АЛЛОҲ ТАҚВОДОРЛАР БИЛАН БИРГАДИР

АЛЛОҲ ТАҚВОДОРЛАР БИЛАН БИРГАДИР

imon.uz 2025-03-30 06:26:04 51

▫️ Банда фақат тақвоси билангина ҳурматли бўлади.

 “Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”. (Ҳужурот сураси, 13-оят мазмуни).

▫️ Аллоҳ тақво қилганларни яхши кўради.

 “Йўқ! Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса. Бас, Аллоҳ тақводорларни хуш кўради”. (Оли Имрон сураси, 76-оят мазмуни).

▫️ Аллоҳ тақводорлар билан.

“Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир”. (Наҳл сураси, 128-оят мазмуни).

▫️ Аллоҳ тақводоларнинг ишини енгил қилади.

“... Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб беради”. (Талоқ сураси, 4-оят мазмуни).

▫️ Аллоҳ тақводорларнинг гуноҳларини авф этади ва савоб ишларининг ажрини кўпайтиради.

“Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур”. (Талоқ сураси, 5-оят мазмуни).

▫️ Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади.

“Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: “Албатта, мен сени ўлдиражакман”, деди. Бириси:  “Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир”. (Моида сураси, 27-оят мазмуни).

▫️Тақводорларга барака эшиклари очиб қўйилади.

“Агар қишлоқлар аҳллари имон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик”. (Аъроф сураси, 96-оят мазмуни). 

▫️Тақво қилган банданинг йуллари очилади ва ўйламаган тарафидан ризқ ато этилади.

“...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур...”. (Талоқ сураси, 2–3-оятлар мазмуни).

▫️Аллоҳ тақводорларга илм беради.

 “Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир”. (Бақара сураси, 282-оят мазмуни).

▫️Тақводорларнинг мукофоти жаннатдир.

 “Албатта, тақводорларга ютуқ бордир: боғ-роғлар, узумзорлар бордир. Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир. Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир. У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар. Раббингдан мукофот, совға ҳисобидандир”. (Наба сураси, 31–35-оятлар мазмуни).

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид