган маъноларни таъвил этишни вожиб этадиган маънолар кўрардилар.

Шайх Муҳиддин ибн Арабийни Ҳулул ва Ваҳдатул-вужуд ақидасидан оқлайдиган матнлардан бири Тоий қасидаларининг охиридаги қуйидаги мисралар эканини айтаман:

Вужудни топдим, Унга иккинчини кўрмадим.

Бу Ҳақни ҳар санъатда шоҳиди бўлдим. Ер юзининг барида Аллоҳдан бошқани талаб этган киши текисликдаги саробдан сув қидирганга ўхшайди.

Маълум бўляптики, бунда Зотий Вужуд ҳақида сўз бормоқда. У Вужуд амалда ягона бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг вужудидир. Бунга Аллоҳдан бошқани талаб қилиш, Ундан бошқага ишониш ва фақат Унгагина таваккул қилиш кераклигидан огоҳлантирган иккинчи байт далил бўлади. Зеро, Ундан бошқа ҳамма нарса саробдир. Бу Лабид айтган: “Билингки, Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса ботилдир” сўзининг айнидир. Унинг бу сўзи саййидимиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳликлари билан энг тўғри сўз ҳисобланади.

Энг қизиғи, Ибн Форизнинг Ҳулул ёки Ваҳдатул-вужуд ҳақида сўз айтишдан покиза экани ҳақида очиқ бу баёнотини кўришади-да, рози бўладими ё хоҳламайдими, бунга қарамай яна бу туҳматни унга ёпиштиришади.

Хулоса шуки, агар биз Ҳақ Вужуд ёки Зотий Вужудга назар соладиган бўлсак, бу Вужуд коинотнинг барчасида иккинчиси йўқ ягона Вужуддир. Аллоҳ азза ва жалланинг тавҳиди мана шу ҳақиқатни тушунгандагина юзага чиқади. Баъзи тасаввуф имомлари Ваҳдутул-вужуд ҳақида гапиришган бўлса, ана шу маънони назарда тутишган. Агар вужудни (борлиқни) кўриб турганимиздек икки тури: Зотий ва табаъий ёки асли ва зиллий деб эътибор қилсак, бу ҳолда вужуд бир нечтадир, ягона эмас. 4

Агар хоҳласангиз Лабиднинг кўзлари билан боқинг. Бунда борлиқнинг ҳаммасини хаёл ва ботил дея кўрасиз. Буни эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғри ҳисоблаганлар. Рост мутасаввифлар атрофларидаги борлиққа ана шундай кўз билан боқишган.

Агар хоҳласангиз дунё билан муомала қилиб, унга муккасидан кетган ва унга ишонган кишининг кўзи билан боқинг. Бунда борлиқни икки борлиқ дея кўришингиз аниқ. Ғолиби зоннга кўра бу ҳолда фоний борлиқ сизни абадий ва боқий Вужудни кўришдан тўсиб қўйган бўлади.

***

Аммо Ваҳдатуш-шуҳудга келсак, у Ваҳдатул-вужуд деб номланган тушунчани тадқиқ этиб, биз етиб келганимиз гапнинг хулосасидир. Бунда биз айрим файласуфлар мойил бўлган фалсафий тасаввурларни бир ёнга отишимиз керак бўлади. Уларнинг бу тасаввурларига кўра, коинотдаги батамом борлиқ тўлалигича Аллоҳ азза ва жалланинг борлиғига тенгдир. Бу расво бир фалсафа бўлиб, қадимги айрим файласуфларнинг фикри бўлган ва кейинчалик бу тасаввур яна қайта жонланган. Уни Ғарбдаги вужудийлик мазҳабининг пешволари кўтариб чиқишган. Уларнинг бошида бу мазҳабнинг руҳий отаси, 1813-1855-йилларда яшаган Сорин Киркегард бўлган.

Бу фалсафий тасаввурга мусулмон тасаввуф имомларидан бирорталарининг ҳеч қачон алоқалари бўлмаган.

Отам раҳимаҳуллоҳ айрим сўфийларга нисбат берилган Ваҳдатул-вужуд тушунчасини Ваҳдатул-вужуд ибораси билан алмаштириш кераклигини айтардилар.

Балки Исломида Ваҳдатуш-шуҳудгача кўтарилмаган мусулмонни тавҳиднинг ҳақиқий маъноси чақмаган ҳисоблардилар.

У кишининг Ваҳдатуш-шуҳуд маъносида айтганларининг хулосаси бундай эди: У инсон шуурига тегишли ҳолдир, ақлидан содир бўладиган қарор эмас. Бу инсон мавжудотларнинг бор ва пайдо бўлиши, ҳамда махлуқ эканига жазм этган ақлий инончи бўлишига қарамай, унда (борлиқда) ёки ундан Холиқнинг гўзал исмларидан пайдо бўлган сифатлар тажаллийсини кўра олади холос. Бу ҳолдаги инсон ўзи инонган борлиқларнинг кўплигини кўрмайди. Илло шуурига ҳукмрон Холиқнинг ягоналигига шоҳидлик беради холос.

Отам раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ бандаларини осмонлару ер ва улар ўртасидаги яралмишларни тафаккур қилишга буюрган оятларга тўлиқ бўйсуниш, инсон Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлгандагина мукаммал бўлишини таъкидлардилар. Тоинки Аллоҳнинг зикри унинг олдида турган ва ҳали сайқалланмаган борлиқлар сиртига жило берсин. Ана шу пайтда инсонга Аллоҳнинг борлигини, ҳукмронлигини ва таъсирини унуттирадиган парда бўлишдан, унда Холиқ азза ва жалланинг ваҳдонияти акс этадиган ёруғ ойнага айланади. Сўфийларнинг: “Мусулмоннинг иймони то кўплик ичида ягоналикни кўрмагунча мукаммал бўлмайди”, яъни борлиқий кўплик ичида Раббоний ягоналикни кўрмагунча, деган сўзларининг маъноси шудир. Аллоҳнинг зикри кўпайгани сари борлиқий кўпликнинг унинг олдида қуриб йўқолиб қолиши зиёда бўлади. Бу ҳол то уларни кўриш батамом йўқ бўлгунча давом этади. Унинг энди олдида Аллоҳнинг ишидан фақат Унинг азамат ва сифатларигина кўринади. Шу билан бирга унда мавжудотларнинг борлигига ақлий инонч ҳамда улар билан мукаммал муомала қилиш хусусиятлари қолади.

Отам раҳимаҳуллоҳ бу ҳолатнинг таърифлаш учун Раббоний уламолардан бирининг5 мана бу сўзини неча марталаб далил қилардилар: “Ҳеч нарса кўрмадим. Илло унинг олдида ҳам, у билан бирга ҳам ва ундан кейин ҳам Аллоҳни кўрдим”.

Мен ўзим айтаманки, маҳбуб қандай бўлишидан қатъи назар, қалбга муҳаббат ҳукмрон бўлгани қадар, шуур ва кўзга Ваҳдатуш-шуҳуд ҳукм ўтказади. Фақат маҳбубнинг турига қараб Ваҳдатуш-шуҳуд ҳам турланади.

Демакки, қизнинг муҳаббатида ёнган Бану Омирнинг мажнуни унинг уйи тимсолида фақат маъшуқасининг расм ва суратини кўрар экан ва ҳамма ошиқнинг бу ишини кечиримли билар экан, муҳаббатнинг иши ҳамда қонунияти шундай экан. Шу сабабли барча унинг бу икки байтини ҳайрат ва хайрихоҳлик ила такрорлайди:

Лайлонинг ҳовлиси бор диёрлардан ўтгум,

Девор ва девор эгаси томон юзлангум.

Қалбимни диёрнинг муҳаббати ёндирмагай,

Лек ўша диёр эгасининг ишқидан ёнгум.

Ўғлини узоқларга кузатган онанинг қалби қандай эзилади ва у томон қандай талпинади. Кийимларини кўксига босади, уларни ҳидлайди, ўпади. Уларда фақат ўғлининг суратини кўради. Агар ундан мактуб келиб қолса, қоғоз ва ёзувга ҳайрон тикилади. У қоғозни ҳам, сиёҳни ҳам, хатни ҳам кўрмайди. Балки буларга ўғлини кўрсатадиган ойна ўлароқ боқади.

Агар энди қалб Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатига йўналса, ваҳоланки мавжудотларнинг муҳаббатга энг ҳақлиси У эди, бу қалб эгаси Аллоҳга муҳаббати ва Унга шавқи зўрлигидан худди шундай шуур ва қарашга мубтало бўлиши аниқ. У гулни кўрмайди, ҳидини туймайди. Энди Аллоҳ санъати ва ижоди чиройини кўриш билан уларни унутади. Тун осудасида осмонда милтиллаётган юлдузларни кўра олмайди. Энди у коинотнинг улканлиги ва Унинг ҳикмати, яратганларининг гўзаллигини ўйлаб уларни унутади. Олдига қўйилган таомларни ёки атрофида шалдираб турган зилол сувларни кўрмайди. Балки-да ойнада акс этган, шаклидаги офият кўринишларини ва вужудидаги қувват аломатларига гувоҳ бўлиши учун ўзига ҳам парво қилмайди. Энди у буларнинг барчасини унутади. Одоб, шавқ ва муҳаббат туйғулари билан туриб, шуурида санъати гўзал, раҳмати кенг ва ҳикмати улкан Аллоҳ азза ва жалла билан бирга бирга яшайди.

Ҳар қандай инсоннинг эгасини шундай кўйларга солган муҳаббатга таъна қилиши мумкинми?

Агар мантиқ мойил бўлган жавоб, бундай муҳаббат эгаси маломат қилинмайди, балки кўкларга кўтарилади, хусусан у муҳаббат бўлак, анҳор ё соқийга эмас, балки асл масдар ва манбага йўналган дейилса, демак Ибн Фориз раҳимаҳуллоҳ нимани зиёда қилибди, ё ўзгартирибди ва ёки қалбакилаштирибди? Муҳаббатнинг табиий иши шу бўлгани ҳолда, олий туйғуларини тараннум этган Ибн Форизга айримларнинг маломати жуда кучайиб кетди.

Бу гап ва соҳибига маломат ёки танқид Ваҳдатул-вужудни олдин зикри ўтган бузуқ фалсафий маъносида тушунишдан пайдо бўлган. Ҳолбуки бу араб тили ва маъноларини тор фаҳмлашдан юзага келган ўта хато тушунчадир. Ибн Фориз ўз шеъри орқали айтмоқчи бўлган бор гапи шуки, нарсаларнинг барчаси Ҳақ жалла жалалуҳудан содир бўлган. Аммо улар Ҳақнинг ўзи эмас. Шундан улар Унинг санийя сифатлари ва қудсий исмлари учун кўриниш, балки ойна вазифасини ўтайди. Аллоҳга бўлган шавқида ҳолдан тойган киши у нарсалар билан овунмаслиги ва уларга таянмаслиги керак. Илло уларга Аллоҳнинг сифатларига жилва ва ваҳдониятига унвон деб қараш лозим.

Яна қайтариб айтаман: отам раҳимаҳуллоҳ орифларнинг ҳолларидан дея аталмиш Ваҳдатуш-шуҳуднинг шарҳида ишлатадиган ибора, сўз ва сийғаларни ўқувчи олдига қўйишим қийин масала деб ўйлайман. Отам бу мавзуда баҳс қилган пайтларида кўпинча сархуш бўлар, ҳаммажлисларига уни очиқлар, у ҳақда тўлиб-тошиб узоқ сўзлардилар. Бу тўғридаги суҳбат асносида гоҳида ўзларидан кетар, ҳол юзага келарди. Баъзида ўз ҳолатларидан чиқиб, ҳайқириб ташлар ва атрофдагиларни қўрқитиб юборардилар.

Лекин қанчалик шарҳлаб, баён қилиб, узоқ сўзламасинлар ўз ҳолларига қайтиб шундай дердилар: “Бу гапни қалбида Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббати, таъзими ва Унга шавқдан бир миқдор бўлган кишигина тушунади. Аммо борлиқ Бор қилувчисини тўсиб қўйган, дунё матоҳларини қаттиқ севган ва нафсини унинг рағбати ва орзулари билан машғул қилган кишига бу ҳақиқатни татиб кўриш у ёқда турсин, уни англашга йўл бўлсин! Энг яхши ҳолатда унинг иши диндан бир неча сатрлар ёки сўзларни ёдлаб олиш бўлади. Сўнг диний фаолият ва у билан муомала ана шу сатрлар ва сўзларни такрорлаш эканига, ҳамда шу асосда бошқалар билан муомала қилиш эканига ўзини ишонтиради.

Ваҳдатуш-шуҳуднинг бу маъносини шарҳлаб бўлгандан кейин айтадиган энг муҳим сўзлари қуйидагилар бўлса керак: “Инсон мана шундай чуқур ҳайронликда шуҳуд ҳолатига тушса дунё билан муомала қилишга ва ўзининг ишларини ислоҳ қилишга қодир бўлмай қолади. Мана шу ҳолатни машойихлар “фано” деб номлашади. У тариқатдаги бир босқич бўлиб, баъзи соликлар бу босқичдан ўтадилар. Афзали, балки матлуби, солик бу босқичдан ўтиб кетсин. Унга таслим бўлмасин ёки унда тўхтаб қолмасин. Яна ундан ўтиб олса, ўз ҳушёрлигига қайтиши ва бу қоронғулик ундан кетиши лозим. Шунда дунё билан яна муомала қилади, яхшиликлари ва манфаатларидан бошқалардек фойдаланади. Шу билан бирга энди Аллоҳнинг ваҳдониятига шуҳудида ва борлиқни Аллоҳ азза ва жалланинг сифатлари жилваланадиган ойна ўлароқ кўришда давом этади. Бу ҳолатни эса машойихлар “бақо” ёки “жамъ” ва “фарқ” ҳолати билан уйғунлик деб номлашади. Бунга энг олий намуналар расуллар, пайғамбарлар ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бўлишади. Аммо саҳобалар шуҳуд ва қурб даражаларида бир-бирларидан жудаям катта тафовут билан фарқланишади6.

Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг “Бу менинг отамдир” китобидан

________________________

1 Ағёр – Аллоҳдан бошқа ҳамма мавжудот.

2 Вужуднинг имконли зотий таърифи йўқ. Лекин унинг дақиқ васфий таърифи бундай: “У бир нарсанинг замон ва макон ҳудудида мавжудлигидир”. Аммо бу таъриф фақат махлуқотларнинг вужуди ҳақида тўғри. Аллоҳ азза ва жалланинг вужуди ҳақида эмас. Чунки у замон ва макондан покдир.

3 “Соя вужуд”дан кўра “Тобеъ вужуд” ибораси яхшироқдир. Чунки соянинг аслга тобеълиги ҳамма вақт лозимдир. Бу ҳол файзнинг ботил назариясини кўнгилга келтиради. Бу гапни ташбиҳ ҳамма жиҳатдан эмас, фақат бир томонлама эканига ишониб айтамиз.

4 Сизнинг эътиборингизни яна бир марта имом, шайх Аҳмад Форуқ Сарҳандийнинг “Мактубот”ларига қаратаман. Отам раҳимаҳуллоҳ бу китобга кўп мурожаат қилар ва ундан кўп олардилар. У кишининг наздида бу китоб имом Қушайрийнинг “Рисола”ларидан кейин турарди. Сиз китобнинг қирқ тўртинчи мактубини ўқинг. Унда баъзиларнинг Ваҳдутул-вужуд ва унга шариатнинг муносабати ҳақида сўраганларига батафсил жавоб берилган. (2-жуз, 73-бет).

5 Отам доим такрорлайдиган бу Раббоний олимнинг исмларини харчанд уринмай, афсус эслолмадим.

6 Одамлар ичида хилофсиз бу тафовут билан ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига нисбатан зийнатланиши керак бўлган одоб ё эҳтиром ўртасини аралаштириб юборишади. Гумонларича саҳобалар ўртасидаги бу тафовут уларга нотанишроқ ёки даражаси қуйи (ваҳоланки ҳаммалари буюк зотлардир) саҳобаларга тил теккизиш ёки танқид қилиш ҳуқуқини берар эмиш. Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига нисбатан одоб сақлашнинг вожиб экани, уларнинг ҳаммалари олийлик ва камолотнинг юқори даражаси учун ҳақли эканларида эмас, балки Расулуллоҳнинг улар ҳақларидаги мана бу тавсиялари туфайлидир: “Асҳобимни лозим тутинг. Мендан кейин уларни айбламанг”.

Демак уларга нисбатан одоб сақлаш вожиблигининг биринчи сабаби шу экан, бу вожибни поймол қилиш ҳаммасидан аввал тўғридан-тўғри саййидимиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ҳурматсизликдир.


Миролим Мансур тайёрлади

Манбаси

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид