130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ИМОМ – ХАТИБ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?
imon.uz 06-07-2020 5214Имом сўзи арабча бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, пешво, ўзида савоб ишларни мужассам қилган инсон маъносини билдиради. Имом катта синовлардан юз ёруғлик билан ўтган, солиҳ, одил, қалби пок, бутун вужуди билан инсонларга хизмат қилишни ният қилган илм соҳиби, хуш муомилали, хозирги замон воқеаларидан хабардор, фикрини тўғри ва ишончли ифода эта оладиган , одамларга намуна бўлиб уларни ўзига эргаштира оладиган киши бўлиши лозим. Ибн Халдун имомлар мўмин мусулмонларнинг ибодатларига раҳбарлик қилиш билан бирга дунё ишларида ҳам, маданий ва ижтимоий жамиятнинг мазмун-моҳиятини очиб беришда ҳам ўзига хос ўринга эга эканини баён қилган. Бу эса инсонларнинг икки дунё саодатига эришишлари учун зарурий амаллардан хисобланади. Хозирда имомларнинг етук шахс сифатида таълим олишлари ва мумин мусулмонларнинг эҳтиёжларини тўла қондиришлари учун катта ғамҳўрлик ва эътибор қилинмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз Имом Бухорий халқаро марказда имом-хатиблар билан учрашганларида: -- “Имомлар ҳар доим халқ ичида бўлиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросларини, муборак Ислом динининг асл мазмун-моҳиятини, Қуръони каримдаги юксак ғояларни, айниқса, ақидавий масалаларни чин маънода кенг халқ оммаси онги ва қалбига тўғри ҳолда етказадиган, уларни ҳидоят йўлига бошлайдиган масъул кишилардир”.—дедилар. Бу сўзлар имомларга юксак ишонч ва катта масьулият юклайди. Ҳар бир имом ўз масжиди худудида қавмларининг маънавий камолоти, тинч ва тотув яшашлари учун доимий равишда ўз сўзи ва намунаси билан ўрнак бўла олиши зарур. Шунинг учун имом –хатиб ўз устида доимо ишлаши, билимини замон талаблари даражасида ошириб бориши лозим. Саволлар жавобсиз қолиши мумкин эмас. Юрт тинчлиги ва халқларимиз дўстлиги , мамлакатимизда олиб борилаётган ҳайрли ишларнинг шарҳи у иштирок этган ҳар бир тадбирда унинг сўзи ва фикри билан баён этилиши даркор. Имомлар инсон қалбларини ҳар ҳил бузғунчи оқим ва фирқалардан , шайтоннинг васвасаларидан тозаловчи ва сақловчи, таъбир жоиз бўлса, "табиблари” десак бўлади. Бугунги имом-хатиблар ўз зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб диний маърифатни халққа етказиб, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишлари, юрт тинчлиги ва Ватан тараққиёти йўлида катта ҳисса қўшишлари лозим бўлади. Улар минбар эгаларидир. Хафталик жума мавъизасида диний, дунёвий, тарихий, замонавий, инсоний, одобу-ахлоқий маълумотларга бой нутқга эга бўлиши керак. Имом хатиб таклиф этилган ҳар бир йиғилишу- маърака, ҳайри-ҳудойи, тўю-жанозада одамлар орасида ноўрин гап сўзлар, фисқу-фасод, фитналар бўлмаслиги кафолатланган бўлиши лозим. Ҳаётдан ва мустақиллик шарофатидан, Ватанимиз тинчлиги, бунёдкорлик ишларнинг ривожидан мамнун ҳолларида тарқалишларини имом-хатиб ўз мақсади ва муваффақияти деб билиши даркор. Ҳушёрлик, фидоийлик ва донолик имом –хатибнинг шиори бўлиши лозим.
Жиззах вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Атабаев Абдумутал