130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

Хадича бинти Хувайлид - қадриятларнинг акси
Mimon.uz 25-11-2020 774Ҳамма жойда мавжуд бўлгани каби Исломдаги тушунчалар
ҳақида ҳам нотўғри тушунча ва нотўғри маълумотлар мавжуд. Кўпчилик учун Ислом -
бу муслима аёлларни жабр-зулм ва таълимсиз қолдирадиган дин ҳисобланади. Аммо, одамлар
Исломдаги обрўли аёллар тўғрисида қанчалик кўп билимга эга бўлсалар, уларнинг
ҳаёт тарзи гўзаллиги туфайли шунчалик исломга мафтун бўлишади.
Ислом аёлларга эркинлик, иқтисодий ҳуқуқлар, сиёсий
ҳуқуқлар ва ўз фикрларини билдириш ҳуқуқини берган. Ислом уларга мулкка эгалик
қилиш, бизнес қилиш, жамият хизматида бўлиш ҳамда истаган нарсалари бўлишига
рухсат беради. Ушбу мақолада Хадича бинти Хувайлид (Аллоҳ ундан рози бўлсин)
томонидан тарихнинг ривожланишига таъсир кўрсатган муҳим ишлар ҳақида қисқача
маълумот берамиз.
Хадича розияллоҳу анҳо ҳақиқатан ҳам улуғвор, камтар
ва сахий аёл эди. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи ва
энг суюкли рафиқаси, исломни биринчи бўлиб қабул қилган аёл. У бизга иймонлиларнинг
онаси (Умму Ал-Муъминийн) сифатида ҳам танилган. Хадича розияллоҳу анҳо
дунёдаги энг буюк аёллардан бири бўлган ва унинг мартабаси Ҳазрати Исо
алайҳиссаломнинг онаси буюк Марям қадар баланддир. Пайғамбаримиз Муҳаммад
соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида: “Дунёнинг тўртта энг буюк аёллари -
Хадича бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Эмрон ва Осиё бинти
Музаҳир”, дедилар.
Хадичат ул-Кубро розияллоҳу анҳо ўзининг шахсида
комилликнинг барча хусусиятларини бирлаштирган. Ушбу муборак аёлнинг Ислом
динига қўшган ҳиссаси унутилмас. У отаси Хувайлид вафотидан кейин оилавий тадбиркорликни
бошқаришни ўз зиммасига олди. Унинг донолиги тадбиркорликни тезда кенгайтирди. Доимо
камбағалларга, бева аёлларга, етимларга, касалларга ва ногиронларга ёрдам берган.
Агар камбағал қизлар бўлса, Хадича розияллоҳу анҳо ўз ҳисобидан уларни турмушга
чиқариб, маҳрини ҳам тўлаб берган.
У Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам
билан турмуш қурганида, ўзининг ақл-заковати, эҳтиёткорлиги ва узоқни кўра
билиши билан жамғарган нарсаларини ўзи билан
бирга олиб келган. Турмуш қурганидан кейин Хадича розияллоҳу анҳонинг асосий мақсади
эрининг энг яхши ҳамроҳи бўлиш эди. Хадича розияллоҳу анҳо катта муҳаббат ва
садоқат ила ўз мол-мулкининг тўлиқ ваколатини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу
алайҳи васалламга топширди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом
душманлари томонидан қаттиқ босим остида бўлганларида, Хадича розияллоҳу анҳо
ўзининг барча қулайликларини қурбон қилди. У ҳашамат ўртасида тарбияланган
бўлсада, аммо ҳеч қачон Ислом йўлидаги кураш ва қурбонликлар ҳаётидан шикоят
қилмаган.
Хадича розияллоҳу анҳо Ислом тарихида бошқалардан
кўра кўпроқ “биринчи”лардан бўлган. У Аллоҳнинг охирги хабарчисининг биринчи
рафиқаси, Исломга ишонган биринчи аёллар ва Яратганнинг ягона эканлигини ва
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг хабарчиси эканлигини эълон қилган
биринчи одам эди.
Хадича розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарида жуда катта аҳамиятга эга эди. Унинг вафоти Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг вазифаси учун катта зарба бўлди. У ҳаётининг 28 йилини ва бор нарсасини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ислом йўлида сарф қилиш учун берганди.
Жиззах шаҳар “Сўлоқли” масжиди
имом-хатиби Жумаев Мўминжон