130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Гуноҳнинг ошкораси ва пинҳонасидан юз ўгириш
imon.uz 2024-08-02 01:35:18 123Имоми Раббоний раҳматуллоҳи алайҳ мактубларидан бирида шундай деганлар:
Аллоҳу таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса...»
(Таҳрим сураси, 8-оят).
«Ва гуноҳнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ташланглар! Гуноҳ қилувчилар албатта гуноҳларига яраша жазоланажаклар»
(Анъом сураси, 120-оят).
(Бу оятлардан англашиладики) гуноҳлардан тавба қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Ҳеч бир инсон бундан мустасно бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳатто пайғамбарлар ҳам тавба қилишдан истисно бўлмаганлар. Пайғамбарларнинг охиргиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
«Қалбимга бир оғирлик келган вақт, бир кечаю кундузда етмиш марта Аллоҳдан истиғфор сўрайман».
Қулнинг ҳақлари билан алоқаси бўлмаган — зино қилиш, спиртли ичимликлар ичиш, чолғу асбоблари тинглаш, номаҳрамга қараш, таҳоратсиз мусҳафга тегиш ва ақидага бидъат қилиш каби Аллоҳнинг ҳаққига оид гуноҳлардан тавба, пушаймонлик, истиғфор айтиш, хафа бўлиш ва Аллоҳ таолодан узр сўраш билан бўлади. Фарзлардан бири тарк қилинса, унинг тавбаси фақат ўша фарзни қазо қилиш билан мумкин бўлади.
Гуноҳлар бандаларнинг ҳақлари билан боғлиқ бўлса, ноҳақ олинган молни қайтариш, ҳақ эгаларидан ҳалоллик олиш, уларга яхшилик қилиш ва дуо қилиш билан уларнинг тавбаси мумкин бўлади. Агар ҳақ эгаси вафот этган бўлса, у учун истиғфор сўраш, яхшилик қилиш ва мулкни ҳақиқий эгасининг фарзандлари ва меросхўрларига қайтариш керак. Агар меросхўрлар маълум бўлмаса, ноҳақ олинган мол ёки содир этилган жиноят миқдорида, ҳақ эгаси ёки ноҳақ зулмга учраган шахс номидан садақа берилади.
(Мактуботи Имоми Раббоний, 2-жилд, 66-мактуб).