130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ҲАҚИҚИЙ ТАВБА ҚИЛУВЧИДА ГУНОҲ ҚОЛМАЙДИ
imon.uz 24-08-2024 176Қуръони карим оятларининг 87 та ўрнида тавбага тарғиб этилган. Агар астойдил тавба қилинса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор.
Қуръони каримда гуноҳларидан тавба қилмаган кишиларни “золимлар” деб аталган: “Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан жаҳолат туфайли гуноҳ қилиб, кейин тезда унга афсус-надомат чеккан кишиларнинг гуноҳларини кечиришини ваъда қилган: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).
Али ибн Толиб разияллоҳу анҳу тавба қилувчиларни мақтаб: “Нажот топиб кетган кишининг аҳволини қаранг!”, – дегандилар. “Нажот нима”, – деб сўрашди. У зот: “Тавба ва истиғфор”, – дедилар.
Уламоларимиз гуноҳларни уч турга бўлиб, шундай дейдилар:
“Гуноҳлар уч турли бўлади: Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ, Аллоҳ кечирадиган гуноҳ, Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ.
Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ – Аллоҳга ширк келтириш. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “Албатта, кимки Аллоҳга ширк келтирса, унга жаннатни ҳаром қилади ва унинг жойи дўзахдир” (Моида сураси, 72-оят).
Аллоҳ кечирадиган гуноҳ – банда ўз нафсига қилган зулми бўлиб, у Аллоҳ ва банда ўртасидаги гуноҳдир.
Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ – бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмидир.”
Аллоҳ таоло барчамизни ҳол-ҳаётда билиб-билмай қилган гуноҳларимизга тез тавба қилишимизни насиб айласин.