130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
“АЛЛОҲ ТАОЛО” ОСМОНДА ДЕБ ЭЪТИҚОД ҚИЛИШНИНГ ХАТАРЛАРИ BA ОҚИБАТЛАРИ (2-Қисм)
imon.uz 2024-01-26 01:55:14 406- “Аллоҳ таоло осмонда” деб эътиқод қилувчилар томонидан кенг фойдаланиладиган оятлардан яна бири “Тоҳа” сурасининг 5-оятидир. Унда шундай дейилади: “(У) Арш узра муставий бўлмиш Раҳмондир”. Айнан шу маънони ифода этувчи оятлар Қуръони каримда олти ўринда учрайди. Жумладан, “Аъроф” сураси 54-оят, “Юнус” сураси 4-оят, “Раъд” сураси 52-оят, “Фурқон” сураси 59-оят, “Сажда” сураси 54-оят, “Ҳадид” сураси 4-оят. Қайд этиш лозимки, мазкур оят тарихда мушаббиҳа оқимининг ҳам асосий далилларидан бири бўлган. Бугунги кунда эса сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган таълимотини асосий таянчи ҳисобланади. Араблар “истиво” сўзини “жисмни бир нарсага ўтириши ёки ўрнашиши”га нисбатан ишлатадилар. Сохта салафийлар оятни қандай бўлса шундай тушунишимиз керак, ақлни ишлатмаслигимиз лозим дейдилар. Агар мазкур оятдаги “иставо” сўзини луғавий маънода ишлатилса, наузан биллаҳ, Аллоҳ таолога жисм ва макон нисбати берилиб қолади. Шу ўринда уларга мазкур оятни қандай бўлса шундайлигича тушуниш керак экан, “Ҳадид” сурасидаги “Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир” оятини, “Қоф” сурасидаги “Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз” оятини, “Фажр” сурасидаги “ва Раббингиз (ҳукми) ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда” оятини ҳам зоҳирий маънода талқин қилинглар, деб мурожаат қилиш ўринли бўларди, албатта. Имом Табарий “Иставаа ъалал Арш” оятига ўзининг “Тафсири Табарий” асарининг биринчи жилдида алоҳида эътибор қаратган ва оятнинг изоҳига доир турли таъвилларни, изоҳларни бир жойга жамлаб, хулоса қилишга уринган. Умуман олиб қараганда Имом Табарий оятни шундай изоҳлаган: “علا عليها علوَّ ملك وسلطان لا علو انتقال وزوال” (Аллоҳ таоло осмонга (подишоҳ ўз) мулки ва султонлигига олий бўлиши каби олий бўлди. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ёки ўтиш маъносида олий бўлмади).
Бунга жавобан салафийлар “иставо”ни Аллоҳни шаънига муносиб тарзда Арш узра истиво қилди деб тушунамиз десалар. Уларга: “Ундай бўлса, “жиҳат”, яъни Аллоҳ таоло осмонда деган маънони оятни қаеридан оляпсизлар” деймиз. Чунки, биз ҳам Аллоҳ таоло Арш узра ўзига муносиб тарзда истиво қилди, деб тушунамиз ва “Аллоҳ таоло осмонда жойлашган” ёки “Аллоҳ таоло юқорида жойлашган” деб, Унга жой, макон нисбатини бермаймиз. Бу оятни “Аллоҳни шаънига муносиб тарзда Арш узра истиво қилди” деб тушунишда ва талқин қилишда салафийлар аҳли сунна вал жамоа билан бир йўлда, лекин Аллоҳ таолога “жиҳат ва томонни” исботлашда, аҳли сунна вал жамоа мазҳабидан чиқиб кетадилар.
- Салафийлар Аллоҳ таоло юқорида, осмонда дейишиб, унга “Ғофир” сурасининг 36-37-оятларини далил сифатида келтирадилар: “Фиръавн айтди: “Эй, Ҳомон, мен учун бир (баланд) минора қургин, шоядки мен (унинг устига чиқиб) йўлларга етсам, осмонларнинг йўлларига. (Зора) Мусонинг илоҳини кўрсам, дарҳақиқат, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман”. Тарихда Фиръавн минора қурдириб, Мусо алайҳиссалом илоҳи, яъни Аллоҳ таолони кўрмоқчи бўлади. Унинг бу ҳаракати Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримда баён қилинган. Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: “Қандай қилиб Фиръавннинг тушунчасини мусулмон инсон ўзига далил сифатида қабул қилиши мумкин?”. Фиръавн Мусо алайҳиссаломдан Аллоҳ таоло ҳақида сўраганда, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога томон исбот қилмай жавоб берган. Бу савол-жавобни қуйидаги оятларда кўриш мумкин: “Фиръавн деди: «Оламлар Парвардигори (деганинг) нимаси яна? (Мусо) айтди: «Агар ишонадиган бўлсанглар, У осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори (мураббийси)дир» (Шуаро сураси, 23-24-оятлар). Шундай экан, бу оят ҳам салафийларга далил бўлмайди.
- Салафийлар “Фуссилат” сурасидаги “(У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан нозил қилингандир”, “Анъом” сурасидаги “(Уларга айтинг): «Аллоҳдан бошқа ҳакам излайинми, ҳолбуки, У сизларга Китоб (Қуръон)ни батафсил нозил қилган зотдир” оятларини “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодни асослашда фойдаланадилар. Салафийларнинг талқинида мазкур оятлардаги “нозил қилган” сўзи тепадан пастга нисбатан тушуришга ишлатилади. Шундай экан, Аллоҳ таоло осмонда дейишади.
Уларга араб тилидаги “анзала”, “наззала” феълларининг луғавий, ҳақиқий, мажозий маъноларини келтириб ўтирмай, далилларини тўғри англашлари учун Қуръон оятларидан ҳужжат келтириш муаммонинг энг муносиб ечими ҳисобланади: “Яна, Биз темирни туширдик” (Ҳадид сураси, 25-оят), “(У) сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди (дунёга келтирди)” (Зумар сураси, 6-оят). Салафийлар келтирган “Фуссилат” ва “Анъом” сураларида “назала” феълининг иккинчи ва тўртинчи боблари қўлланилган. Шунингдек, уларга қарши келтирилган “Ҳадид” ва “Зумар” сураларида ҳам “назала” феълининг сулосий мазиди ишлатилган. Лекин, ҳеч бир киши “Ҳадид” сурасидаги мазкур оятни зоҳиран тушиниб, темирни осмондан ёғиши ёки тушишини айтмайди ёки кўрмаган. Ва яна “Зумар” сурасида чорва ҳайвонларини Аллоҳ таоло томонидан тушурилганлиги баён этилган. Бу оятни ҳам зоҳиран тушуниб, осмонда чорва ҳайвонлари ёғилишини ёки тушушини ҳеч ким айтмаган ҳатто сохта салафийлар ҳам. Мулоҳаза сифатида шуни айтиш керакки, “Фуссилат” ва “Анъом” сураларидаги мазкур оятларни қандай бўлса шундайлигича талқин қилиш керак экан, келинглар “Ҳадид” ва “Замар” сураларидаги юқоридаги оятларни ҳам зоҳиран тушуниб, осмондан темир ва ҳайвонлар ёғилади ёки тушади, дейлик. Албатта, бунга асло ақлингиз руҳсат бермайди!
Қуръони карим оятлари билан бир қаторда, сохта салафийлар меърож ҳадисини “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодни асослашга далил сифатида келтирадилар. Таъкидлаш лозимки, Пайғамбар (алайҳис-салом) сунналарида уларнинг бу эътиқодини асословчи ушбу ҳадисдан бошқа бирор ҳужжатлари мавжуд эмас. Лекин, меърож ҳадисига назар солсангиз, унда ҳам “Аллоҳ таоло осмонда ёки Арш устида” деган сўз ёки ибора ёки жумлани учратмайсиз. Шунинг учун бу далилга жавоб беришга умуман ҳожат йўқ.
Сохта салафийлардан айримлари ўзларининг эътиқодий масалаларини мазҳаб вакиллари орасига суқиш ёки қайсидир мазҳабга боғлаш орқали мусулмонларни чалғитиш учун мазҳаб етакчиларининг сўзларидан далил сифатида фойдаланишлари кузатилмоқда. Аммо, “Қуръон” ва “Сунна” бизга кифоя деб, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ сўзларидан “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодни асослашда фойдаланиш уммат орасига фитна уруғини сочишдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таолога холис, жамиятпарвар ва ватанпарварликдан заррача ҳам қалбида ғами бор инсон бундай ғаламисликка асло қўл урмайди.
Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳул абсат” китобида шундай деди: “Роббим осмондами, ердами билмайман деган киши – ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, Аршда деса ҳам”. Салафийлардан айримлари бу сўзларни далил сифатида келтириб, мана Абу Ҳанифа ҳам Аллоҳ таолони осмонда эканини исбот қилмоқда, дейди. Аслида, бу матнда куфрнинг сабаби келтирилмаган. Абу Лайс Самарқандий мазкур матнни: “Роббим осмондами, ердами билмайман деган кишида: “Аллоҳ таоло қандайдир маконда” деган эътиқод бўлади ва шу эътиқоди учун у мушрик ҳисобланади” деб изоҳлаган. Шунингдек, Аллоҳ таолога нисбатан Қуръони каримда “фис самаа” ибораси нима учун қўллангани ҳақида Абу Ҳанифанинг мазҳабини билмоқчи бўлган киши “ал-Фиқҳул абсат” китобининг “Роббим осмондами, ердами билмайман деган киши – ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, Аршда деса ҳам” деган иборасидан кейинги жумлаларга назар солсин.
Ўз асрининг муҳаддиси Абу Жаъфар Таҳовий ўзининг “ал-Ақидату-т Таҳовия” асарида Аллоҳ таолони юқорида, осмонда дейиш мумкин эмаслиги ҳақида шундай деган: “Аллоҳ таоло чегара, аъзо, асбоблар билан сифатланмайди ва Уни олти томон махлуқотлардек қуршаб олмайди”. Бу матнда Аллоҳ таолога олти томонни, яъни юқори, паст, ўнг, чап, олди ва орқа томонларни нисбатини бериб: “Аллоҳ (наузан биллаҳ) осмонда, пастда, ўнгда чапда” дейиш мумкин эмаслиги айтилмоқда. Бундан ташқари Аллоҳ таолони охиратда кўриш масаласида ҳам, Унга томон, жиҳат нисбатини бериш мумкин эмаслиги ҳақида Таҳовий: “Жаннат аҳли Аллоҳнинг дидорини кўрурлар, лекин макон ва кайфиятсиз” деган. Айни бу матн ҳам Аллоҳ таолога макон ва томон собит қилиш мумкин эмаслигини англатади. Шунингдек, Қуръони каримда Аллоҳ таолога араб тилидаги “яд (қўл)”, “важҳ (юз)”, “ризо (розилик)” сўзларининг нисбати берилган. Тарихда мушаббиҳа оқими (наузан биллаҳ) Аллоҳнинг қўли бандаларнинг қўли кабидир, деган ғояни илгари сурган. Бугунки кундаги айрим ўзбек салафийлари айни шу қарашни илгари сурмоқдалар. Буларга қарши Абу Жаъфар Таҳовий шундай дейди: “Кимки Аллоҳ таолони таърифлаганда, Уни инсонга ўхшатса, кофир бўлиб қолади”.
Абу Ҳафс Насафий ўзининг “ал-Ақоид ан-Насафия” асарида шундай дейди: “Аллоҳ таоло моҳият, кайфият билан сифатланмайди. У бирор маконда қўним топмайди. Унга замон таъсир қилмайди. Бирор нарса Унга ўхшаш эмас ва бирор нарса унинг қудрати ҳамда илмини четлаб ўта олмайди”. Имом Насафий мўминлар Аллоҳ таолони жаннатда қандай кўришлари тўғрисида шундай деган: “Аллоҳ таоло маконсиз, томонсиз, қарама-қарши жиҳатсиз, кўз нури етиб боришисиз ва кўрувчи билан Аллоҳ таолонинг орасида масофасиз кўрилади”. Абу Ҳафс Насафий охиратда ҳам Аллоҳ таолога макон ёки томон хослашлик мумкин эмаслиги, бу Аллоҳ таолога нисбатан айб ва нуқсон эканлигини англатиб, мўмин-мусулмонлар бундай нарсалардан доимо ҳазарда бўлишларини уқтирмоқда.
Мавзу доирасида Зоҳид Кавсарий таҳқиқи остида нашр қилинган “ал-Фиҳул абсат” таълиқи, Камолиддин Баёзийнинг “Ишоратул маром мин иборотил имом”, Муҳаммад Зоҳид Кавсарийнинг “ал-Ақида ва илмил калом” китобларида батафсил сўз юритилган. Тўлиқ маълумот олиш учун мазкур китобларни ўқиб чиқиш тавсия этилади.
Умуман олиб қараганда чашмага яқин жойлашган инсон, узоқдаги инсонларга нисбатан ундан қониб ичади ва сероб бўлади. Ҳудди шунингдек, Расулуллоҳ замонасига яқин яшаган мазҳаббошилар ва биздан олдин ўтиб, тўртта мазҳабни тутган ва икки ақидавий таълимот йўлида асарлар битган олимлар ўзларининг устозлари орқали санадлари Пайғамбаримизгача қироатда, ҳадисда, фиқҳда ва тасаввуфда етиб боргандир. Бу силсила мана неча асрлар бўлибдики, узулмай бардавом келмоқда. Бунга тарих гувоҳдир.
XIII аср атрофида маълум мазҳаб доирасида шакллантирилиб, XXI асрда сохта салафий атамасини тамға қилиб олган шахслар ўз тарихлари билан тўртта мазҳаб тарихига холис назар солсинлар ва қиёсий таҳлил қилсинлар. Мазҳабларда ёзилган тафсирлар, ҳадис шарҳлари, фиқҳий китоблар ва ахлоқий асарлар билан ўзларининг “устозлари” томонидан ёзилган асарлар рўйхатини бир жойга шакллантириб таққослаб кўрсинлар. Мотуридия ва ашъария таълимотини маҳкам тутган олимларнинг қолдирган бой илмий мерослари билан ўзларининг “устозлари” қолдирган китобларни сонини қиёслаб кўрсинлар. Ҳар бир замонда турли оқимлар чиққан ва чиқишда давом этади. Лекин, аҳли сунна вал жамоа деб эътироф этилган тўрт мазҳаб ва икки ақидавий таълимот асрлар оша давом этиб келмоқда ва давом этади. Чунки, уларнинг илдизи Расулуллоҳга боғлангандир. Лекин, сохта салафийларнинг ўтмиши ҳам, келажаги ҳам қоронғидир. Бу ҳам ақлли инсонларга етарли далилдир.
АБУ МУҲАММАД АМИН