130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ХОТАМУЛ АНБИЁНИНГ СИФАТЛАРИ.
imon.uz 10-12-2024 170Ўший раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини баён қилишда давом этиб, у зотни пайғамбарларнинг имоми, улуғ афиф бандаларнинг тожи дея васф қилган. Бу васфдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёмат кунида барча пайғамбарлардан муқаддам туришларига ҳам ишора бор. Бу ҳақида қуйидаги ривоят келган:
Абу Саиддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен қиёмат кунида Одам боласининг саййидиман, лекин мақтаниш эмас. Ҳамд байроғи менинг қўлимда бўлади, лекин мақтаниш эмас. Ўша кунда Одамми, ундан бошқасими, менинг байроғим остида бўлмаган бирор пайғамбар бўлмайди. Мен ер унинг устидан ёриладиган биринчи кишиман, лекин мақтаниш эмас”, – дедилар”. “Сунани Термизий”да келган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Барча афиф бандаларнинг тожидирлар” дея васф қилинди. Афиф инсонлар деганда қалблари нафсий иллатлардан холи бўлган олимлар, шаҳидлар ва бошқа тақводор мўминлар тушунилади. Тож безак турларининг ичида энг кўзга кўриниб турадиган ва энг қиймати юксак бўлганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам афиф инсонларнинг энг кўзга кўриниб турадигани ва энг қийматлисидирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш иймон тақозоси ҳисобланади. Яъни Ислом динини бино деб тасаввур қилинадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ўша бинони тутиб турадиган пойдевор мақомидаги тушунча ҳисобланади. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, ер юзидаги барча ақли бор инсонлар доимо у зотни мақтаб, мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман – ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:
Абу Саиддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен қиёмат кунидаги Одам боласининг саййидиман, лекин мақтаниш эмас”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.
“Эътиқод дурдоналари” китобидан.