130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
БИРОВНИНГ АЙБИНИ БЕРКИТИШ .
imon.uz 09-01-2025 9Ривоят қилишларича Мусо алайҳис салом даврида Бани Исроил қавмига қаҳатчилик етибди. Одамлар тўпланиб, Мусо алайҳис салом ҳузурларига келиб: - Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, Раббингга дуо қил, бизга ёмғир ёғдирсин, - дейишди.
Мусо алайҳис салом улар билан бирга бир саҳрога чиқдилар, улар етмиш минг ёки ундан зиёда эдилар. Мусо алайҳис салом дуо қилиб:
“Илоҳим, бизга ёмғирингни ёғдир ва раҳматингни тушир, эмадиган гўдаклар, ўтлайдиган ҳайвонлар ва қарияларнинг сабабидан бизга раҳм қил” - дедилар.
Дуодан сўнг осмон янада очилиб, қуёшнинг ҳарорати зиёдалашди. Мусо алайҳис салом таажжубга тушиб, Аллоҳ таолодан бунинг сабабини сўраган эди, Аллоҳ таоло ваҳий қилиб:
“Ичингизда қирқ йилдан бери гуноҳ қилиб, Менга осий бўлиб келаётган банда бор. Айт, шу банда орангиздан чиқсин, мен унинг сабабидан ёмғирни тўхтатиб турибман” - деди.
Мусо алайҳис салом:
“Илоҳим, мен бир заиф банда бўлсам, овозим ҳам кучсиз бўлса, қаерга ҳам етарди, ахир, улар етмиш мингдан зиёддир” - деди. Аллоҳ таоло:
“Сендан нидо, етказиш эса биздан”, - деб ваҳий қилди. Шунда Мусо алайҳис салом туриб:
“Эй қирқ йилдан бери гуноҳ қилиб, Аллоҳга осий бўлиб келаётган банда, ичимиздан чиқ, сенинг сабабингдан ёмғир тўхтаб турибди” - деб нидо қилди.
Гуноҳкор банда ўнг ва чап ёнларига қаради, лекин ҳеч кимнинг чиққанини кўрмади, билдики, талаб қилинаётган киши ўзи экан.
Ночор қолган гуноҳкор киши, агар жамоатдан чиқсам, шарманда бўламан, чиқмасам, менинг сабабимдан ёмғир ёғмайди, деб ўйлади ва гуноҳларига қаттиқ пушаймон бўлиб, Аллоҳга илтижо қила бошлади:
“Парвардигоро, қирқ йил гуноҳ қилдим, муҳлат бердинг. Энди эса сенга итоат қилиб сўрайман, тавбамни қабул қилгин”, - деди.
Ҳали гапини тугатмасидан осмонга булут келиб, мешнинг оғзидан сув тўкилгандай ёмғир ёға бошлади. Мусо алайҳис салом:
“Илоҳо, гуноҳкор банданг ичимиздан чиқмади-ку, нима учун ёмғир ёғдиряпсан?”, - деди. Аллоҳ таоло:
“Эй, Мусо, мен ана шу банда сабабидан ёмғир ёғдиряпман”, - деди. Мусо алайҳис салом:
“Илоҳо, менга ўша бандангни кўрсат”, - деди. Аллоҳ таоло:
“Мен уни гуноҳ қилиб юрган вақтида шарманда қилмадим, энди итоатгўй бўлганида шарманда қиламанми?” - деди.