Даюслик ва қўшмачилик

Даюслик ва қўшмачилик

imon.uz 2023-06-09 01:54:37 408

Аллоҳ таоло айтади:

«Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни, зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир» (Нур сураси, 3-оят).

Мазкур ояти каримада ифодаланишича, зинокор, фосиқ кимса солиҳа аёлларга уйланишга рағбат кўрсатмайди. Билъакс, у ўзига ўхшаган нопок, фосиқа аёлга ёки мушрикага уйланишни хоҳлайди. Шунингдек, фосиқа, нопок аёлга уйланишга солиҳ кишилар рағбат билдирилмайдилар. Уларга фосиқ ва мушриклар рағбат-хоҳиш билдирадилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч тоифа одамлар жаннатга кирмайдилар: ота-онасига оқ бўлганлар, даюслар, эркакшода аёллар» (Насоий, Баззор, Ҳоким ривояти).

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа одамлар ҳеч қачон жаннатга кирмайдилар: даюслар, эркакшода аёллар, хамр (маст қилувчи нарса)га муккасидан кетганлар», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, хамрга муккасидан кетганни, биламиз. Даюс ким?» деб сўрашган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳлининг ҳузурига ким кираётганига парво қилмайдиган кимса», деб жавоб бердилар. «Эркакшода аёл ким?» деб сўрашган эди: «Ўзини эркакларга ўхшатадиган аёл», дедилар» (Табароний ривояти).

Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Кимки хотинини фоҳишалик қилади, деб ўйласа-ю, бироқ уни яхши кўргани ёки маҳрини тўлашга қурби етмаслиги ва ё ёш болалари бўлиб, ажрашган тақдирда, уларнинг нафақасини талаб қилишдан қочганлиги сабабли, хотинининг хиёнатини билмаганга олса, ундай кимса бу хотин билан яшашга лойиқ эмас. Фаюрлиги – рашки йўқ кимсада ҳеч бир яхшилик бўлмайди.

Покиза аёлни ўз ҳолига қўймай, фоҳишага айланишига сабабчи бўладиган қўшмачига икки ҳисса гуноҳ бўлади.

Аллоҳдан барча бало офатдан омон сақлашни сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли зотдир.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид