130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ҳадиси шарифларда эътиқод соғломлиги бўйича кўрсатмалар
imon.uz 22-05-2020 556Тавҳид калимасини чин қалбдан айтиш бандани жаннатга
кириши ва дўзахдан қутилишига олиб борадиган улуғ калима бўлиб, бу борада Муоз
ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши «Лаа илаҳа иллаллоҳу,
Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса, албатта, Аллоҳ
уни дўзахга ҳаром қилади», деганлар.
Бу ҳадисдан банданинг иймони мукаммал
бўлиши учун чин қалби билан тасдиқ қилиб, тили билан уни иқрор қилиши лозимлиги
маълум бўлади.
Демак, ким тавҳид калимасини тили
билан айтиб, дили билан тасдиқ қилмаса унинг иймони комил эмас, ким қалбида
иқрор қилса-ю тили билан айтмаса унинг ҳам иймони комил эмасдир.
Иймонини комил қилган кишининг озгина
амали ҳам баракали бўлади, яъни Аллоҳ таоло унинг тўғри эътиқоди барокатидан
кўплаб мукофатлар ато этади. Эътиқоди нотўғри кишининг эса, ибодатлари қабул бўлмайди.
Шунинг учун аввало диннинг асли ҳисобланган ақоид илмини яхши билиш муҳимдир.
Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки, бирингиз Исломини чиройли
қилса, унинг қилган ҳар бир яхши амали ўн мислидан етти юз баробаригача
кўпайтириб ёзилади. Қилган ҳар бир ёмон амали эса, ўз мислича ёзилади», деганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Фақат Аллоҳ уни ўтиб юборса, (яъни
гуноҳини кечириб юборса, гуноҳи) ёзилмайди», дейилган.
Икки Шайх ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар очиқ-ойдин
кўриниб турибди. Инсон ўз Исломини чиройли қилганида катта ва улкан мукофотга
сазовор бўлар экан. Бу мукофот эса, аввало: Унинг қилган ҳар бир яхши амали ўн
баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб ёзилиши, сўнгра эса, унинг қилган
ҳар бир ёмон амали ўз мислича, кўпайтирилмасдан ёзилар ёки Аллоҳ хоҳласа кечириб
юбориши ҳам мумкин экан.
Жиззах
вилоят вакил ўринбосари
Ботирхон
Рўзиев