Булут қиссаси.

Булут қиссаси.

imon.uz 2024-09-26 12:49:06 253

Бани Исроилда бир қишлоқ бўлиб, у қишлоқ аҳли кечасию-кундузи бир-бирига ёмонлик, зулм, бир-бирини ўлдириш каби бошқаларга ёмонлик қилишдан иборат  экан. У қишлоқда бир киши тўқсон тўққизта одамни ўлдирганидан кейин, қаттиқ надомат қилиб, қиёмат куни Аллоҳнинг азобидан қўрқиб бошқа ҳеч кимни ўлдирмасликка қарор қилибди. Сўнгра илмли киши излаб атрофидагилардан сўраб суриштирса, улар бир обидга боришини айтибди. Обид ибодат қиларкану, лекин уни илми йўқ экан. Киши обиднинг олдига бориб:

         -Эй обид, сендан масала сўраб келдим дебди. Обид:

         -Нима саволинг бор?, дебди. Киши:

         -Тўқсон тўққиз одамни ўлдирганман дебди. Обид ажабланиб:

         -Тўқсон тўққиз одамни ўлдирганман дедингми?, дебди. Киши:

         -Ҳа тўқсон тўққиз одамни ўлдирганман дебди. Обид:

         -Мендан нимани ҳоҳлайсан?, дебди. Киши:

-Тавба қилмоқчиман, Аллоҳ тавбамни қобул қиладими?, дебди. Обид кишига қараб:

-Йўқ, Аллоҳ тавбангни қобул қилмайди, тўқсон тўққиз одамни ўлдиргансан қандай тавбангни қобул қилади, бу гуноҳларинг учун сени қаттиқ азоб билан азоблайди, дебди.

Обиднинг гапидан ғазабини тия олмаган киши уни ҳам ўлдирибди. Шу билан юзта шахсни қотилига айланибди.

Киши обидни ҳам ўлдирганига қаттиқ надомат чекиб, пушаймон бўлиб, инсонлардан сўраб яна бир олим кишини топибди ва унинг олдига бориб, ўз ҳикоясини айтиб берибди. Олим ажабланиб:

-Юзта одамни ўлдирдингми?, дебди. Киши:

-Ҳа, юзта одамни ўлдирдим, дебди. Олим:

-Нимани ҳаҳлайсан? Дебди. Киши:

-Тавба қилмоқчиман, Аллоҳ тавбамни қобул қиладими?, дебди. Олим:

-Ҳа, Аллоҳ меҳрибон, гуноҳларни кечиргувчи тавбангни қобул қилади, дебди. Киши Аллоҳ тавбасини қобул қилишини эшитиб жуда хурсанд бўлибди. Шунда олим:

-Лекин Аллоҳ тавбангни қобул қилиши учун сен бир муҳим ишни қилишинг лозим, дебди. Киши:

-У нима? Ҳозир бу ишни бажараман, дебди. Олим:

-Сен яшаётган аҳли ёмонлардан иборат бўлган қишлоғингни ташлаб, бирга тавба қилишинг учун аҳли солиҳ бошқа қишлоққа боргин, дебди.

Киши олимнинг айтганини қилиб, қишлоғини ташлаб, бошқа яхши қишлоққа боришга қарор қилиб йўлга чиқибди. Бу тавба қилгувчи киши йўлнинг ўртасида ўлим фариштаси уни кутиб турганини, солиҳ қишлоққа етмасдан жонини олишини билмасди. Йўлнинг ўртасига етганида Аллоҳ унга раҳмат ва азоб фаришталарини юборибди.

Фаришталар кишининг руҳини қабз қилишда талашиб қолибдилар. Раҳмат фаришталари:

-Бу киши чин қалбидан Аллоҳга юзланиб, тавба қилиб келаётган эди, дебди. Азоб фаришталари:

-У юзта кишини ўлдирган, ҳеч бир яхши амал қилмаган, дебди.

Аллоҳ бир фариштани одам суратида юбориб, уларга киши ўлган жойни ўлчашни, агар аҳли солиҳ қишлоққа яқин бўлса раҳмат фаришталари, аҳли фосид қишлоққа яқин бўлса азоб фаришталари жонини олишини айтгин дебди.

Аллоҳ солиҳ қишлоқ тамондаги ерга қисқаришига ва фосид қишлоқ тамондаги ерга узоқлашишга амр қилибди.

Фаришталар ўлчаб кўрсалар солиҳ қишлоққа бир қариш яқинроқ экан. Киши жаннат аҳлидан бўлиши учун раҳмат фаришталари жонини олибдилар.

Шу ўринда қиссадан олинадиган фойдалар билан танишиб чиқсак.

         1-Ёмон суҳбат ва ёмонларга аралашиш инсоннинг ҳаётига тасир қилишлиги.

2-Мусулмон гуноҳ қилса Аллоҳни раҳматидан ноумид бўлмасдан, тавба қилмоқлиги лозимлиги. Чунки Аллоҳнинг раҳмати кенгдир.

         3-Мусулмон дўзахдан узоқ қиладиган, жаннатга олиб борадиган тўғри йўлни топгунича илм аҳлидан сўрашлиги лозимлиги.

         4-Аллоҳ таоло ҳар қандай гуноҳкор кишини тавбасини қобул қилади агарчи қотиллик қилган бўлса ҳам.

         5-Олим обиддан афзаллиги. Обид тавба қилишни ҳоҳлаган кишига тавба эшикларини беркитди, олим орзу эшикларини очиб, тўғри йўлга далолат қилди.

         6-Мусулмон Аллоҳ учун қилган ниятида холис бўлса, Аллоҳ уни икром қилиши ва унга борлиқни бўйсундириб қўйишлиги.

         7-Гуноҳкор киши тавба қилиши ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги учун унга орзу эшикларини очиш лозимлиги.

Ушбу қисса Имом Бухорий “Аҳадисул анбиё” китобида 3470 ўринда ва Имом Муслим “Тавба” китобида 2766 ўринда ривоят қилган ҳадислар асосида тайёрланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид