130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ғийбат – оғир гуноҳдир
imon.uz 2020-12-17 01:19:55 865Ғаразли кимсалар
томонидан ўзгаларга озор беришда тилнинг имконияти катта бўлгани учун унинг
воситасида қилинадиган улкан гуноҳлардан бири ғийбатдир. Ғийбат – шариатда бирор
кишининг ёмон сифатини унинг ўзи йўқлигида, эшитса унга оғир ботадиган, дили
ранжийдиган тарзда баён этишга айтилади. Бунда ғийбат қилувчи хоҳ тили билан
айтсин, хоҳ қалами билан ёзсин, ғийбат қилинган киши мўмин ёки кофир бўлсин
бунинг аҳамияти йўқ. Инсонларнинг обрў-иззатларини сақлаш мақсадида Ислом дини
ғийбатни ҳаром қилди. Чунки ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва
уларнинг обрўларини тўкишдан иборат ёмон иллатдир.
Ғийбатнинг таърифи
ҳақида шундай ҳадис ривоят қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу
анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғийбат нима эканлигини биласизларми?» деб сўрадилар.
Саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғийбат
бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан
гапиришингдир», дедилар. Шунда улардан бири: «Агар
биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?»
деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда
бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда
бўлмаса, бўхтон қилган бўласан», деб жавоб бердилар.
Демак, бировнинг
айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки
бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани
учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
Аллоҳ таоло каломида
ғийбат ҳақида шундай баён қилади:
“...Баъзиларингиз
баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг
гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар!
Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, раҳмлидир ”.
(Ҳужурот сураси, 12-оят).
Қуръони каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон
ташбеҳ билан зикр қилинмаган. Биламизки, инсон ҳеч қачон ўлимтик ҳайвон гўштини
емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, ундан янада жирканади. Ғийбат қилишдан аввал
кўзларингни юмиб фараз қил, сен ҳозир биродарингни бир бўлак хом ва қип-қизил
гўштини чайнаяпсан. Тишларингни ораси эса қон билан тўлган. "Агар бу
тасаввур сенга ёққан бўлса, кўзларингни очиб ғийбатингни давом этавер".
Ғийбатнинг сабаблари
- Аллоҳдан қўрқиш ва
харомдан эҳтиёт бўлишнинг етарли даражада бўлмаслиги. Чунки Аллоҳнинг
буюклигини ва хар бир ишдан воқифлигини хис қилган одам у Зотни ғазаблантирадиган
ишлардан ўзини четга олади.
- Бирор иш туфайли
ёмон кўриб колган одамини ғийбат килиш билан аламидан чиқиш.
- Гоҳида одам дўстлари
билан алоқа узилиб қолмаслиги учун ҳам уларнинг ғийбатларига кўшилади.” Уларнинг
гапларига эътироз билдирсам оғир олиб қолмасинлар ”, деб шундай қилади.
- Бошқаларни камситиш
орқали ўзини улуғлаш. Масалан, фалончи нодон, дунёқараши тор, дейди. Бу билан
ўзини илғор бир инсон килиб кўрсатмоқчи бўлади.
- Хасад – Хасадчи
одамлар бошка бировни яхши кўриб, ҳурмат қилаётганларини кўрадида, у одамга ҳасад
килганлигидан ғийбат қилишга ўтади.
- Хазил – Одамларни
кулдириш учун бировларга сўзида, ҳаракатида тақлид қилиб, эрмак килади.
Айримлар бу ишни ўзларига хатто касб қилиб ҳам олганлар.
- Ўзини ҳамма нарсадан
хабардор, кўп маълумотга эга бир киши қилиб кўрсатиш.
Уламолар: «Баъзи ҳолатларда
зарурат туғилганда, агар сўралса, одамларнинг айбини гапириш мумкин», дейдилар.
Масалан:
1. Мазлум кишининг золим устидан шикоят
қилиб, унинг айбини гапириши ғийбат эмас.
2. Бир одамни тўғри
йўлга солиш ва ёмон ишдан қайтариш мақсадида бошқалардан ёрдам ва маслаҳат
сўраш ҳам ғийбат бўлмайди.
3. Бирор кимса ҳақида
сўралганда, ўша киши ҳақида тўғри тавсиф бериш мақсадида ҳам гапириш жоиз
(мисол учун, уй олишда қўшнилар ҳақида, оила қуришда йигит ёки қиз ҳақида
сўралса, уларнинг камчиликларини айтиш мумкин).
4.Олим кишилардан фатво
сўраш ниятида гапиришнинг ҳам зарари йўқ. (Яъни «Фалончи менга шундай муомала
қилди, мен нима қилишим керак?» каби саволларни бериш мумкин).
5.Гуноҳни ошкора
қиладиган ва шу гуноҳи билан мақтаниб юрадиган одамнинг айбини гапириш ҳам
ғийбат ҳисобланмайди.
Шундай бўлса ҳам,
ғийбатдан сақланиш фойдалироқдир. Ғийбатнинг каффорати икки қисмдир.
Афсус-надомат ва тавба қилса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Кейин эса
ғийбат қилинган одамни кўрганда ундан кечирим сўраши шарт. У кишининг ҳаққига
доимо истиғфор айтиб юриши лозим бўлади. Чунки бу муомала охиратга қолса, оқибати
оғир бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни мунофиқларнинг иши
бўлган ғийбатдан, бировларнинг обрўсини тўкишдан, бошқаларга туҳмат қилишдан
сақласин. Куч ҳам, қувват ҳам Аллоҳникидир!
Шароф Рашидов тумани
“Қангли” жоме масжиди имом-хатиби
Фурқат САЙДУЛЛАЕВ