АЛЛОҲ ТАҚСИМЛАГАН РИЗҚҚА РОЗИ БЎЛИШ

АЛЛОҲ ТАҚСИМЛАГАН РИЗҚҚА РОЗИ БЎЛИШ

imon.uz 2024-10-16 12:26:05 110

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бандасини унга берган (неъматлари) билан имтиҳон қилади. Шундай экан, кимда-ким Аллоҳ тақсимлаган (ризққа) рози бўлса, Аллоҳ унга барака беради, уни кенгайтиради. Ким (қисматдан) норози бўлса, унга барака бермайди”, деганлар (Аҳмад, Байҳақий ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).


Аллоҳ бандасига ризқ бериб синайди. Кимда-ким қисматига ёзилган ризққа рози бўлса, Аллоҳ унинг касб-корига, топиш-тутишига барака беради, ризқини кенгайтиради. Агар бирон кимса пешонасига битилган насибага норози бўлса, тақдирдан нолиса, “Аллоҳ мени кўп нарсадан қисиб қўйган”, деб ножоиз гаплар гапирса, касбига барака берилмайди.

Инсон нафси ҳеч қачон тўймайди. Бир қоп тиллоси бўлса, икки-уч қоп қилишни орзулайди. Ҳою ҳаваслар бандани нотўғри йўлга бошлайди. Қаноат эса унинг касбига барака киритади, қалбини хотиржам қилади, Аллоҳ наздидаги мартабасини кўтаради. Афсуски, ҳаётда шундай одамлар ҳам бор. Уларга турфа неъматлар берилади: даромадли касб-кор, шоҳона ҳаёт, фаровон турмуш, бахтиёр оила... Бироқ улар шунга ҳам қаноат қилишмайди, Аллоҳ берган неъматларни кам санашади, ўзларидан юқоридагиларга қараб, янада бойроқ, янада машҳурроқ бўлишни исташади. Энг ёмони – улар тақдирдан нолишади, Аллоҳ тақсимлаган ризққа кўнишмайди. Аслида банда қўлидаги ризқ-рўзга қаноат қилса, борига шукр қилиб, ҳалол касб-кор билан шуғулланса, “Алҳамдулиллаҳ, етказганига шукр!” деб оламлар Раббига ҳамду санолар айтса, Аллоҳ унинг топишига барака беради. Барака бу ривож, файз, хотиржамлик дегани. Оила саодатида бараканинг ўрни катта. Чунки қўлида жуда кўп мол-дунё тўпланса ҳам бахтли бўлолмаётганлар етарлича топилади. Қалбда қаноат, қисматдан розилик бўлмаса, Аллоҳ ундай кимсани саодатдан, файз-баракадан маҳрум этади.


"Ризқ калитлари Нажот келтирувчи дуолар" китобидан

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид