Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйиш

Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйиш

imon.uz 2023-06-09 01:40:55 161

Аллоҳ таоло буюради:

«Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз!» (Анъом сураси, 121).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ояти кариманинг тафсирида шундай деганлар: «Ундан мурод ўлимтик, бўғилиб ўлган ва бут-санамларга атаб сўйилган жониворлар».

Калбий айтганларки: «Улар Аллоҳ номи зикр қилинмаган ёки Аллоҳ таолодан бошқага атаб сўйилган жониворлардир».

Ато айтганлар: «Қурайш қабиласи ва бошқа араблар бутларга атаб сўйган жонлиқлар».

«...Зотан, бу иш итоатсизликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни, мушрикларни) сизлар билан тортишишлари учун васвасага солурлар». Яъни, мушриклар мўминлар билан ўлимтиклар хусусида тортишадилар.

«...Агар уларга бўйинсунсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклардан бўлиб қолурсизлар» (Анъом сураси, 121).

Яъни, сизлар ҳам ўлимтикни ҳалол деб билсангиз, унда сизлар мушрик бўлиб қоласизлар.

Зажжож розияллоҳу анҳу айтганларки: «Бу оят Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан биронтасини ҳалол деб билган ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсалардан биронтасини ҳаром деб билган ҳар бир кимса мушрик бўлишига далилдир».

Мусулмон одам унутиб «басмала»ни («Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни) айтмай сўйган жонлиғи ҳалол ҳисобланади. Чунки мазкур оятдаги: «Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалар»ни муфассирлар ўлимтиклар, деб тафсир қилишган. Биронта муфассир уни мусулмон одам «басмала»сиз сўйган жонивор демаган. Шунингдек, мусулмоннинг «басмала»сиз сўйган жонлиғидан еган киши итоатсизлик қилган бўлмайди. Қолаверса, мушриклар билан «басмала»сиз сўйилган жонлиқ хусусида эмас, ўлимтик хусусида тортишганларига муфассирлар ижмоъ – иттифоқ қилишган.

Оиша (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: «Бир қавм аҳли: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизга бир қабила аъзолари гўшт олиб келишади. Унга Аллоҳнинг исмини зикр қилишганми, йўқми, билмаймиз» дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга ўзинглар «бисмиллоҳ» денглар-да, еяверинглар», дедилар» (Бухорий ва Насоий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганларки: «Ким жонлиқ сўйса-ю, «басмала» айтишни унутса, унга Аллоҳнинг исмини зикр қилиб еяверсин. Модомики, фитрат (соф табиат) шариатга биноан сўйган экан, уни шайтонга бериб қўймасин» (Байҳақий ривояти).

Асарда келишича, «Аллоҳнинг исми ҳар бир мусулмоннинг оғзидадир» («Найлул автор»).

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид