130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ҲАЛОЛ КАСБ БАРАКА КАЛИТИ
imon.uz 03-12-2024 12Динимиз бизларни аввало ҳалол касб билан пул топишга, уларни Аллоҳ розилиги учун ўз ўрнига исроф қилмасдан ишлатишга буюради.
وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلَا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا
Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Исро сураси 26 – оят .
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا
Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар,(тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир. Фурқон сураси 67 – оят.
Бу борада,
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким истихора қилса, муваффаққиятсизликка учрамайди, ким маслаҳат қилса надомат қилмайди, ким иқтисод қилса, камбағал бўлмайди ”.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: "Нафақадаги иқтисод тирикчиликни ярми, инсонларга меҳрибончилик қилиш, ақлнинг ярми ва чиройли савол бериш илмнинг ярми".
Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Эй одамлар! Ҳеч бирингиз ризқингизни мукаммал олмагунингизча ўлмайсиз. Ризқда шошилманглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Уни чиройли талаб қилинглар. Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса, уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ташланглар”.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Агар банда ҳалолдан касб қилиб, ундан садақа ва инфоқ қилса, ажр ва баракотга эришади. Аммо ҳаромдан мол топиб, садақа ва инфоқ қилса, ёки уни ортидагиларга қолдирса, унга фақатгина дўзах олови зиёда бўлади. Албатта Аллоҳ таоло ёмонликни ёмонлик билан эмас, балки яхшилик билан ўчиради”
Абу Лайс Самарқандий (роҳматуллоҳи алайҳи) айтадилар: “Ким касбини яхши қилишни истаса, бешта нарсани ўзида сақласин:
-Касби туфайли Аллоҳнинг фарзини орқага сурмаслик ва камайтирмаслик;
-Касби туфайли Аллоҳнинг биронта махлуқига озор бермаслик;
-Касби билан оиласининг иффатини сақлашни ният қилиш ва уни мол-дунё жам қилишга, кўпайтиришга восита этмаслик;
-Нафсини касби сабабидан жуда қийнаб юбормаслик;
- Ризқини касбидан эмас, балки Аллоҳдан билиб, касбини эса сабаб кўриш”.
Ислом динида доимо ҳалол касбга тарғиб қилинади. Танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтирувчи иллатларга йўл қўйилмайди. Ҳатто дунёвий ишлардан тўла ажраб чиқиб, на ўзига ва на қарамоғидаги оиласига қарамай бутунлай ибодатга ажралиб чиқишга рухсат берилмайди. Балки ҳалол касбнинг ўзи ҳам ибодат даражасидаги амаллардан саналади. Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъю-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.