130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Аллоҳ сабр қилгувчи банданинг ёрдамчисидир..
imon.uz 2024-09-16 03:30:35 164Аллоҳ таоло инсонларга берган неъматларнинг ичида энг муҳим
бўлганларидан бири тинчлик-хотиржамлик ва соғлик-саломатликдир. Бежизга
ота-боболаримиз доим дуоларида тинчлик-хотиржамлик, соғлик-саломатликни сўраб илтижо
қилмаганлар.
Лекин Аллоҳ таоло бу дунёни синов-имтиҳон олами қилиб
яратган. Аллоҳ таоло ҳаётимиз мабойнида очлик, талофат, касаллик ва бошқа
мусибатлар билан бизларни имтихон қилишини Ўз каломида зикр қилган. Шу билан бирга
синовлардан яхши ўтган, мусибат, касаллик етганда сабр қила олганларга
мукофатлар ваъда қилган.
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасини 153-оятида:
«Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад
сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», деган.
Қуръони
Каримда сабрга даъват кўп такрорланиб келган.
Чунки
Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланишда ҳам, ҳаётимиздаги тўсиқларни енгиш учун
ҳам, мусибат, касаллик, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаш учун
ҳам сабр керак.
Пайғамбаримиз
Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида:
«Мўминнинг
иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса ҳам, яхшилик бўлади. Хурсандлик етса,
шукр қилади, яхши бўлади. Мусибат етса, сабр қилади, яхши бўлади», деганлар.
Қандай
сабр қилиш кераклиги, мусибат етганда нима қилиш кераклигини Аллоҳ таолонинг
Ўзи “Бақара” сурасининг 155-156 оятларида ыуйидагича таълим беради:
«Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат
етганда, «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар».
Демак,
мусибат етганда мусулмон киши сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган
дуони қилиши керак. Бу дуо қуйидаги:
«Иннаа
лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун»,
Дуонинг маъноси: «Албатта,
биз Аллоҳникимиз. Ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни,
барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани, қачон, қандай
тасарруф қилишни Ўзи билади. Эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга
етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидандир.
Демак биз
ҳар қандай синовларга истиржоъ айтиб сабр қилишимиз лозим.
Имом
Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Умму Салама онамиз дейдиларки:
«Бир
куни Абу Салама Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларидан келди-да, Пайғамбар
алайҳиссаломдан бир гап эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, у киши: «Мусулмонлардан
бирига мусибат етганда «истиржоъ» айтса ва сўнгра «Аллаҳумма ажирни фи
мусийбати вахлуф ли хойромминҳа» (маъноси: «Эй Аллоҳ, менга мусибатимда ажр
бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин») деса, айтгани бўлади», дедилар, деб
айтди.
Буларни
мен ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида, «истиржоъ» айтдим ва ҳалиги дуони
ўқидим. Сўнгра ўзимча, менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда, дедим.
Иддам
чиққандан сўнг Расулуллоҳ келиб киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим,
қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У кишига ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи
тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг, менга уйланмоқчи
эканликларини айтдилар. У киши гапларини тугатгач, мен:
«Эй
Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи
аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор
бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим
бор», дедим.
Расулуллоҳ
алайҳиссалом:
«Сен
айтган рашқни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир
ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», дедилар.
Аллоҳ
менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни - Расулуллоҳни берди».
Имом
Термизий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз
алайҳиссалом:
«Аллоҳ
таоло, эй ўлим фариштаси, сен бандамнинг фарзандини, кўзининг қорачиғини,
қалбининг самарасининг жонини олдингми, дейди. Фаришта, ҳа, дейди. Аллоҳ, у
нима деди, деб сўрайди. Фаришта, сенга ҳамд ва истиржоъ айтди, дейди. Шунда
Аллоҳ таоло, жаннатда унга бир уй бино қилинглар ва «Ҳамд уйи», деб номланглар,
дейди»,
деганлар.
Бошқа
бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Бирортангизнинг
оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин», дейдилар.
Демак,
каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак. Кўзининг қорачиғи, жигарбанди, боласи ўлганда
ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам. Мусибат етгандан кейин дарҳол истиржоъ
айтиб, сабр қилиш керақ ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади, деган
эътиқодни маҳкам тутиши керак.
Муҳтарам азизлар шунча неъматлар берган
Яратгувчимиз озгина синов тариқасида бирор бало юборса унга сабр қилсак,
Роббимизга осий бўладиган ишларни қилмасдан, ҳамжиҳатлик билан бир-бирларимизни
қўллаб қувватласак иншааллоҳ бу ишимиз Аллоҳ таолога ҳам ёқадиган иш бўлади ва
бизга етган қийинчиликларни енгиб ўтишимизда ёдамчи бўладива бу қилган
сабримизга ажр ҳам ато қилади.
Мақола
“Ҳадис ва ҳаёт” китоби асосида тайёрланди.