Фақирга ҳам, бойга ҳам саховат қилар эдилар

Фақирга ҳам, бойга ҳам саховат қилар эдилар

imon.uz 14-03-2025 41

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. Айниқса, Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида сахийликлари янада ортар эди. Жаброил алайҳиссалом У зот билан Рамазоннинг ҳар кечасида учрашар ва биргаликда Қуръонни ўқиб ўтказар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида эсувчи шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сахийликлари сахийликнинг барча кўринишларини ўзида мужассам қилган эди. Яъни, у зот илм, жон ва молини Аллоҳнинг йўлида, динни қувватлаш ва умматини ҳидоят қилиш ҳамда уларга манфаат етказиш учун сарфлар эдилар. У зот жоҳилларга таълим берар, ҳожатмандларнинг эҳтиёжларини қондирар ва очларни тўйғизар эдилар.

Ҳадисдаги “эсувчи шамолдан ҳам сахийроқ” деган жумла Расулуллоҳ Рамазонда яхшилик қилиш, инсонларга фойда етказиш ва сахийлик борасида худди тез эсувчи шамолдек жуда шошилар эдилар. Чунки шамолнинг эсиши барчага бирдек етиб боради.

Ибн Мунаййир раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадиснинг шарҳида бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшиликлари фақирлару ҳожатмандларга ва ҳатто бойларга ҳам эсувчи шамолдан пайдо бўлган ёмғир каби бирдек етиб борар эди” .


"Фатҳул борий", 4/139.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид