130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ҳақман дейишдан олдин...
imon.uz 2025-01-10 01:42:53 3Имом Шофиъий шогирдлари билан Бағдод кўчаларида юрардилар. Бир жойда икки кишининг диний мавзуда тортишаётганини кўришди. Улардан бири ўзининг ҳақ эканлигини исботлаш мақсадида иккинчисига «Бу мавзуда Имом Шофиъий ҳам худди мен айтган нарсани айтганлар», дер эди. Ваҳоланки, у ҳазратни кўрмаган, эшитганди. Шогирдлардан бири уларга яқинлашиб, нима масалада баҳслашаётганларини сўради. Гап нимадалигини билгач, «Астағфируллоҳ, Имом Шофиъий ҳеч қачон бундай гап айтмаганлар, сиз ўзингизни ҳақдек кўрсатиш учун уйдирма қиляпсиз. Ҳазратнинг мазкур масалада бундай дейишлари ақлга сиғмайди», деб қанча танбеҳ бермасин, бояги киши ўз билганидан қайтмади.
Шогирднинг бўлган гапларни Имом Шофиъийга етказишдан бошқа чораси қолмади. Ҳазрат ўзларини танитмай баҳсга қулоқ тутишни лозим топдилар. Гап нимадалигини англагандан сўнг, у киши ҳам «Шофиъий бундай гап айтмаган», дедилар. Бироқ фойдаси бўлмади. Ниҳоят ҳазрат: «Эй биродари азиз, мен Шофиъийман ва бу гапни умуман гапирмаганман», деб айтдилар. Аммо бояги киши шунда ҳам ишонмади ва гапидан қайтмади: «Мени алдашга уринманглар, Шофиъий эмаслигингизни жуда яхши биламан!»
Бу ривоятда катта ибрат бор. Баъзан бир нарсани исботлаш учун келтираётган мисолларини динга, шариатга боғлайдиган, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари билан ҳам билиб-билмай гапириб юбораверадиганлар йўқ эмас. Одамлар орасида урчиётган, неча йиллардан бери яшаётган зарарли бидъатлар, ирим-сиримлар ҳам айнан шундай жоҳиллик, илмсизликнинг натижаси.
Юқоридаги ривоят нотўғри далил ва тушунчаларга таяниб, турли фикрларни атрофдагиларга етказаётган, ўзи қолиб бошқаларни ҳам адаштираётганлар учун ўрнак бўлишидан умидвормиз.
«Ибратли ҳикоялар» китобидан.