ДУОСИ ҚАБУЛ ЗОТ

ДУОСИ ҚАБУЛ ЗОТ

imon.uz 2024-12-02 01:24:30 76

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар.

Сўнгра эса қуйидаги ривоятда келадиган дуони қилдилар.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Аллоҳим, Саъд Сенга қачон дуо қилса, қабул айлагин!» дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини ижобатсиз қўймайди. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос ҳақларидаги бу дуоларини ҳам қабул қилди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг қиличлари, найзалари ва ўқлари каби дуолари ҳам ўткир бўлди. У киши қачон дуо қилсалар, Аллоҳ таоло дуоларини қабул қиладиган бўлди.

Бу ҳақда келган кўплаб ривоятлардан бирини келтириш билан кифояланамиз.

Омир ибн Саъддан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Саъд Али, Толҳа ва Зубайрни сўкаётган бир одамни кўрди ва уни бу ишдан қайтарди. У қайтмади. Шунда у:

«Ундоқ бўлса, сени дуоибад қиламан!» деди.

«Сен мени худди ўзингни Набийдек тутиб таҳдид қиласан-а!» деди ҳалиги киши.

Саъд бориб, таҳорат қилди. Икки ракъат намоз ўқиди ва:

«Эй Аллоҳим! Агар мана шу одамнинг Сен томондан яхшилик ироданг кетган кишиларни сўкканини билган бўлсанг, уларни сўккани Сенинг ғазабингни қўзиган бўлса, уни бир белги ва ибрат қилгин!» деб дуо қилди.

Озгина вақт ўтмай туриб, ҳовлилардан биридан бир туя қочди. Уни ҳеч нарса тўса олмади. У одамлар тўпини ёриб кирди. У бир нарсани қидираётганга ўхшар эди. Сўнгра ҳалиги одамни оёқлари остига олиб тепсай бошлади. Уни ўлгунича тепалади».

Бу ривоятдан кўплаб ибратлар оламиз. Жумладан, Саъд ибн Абу Ваққоснинг дуолари қабул экани ва Али, Зубайр ва Толҳа розияллоҳу анҳумнинг Аллоҳ таолога муқарраб бандалар эканликларини билиб оламиз.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жанг­ларида мусулмон лашкарининг биринчи сафида туриб мардонавор жанг қилдилар.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид