ДУНЁДАН  ОГОҲЛАНТИРИШ ҲАҚИДА

ДУНЁДАН ОГОҲЛАНТИРИШ ҲАҚИДА

imon.uz 2025-01-03 01:52:07 65

"Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор".

(Тағобун, 15).

Мол-мулк инсон учун синовдир. У қўлига келган мол-дунёни ҳовлиқмасдан, тўғри йўлда сарфласа, ибодатини вақтида қилса, улкан савобларга эга бўлади. Аммо дунёга берилиб, йўлдан озса, ҳаром-хариш ишларни қилса, мол топиш учун гуноҳ йўлларга ҳам кираверса, унда синовдан ўта олмаган бўлади ва гуноҳига яраша жазосини олади. Шунингдек, фарзандлар ҳам Аллоҳнинг улкан неъматидир. Уларни тўғри тарбиялаб, художўй қилиб ўстирилса, икки дунёнинг обрўйини олиб берадилар. Агар тескариси бўлса, икки дунёда шарманда қиладилар.

Демак, Аллоҳнинг муҳаббатини мол-мулк ва фарзандлар муҳабатидан устун қўймоқ зарур. Чунки унинг ҳузурида улуғ ажр бор.

Имом Аҳмад ибн ҳанбал қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:

"Расулуллоҳ алайҳиссалом хутба айтиб турган эдилар. Шу пайт қизил кўйлак кийиб олган Ҳасан билан Ҳусайн қоқилиб-йиқилиб масжидга кириб кела бошладилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом минбардан туриб, икковларини кўтариб олдиларига қўйдилар ва Аллоҳ билан Унинг Расули: "Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас", деб айтган. Бу икки гўдакнинг қоқилиб-йиқилиб келаётганини кўриб, чидаб тура олмадим ва гапимни бўлиб, уларни кўтариб олдим", дедилар".

Аллоҳ таоло Луқмон сурасида:

"Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда бергувчи бўлмайдиган кундан қўрқинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин", деган (33-оят).

Муслимнинг ривоятида:

"Дунё ям-яшил, шириндир. Албатта, Аллоҳ сизларни унга халифа қилиб қўядир. Қандоқ амал қилишингизга назар соладир. Бас, дунёдан қўрқинглар ва аёллардан қўрқинглар. Шубҳа йўқки, Бани Исроилнинг аввалги фитнаси аёлларда бўлган", дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Дунёнинг янги пишган мева каби гўзал кўринишда ва ширин таъмли бўлиши.

2. Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларни мол-дунёга Ўзидан халифа қилиб қўйиши. Бундан мўмин-мусулмонларнинг ичида бой-бадавлат одамларнинг бўлиши аввалдан маълумлиги келиб чиқади.

3. Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга мол-дунё берганда уларни синаш учун, қандоқ амал қилишларини юзага чиқариш учун назар солиши. Шунинг учун мол-дунёга эга бўлган киши уни Аллоҳ таолони рози қиладиган йўлларга сарфлаши лозим бўлади.

4. Дунёдан эҳтиёт бўлиш кераклиги. Эҳтиёт бўлмаган киши фитнага учраб, гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин.

5. Аёл кишиларга эҳтиёт бўлиш кераклиги. Аёл киши иймон-эътиқодли, диндор, солиҳа, одоб-ахлоқли бўлмаса, бало-офат эканлигига ҳамма ҳам, ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам қўшиладилар. Эркаклар бошига кўпгина балолар номаъқул аёллар сабабидан келишини эса, тажриба кўрсатиб турибди, бунга тарих шоҳид.

عن أبي هريرة رضي الله عنه، عن النبي صلى الله عليه وسلم، قال: الدنيا سجن المؤمن وجنون الكافر.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Дунё мўминнинг қамоғи ва кофирнинг жаннатидир", дедилар".

Шарҳ: Бу дунёнинг роҳат-фароғатлари Аллоҳ таоло охиратда мўмин-мусулмонларга берадиган жаннат ва унинг неъматлари олдида қамоққа ўхшаб қолади. Шунингдек, Аллоҳ таоло кофир ва мунофиқларга охиратда берадиган дўзах ва унинг азоблари олдида бу дунёнинг роҳат-фароғатлари улар учун жаннатга ўхшаб қолади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Огоҳ бўлинглар! Дунё малъундир ва ундаги нарсалар малъундир. Илло, Аллоҳнинг зикри, У Зотнинг яхши кўрган нарсаси, олим бўлиш ва таълим олиш мустаснодир", дедилар".

"Ҳадис ва Ҳаёт, 36-жуз" китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид