Фолбинларга  ишонманг.

Фолбинларга ишонманг.

imon.uz 2024-10-02 02:55:29 114

Фол очтириш, фолбинлик билан шуғулланиш соф эътиқодимизга зид бўлган амал бўлишига қарамасдан афсуслар бўлсинки жамиятимиздаги баъзи кишилар бу ишга ружу қўйишган. Динимизда фолбинларга ишонишдан қаттиқ қайтарилган ва буни ширкка тенглаштирилган. Чунки, фолбин ғайбни билишини даъво қилади, фолбинга борган эса, бунга ишонади ва оқибатда иккиси ҳам оғир гуноҳкор бўлади. Ғайбни билиш ва инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. Зеро, Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 188-оятида шундай деган: “Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапига ишонса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”, деганлар.

Имом Термизий ривояти.

           Аҳли сунна вал жамоа ақидасини ёритиш борасида машҳур бўлган Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовийнинг “Ақидатут Таҳовия” китобида шундай жумлалар бор: “Фолбин ва топқирларнинг шунингдек, Қуръон, суннат ва ижмои умматга хилоф нарсани даъво қилгувчиларнинг гапини тасдиқламаймиз”. Бунга далил қуйидаги ҳадисдур: Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, деб жавоб бердилар. Имом Бухорий ривояти.

Муовия ибн ал-Ҳакам ас-Саламий розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллоҳ! Мен жоҳилиятдан эндигина чиқдим. Аллоҳ таоло бизга ислом динини келтирди. Биздаги баъзи кишилар фолбинларнинг олдига борадилар, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларга айтинг, бормасинлар”, дедилар. Имом Муслим ривояти.

Маълумки, динимизда фолбинликни қораланишининг боиси, унинг жамият учун бир қанча моддий, маънавий, ахлоқий, эътиқодий зарарлари борлиги учундир. Зеро, фолбинлик орқали топилган мол ҳаром, фолбинга берилган пул исрофдир.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг харож ишлаб берадиган қули бор эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унинг берган харожидан ер эдилар. Бир куни у бир нарса олиб келди ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу ундан едилар. Шунда қул: Буни нима эканлигини биласизми? – деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Бу нима эди? – деб сўрадилар. Қул: Мен жоҳилият вақтида бир одамга фол очган эдим. Ўзим фолбинликни билмайман, аммо уни алдаган эдим. Ҳозир келиб менга ўшанинг ҳаққини бериб кетди. Еганингиз ўшандан эди, деди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу қўлини оғзига тиқиб, қорнидаги ҳамма нарсани қайт қилиб ташлади. Имом Бухорий ривояти.

Фолбинларнинг ёлғон маълумотларига ишониш натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетаяпти, ака-ука, қуда-андалар ўртасига совуқлик тушаяпти. Жамиятдаги кишиларнинг бир-бирларидан бадгумон бўлиши каби нохуш ҳолатлар ҳам ана шу фолбинларнинг шум хабарлари натижасида вужудга келаяпти.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи инсофу тавфиқ бериб, бундай шариатимиз ман этган ишлардан йироқ бўлмоғимизга муяссар айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                   котиби Усмонали                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                         ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид