130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Болангиз дарс қилмаяптими.?
imon.uz 2024-06-28 01:52:38 261Бола тарбияси билан боғлиқ муаммога дуч келмаган одам йўқ. Бундай муаммоларни ечишда ҳар кимнинг ўз йўли, услуби бор. Бироқ оддий вазиятларда ҳам тўғри қарор қилолмай фарзанди ва ўзи орасидаги муносабатга шикаст етказиб қўядиган кишилар бор. Ёки бирданига сўнгги чорага – болани жазолаш, ҳатто калтаклашга ўтиб кетадиганлар ҳам учраб туради. Бу эса боланинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади, унинг ақлий ривожланишига, дунёқараши тўғри шаклланишига зарар етказади. Қуйида россиялик руҳшунос Татьяна Чаликнинг болада яхши дарс тайёрлаш кўникмасини ҳосил қилиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақидаги маслаҳатлари билан танишасиз. Улар ҳаммага бирдай мос келади деган фикрдан йироқмиз. Чунки ҳар бола ўзига хос бир олам. Аммо маслаҳатлар ичида сизнинг тарбия жараёнингизга мос келадиган фикрлар бўлиши мумкин.
Болани эркин қўйинг!
Бизнинг онгизмизга “Яхши ота-она уй вазифасини бола билан бирга бажариши керак” деган фикр негадир ўрнашиб қолган. Бу усулни фақат биринчи синфда болага вақтдан фойдаланишни ўргатиш учун қўллаш мумкин. Кейинчалик эса ота-она болага зарур ҳоллардагина, ўзи сўраганидагина ёрдам бериши керак. Уй вазифасини катталарнинг ўзи бажариб бериши яхшимас.
Болани рағбатлантиринг!
Фарзандингизни рағбатлантириб туринг. Лекин уни “сотиб олиш” ярамайди. Болага дарс ва ўқиш катталарнинг ишлаши каби зарур нарса эканини яхшилаб тушунтириш керак. Бошланғич синф ўқувчиларига билим олишнинг аҳамияти ҳақида эртак ё ҳикоя ўқиб берса бўлади. Шунда бола эртак қаҳрамонларидан намуна олади.
Фожиа ясаманг!
Боланинг ўқишига меъёридан ортиқ жиддийлик билан ёндашиш ярамайди. Мактабда олинган паст баҳони ҳақорат сифатида қабул қилиб, ундан фожиа ясамаслик керак. Шунингдек, доим қўшни болани мисол қилиб келтиравериш ҳам яхшимас. Ундан кўра болада рақобат кайфиятини уйғотинг. Масалан, ўша қўшни бола билан ким кўпроқ “беш” баҳо олишга мусобақалаштиринг. Фарзандингизни олқишлаб туришни унутманг.
Боланинг қизиқишларини инобатга олинг!
Боланинг қизиқишларини ҳисобга олиб уни спорт ё санъат тўгарагига олиб боринг. Бу борада унга танлаш имконини беринг. Агар у бирор тўгаракка бир ойча бориб, ёқмаганини айтса, болани мажбурламанг. Бошқа тўгарак ё устоз топиб беринг.
Кўпчилик орасида бўлиш болани одамовиликдан сақлайди ва уни доим олға интилиб яшашга ундайди. Ҳеч бир бола тенгдошларидан ортда қолишни истамайди.
Хулласи калом...
Кўпчилик ота-оналар анъанавий фикрлайди: ёмон ўқиган университетга киролмайди! Натижани яхшилашга уриниш зарур. Лекин масаланинг моҳияти бунда эмас. Сиз болага бошқачасига таъсир қилишга урининг: айтайлик, фарзандингизга ота-оналар мажлисида уни мақташгани сизга ёққанини, сиз у билан фахрланишингизни айтинг.
Энг муҳими фарзандингиз билим қандайдир олий мақсадларга етишиш, яхши яшаш учун эмас, энг биринчи ўринда, яхши инсон бўлиш учун кераклигини тушуниб етсин.
Миролим Мансур таёрлади