130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
БАНИ ОДАМНИНГ ТАБАҚАЛАРИ
imon.uz 19-11-2024 104Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин
. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ Одамни жамики ердан чангаллаб
олган қабзадан яратди. Бас, бани одам ўша ернинг миқдорича келдилар. Улардан
қизили, оқи, қораси ва уларнинг орасидагилари бор. Осони, қийини, ифлоси,
покизаси ва уларнинг орасидагилари бор», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
бизга аср намозини ўқиб бердилар. Сўнгра туриб хутба қилдилар. Қиёмат соатигача
бўладиган нарсалардан бирор нарсани қолдирмай бизга хабарини бердилар. Ким
ёдласа, ёдлаб қолди. Ким унутса, унутиб юборди. У зот айтганлар ичида
қуйидагилар бор эди:
«Огоҳ бўлинглар! Бани одам турли табақаларда
яратилган. Бас, улардан мўмин туғилиб, мўмин яшаб, мўмин ўладиганлари бор.
Улардан кофир туғилиб, кофир яшаб, кофир ўладиганлари бор. Улардан мўмин
туғилиб, мўмин яшаб, кофир ўладиганлари бор. Улардан кофир туғилиб, кофир яшаб,
мўмин ўладиганлари бор.
Билингки, улардан баъзилари ғазаби секин,
қайтиши эса тез ва баъзилари ғазаби тез, қайтиши эса секиндир. Билингки,
уларнинг энг яхшиси ғазаби секин, қайтиши тезларидир. Энг ёмони эса, ғазаби
тез, лекин қайтиши секинларидир.
Билингки, улардан яхши адо қиладиган ва яхши
талаб қиладиганлари бор. Улардан ёмон адо қиладиган ва яхши талаб қиладиганлари
бор. Бас, унга бу, бунга у.
Билингки, улардан ёмон адо қиладиган ва ёмон
талаб қиладиганлари бор. Билингки, уларнинг яхшиси яхши адо қилиб, яхши талаб
қиладиганларидир. Улардан яхши адо қилиб, ёмон талаб қиладиганлари бор. Бас,
унга бу, бунга у. Билингки, уларнинг ёмони ёмон адо қилиб, ёмон талаб
қиладиганларидир.
Билингки, ғазаб одам боласи қалбидаги бир
чўғдир. Унинг кўзларининг қизаришини, томирларининг бўртиб чиқишини
кўрмайсизми? Кимки ўзида ушбудан бирор нарсани ҳис қилса, ерга яқинлашсин»,
дедилар.
Бас, биз қуёшдан бирор нарса қолдимикан деб
аланглаб қарай бошладик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Билингки, дунёдан унинг ўтгани ўтиб, худди
бугунги кунингизнинг ўтгани ўтиб қолганича қолди, холос», дедилар».
Термизий ривоят қилган.