130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

БОРЛИКДАГИ БАРЧА НАРСАНИНГ АЛЛОҲГА ТАСБЕҲ АЙТИШИ
imon.uz 2025-02-21 01:30:35 78Аллоҳ таоло улуғлиги камоли, мулки, иззати тугаллиги сабаб осмон, ер, тоғлар, дарахтлар, қуёш, ой, ҳайвонлар, қушлардан иборат барча мавжудотлар тасбеҳ айтади.
«Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот Унга тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур”. Лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини англамайсиз. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечиримли Зотдир» (Исро сураси, 44-оят).
«Биз Довудга (улуғ) фазл (мартаба) ато этдик: «Эй, тоғлар ва қушлар! (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтингиз!» (Сабаъ сураси, 10-оят).
«Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйин сундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчидирмиз» (Анбиё сураси, 79-оят).
«Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб (мудом) у (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб, бўйин сундириб қўйдик» (Сод сураси, 18-оят).
Бу оятлар борлиқдаги барча нарса Аллоҳга тасбеҳ айтишини билдиради. Гарчи биз уларнинг тасбеҳини тушунмасак ҳам ҳайвонлар, ўсимликлар, тоғу тошлар ва Аллоҳ таоло яратган барча нарса тасбеҳ айтади. Уларнинг тасбеҳ айтиши ҳол юзасидан эмас, балки сўз, лафзлар биландир. Лекин оддий одамлар уни тушунмайди.
Довуд алайҳиссаломга мўъжиза қилиб тоғлар ва қушлар у билан тасбеҳ айтган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам берилган мўъжизалар ичида тошлар, таомнинг тасбеҳ айтиши мавжуд.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. «Биз ғайри табиий воқеа-ҳодисаларнинг (баъзисини) Аллоҳ таолонинг баракоти туфайли рўй беради, деб ҳисоблар эдик. Сизлар эса, уларнинг барчасини (Аллоҳ таоло ўз бандаларини) қўрқитиб қўйиш учун содир қилади, деб ҳисоблайсизлар. (Масалан, Жаноб Расулуллоҳнинг кўп сонли қўшинни озгина таом билан тўйдира олганлари Аллоҳ таолонинг баракоти туфайлидир. Қуёш ёки Ойнинг тутилиши эса, Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини қўрқитиб қўйишидир).
Биз бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда ғазотда бўлдик. Шунда сувимиз оз қолган бўлиб, Жаноб Расулуллоҳ: «Қолган сувни келтиринглар!» дедилар. Сўнг, у зот бир идишда озгина сув келтиришгач, муборак қўлларини идишнинг ичига тиқдилар-да: «Муборак покловчи сувга ошиқинглар, барака эса, Аллоҳ таолодандир!» - деб марҳамат қилдилар. Шундан сўнг, мен жаноб Расулуллоҳнинг бармоқлари орасидан сув отилиб чиқаётганини кўрдим. Кўпинча биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ейилаётган таомнинг Аллоҳ таолога тасбеҳ айтаётганини эшитар эдик» (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисларда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги тошларнинг тасбеҳ айтиши зикр қилинган.
Шайх Муҳаммад Мутавалли ШАЪРОВИЙ