АЛЛОҲНИНГ ЙЎЛИДА БИРИНЧИ ЎҚ ОТГАН КИШИ

АЛЛОҲНИНГ ЙЎЛИДА БИРИНЧИ ЎҚ ОТГАН КИШИ

imon.uz 2024-12-03 10:52:28 52

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳижратларидан кейин жойлашиб, дастлаб қилиниши лозим бўлган ишларни ҳам саранжомлаб олганларидан сўнг керакли жойларга турли топшириқлар ила сарийя – қуролли гуруҳлар юбора бошладилар. Ана ўша сарийяларнинг энг биринчиси сафида Саъд ибн Абу Ваққос ҳам бор эдилар.

Ўша сарийя ҳақида Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўзлари Имом Бухорий қилган ривоятда, қуйидагиларни айтадилар:

«Албатта, араблардан Аллоҳнинг йўлида биринчи ўқ отган одам менман!»

Бу тарихий ҳодиса қуйидагича содир бўлган эди. Биринчи ҳижрий санада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайда ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб бошлиқ сарийяни Робиғ тарафга юбордилар. Улар биринчи сарийя ҳисобланар эдилар. Сарийя Қурайшнинг карвони билан йўлиқиши керак эди. Мушрикларга Абу Суфён бошлиқ эди. Мусулмонларнинг сарийяси олтмишта муҳожир саҳобалардан иборат эди. Мусулмонларнинг бу биринчи чиқишларида биринчи байроқ ҳам тикилган эди. Биринчи байроқдорликка Саъд ибн Абу Ваққос ихтиёр қилинган эдилар. Икки тараф тўқнашди. Мушриклар билан мусулмонлар орасида биринчи қуролли тўқнашув содир бўлди. Ана шунда Саъд ибн Абу Ваққос биринчи бўлиб камондан ўқ отдилар.

Албатта, бу ишларнинг ҳаммасига муяссар бўлган зот Саъд ибн Абу Ваққос катта бахт-саодат ва фазлга эга бўлганлар. Бунчалик нарсалар ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Учинчи сарийяни Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу раҳбарликларида Ҳижознинг ал-Хироз номли ерига юборилган.

Демак, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу энг аввалги мусулмон қўмондонлардан ҳисобланадилар.

Саъд ибн Абу Ваққос аввалги сарийялар ичида энг машҳурларидан бири, кўпгина шов-шувларга сабаб бўлган ва у ҳақида Қуръони Каримда оятлар ҳам тушган Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг сарийяларида ҳам бор эдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуни саккиз нафар муҳожир саҳобийлардан иборат жангчи гуруҳга бошлиқ қилиб юборганлар. Шу билан бирга, Абдуллоҳ ибн Жаҳшга хат бериб, уни икки кун юргандан сўнг очишга буюрганлар. Вақти келиб хатни очса, унда:

«Ушбу мактубни ўқиганингдан сўнг Макка билан Тоиф орасидаги Ботни нахла деган жойгача юриб бор. Ўша ерда Қурайш қабиласини кузатасан ва бизга хабарини берасан. Шерикларингдан бирортасини ўзинг билан боришга мажбур қилма», деган гаплар ёзилган экан.

Бу Бадр урушидан аввал эди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб, «Эшитдик ва итоат қиламиз», дедилар. Кейин шерикларига қараб:

«Мени Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам Ботни нахлага бориб, Қурайшни кузатиб, у кишига хабарини олиб боришимни буюрдилар. Сиздан бирортангизни ҳам мажбур қилишимдан қайтардилар. Сиздан ким шаҳид бўлишни хоҳласа, мен билан юрсин, ким ёқтирмаса, ортига қайтсин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажариш учун бораман», дедилар.

Шерикларининг ҳаммаси ҳам битта қолмай бордилар. Ҳижознинг йўлига юриб кетдилар, бир ерга етганларида Саъд ибн Абу Ваққос ва Утба ибн Ғазвоннинг туялари йўқолиб қолиб, уларни излаймиз, деб Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг гуруҳидан ажраб қолдилар. Қолган олти киши юриб кетдилар. Жангчи гуруҳ Ботни нах­лага етганда Қурайшнинг тижорат ортилган карвони ўтиб қолди. Карвонда Амр ибн ал-Ҳазрамий ва яна уч киши бор эди. Жангчи гуруҳ Амр ибн ал-Ҳазрамийни ўлдириб, икки кишини асир олди, бир киши қочиб кетди. Карвон ўлжа қилиб олинди. Улар ўша кунни жумадул охир ойининг охирги куни деб ҳисоблашган эдилар. Кейин маълум бўлишича, Ражаб ойининг биринчи куни экан.

Жангчи гуруҳ ўлжани ва икки асирни олиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келишган эди, у зот:

«Мен сизларни уруш ҳаром қилинган ойда уруш қилишга амр қилмаган эдим», дедилар ва ўлжа ҳамда икки асирни олишдан бош тортдилар. Шундан сўнг бу гуруҳ одамларнинг назаридан қолди. Мусулмон биродарлари уларга қўпол муомала қила бошладилар. Кўпчилик, булар ҳалокатга учради, деб ўйлади.

Аммо кейин оят тушиб, уларни оқлади.

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид