ЧАҚИМЧИЛИК

ЧАҚИМЧИЛИК

imon.uz 2024-09-06 01:34:58 158

Чақимчилик қилишнинг сабаблари

1. Гапи нақл қилинаётган шахсга ёмонлик етказиш нияти.

2. Гап айтилаётган одамга яхши кўриниш.

3. Ўзини ўзи хурсанд қилиш ва бошқалар.


Чақимчиликнинг зарарлари:

 

1. Чақимчилик дўзахга олиб борувчи йўлдир.

2. Чақимчилик улфатлар орасида адоват оловини ёқади.

3. Чақимчилик озор, зарар, алам, хусумат ва нафратдир.

4. Чақимчиликнинг охири войдир.

5. Чақимчилик яхшиликларни кетказади.

6. Чақимчилик пасткашлик, қўрқоқлик, заифлик, макр, ялтоқлик ва мунофиқликдир.


ЧАҚИМЧИЛИКНИ ДАВОЛАШ


Аввало чақимчи қиладиган чақимчилиги туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак. Шунингдек, унинг савоблари чақимчилик қилинган одамга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин. 


Чақимчилик пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Агар ўзини айблардан холи деб билса, шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айблардан бири - чақимчилик ила булғамасин. Ўзининг айби бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Ўзи ҳақида бировнинг чақимчилик қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгалар ҳақида чақимчилик қилишни истамасин. 


Чақимчиликга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилиш пайида бўлсин. Дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабини йўқ қилиш ила бўлади.


Чақимчи билан қандай муомалада бўлинади?


Бу ҳақда имом Заҳабий айтади: «Кимга чақимчилик етиб келса ва унга: «Сен ҳақингда Фалончи ундай деди, бундай деди», дейилса, қуйидаги олти тавсияни амалга оширсин:


1. Чақимчига ишонмасин. Чунки у чақимчилиги сабабли фосиқ бўлди.

2. Уни бу ишдан қайтарсин. Унга насиҳат қилсин ва чақимчилигини қораласин.

3. Аллоҳ таоло учун уни ёмон кўрсин. Чунки Аллоҳ таоло чақимчини ёмон кўради. Аллоҳ таоло учун ёмон кўриш вожибдир.

4. Чақимчилик қилинаётган одам ҳақида ёмон гумонга бормасин. Чунки Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

  «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир» (12-оят).

5. Чақимчилик уни қарши тараф зиддига олиб бормасин.

6. Чақимчининг гапини бошқаларга айтиб, ўзи чақимчилик қилиб юрмасин.


"Руҳий тарбия" китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид