130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ИНСОНЛАР ОРАСИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ
imon.uz 17-06-2020 715Ораларида жанжал келиб чиққан икки мусулмон ўртасини ислоҳ қилиш улкан савобли ишдир. Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейилган:
“Албатта мўминлар оға-инидирлар. Бас, сизлар икки оға-инингиз ўртасини тузатиб қўйинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, шояд раҳм қилинсангизлар”.
(Ҳужурот 10-оят)
Бошқа бир оятда шундай дейилади:
“Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангизлар”.
(Анфол 1-оят)
Икки мусулмон орасини ислоҳ қилиш ва уларнинг алоқаларини тикланишига уриниш нақадар яхши амал экани Қуръони каримнинг юқоридаги кўрсатмаларидан маълум бўлмоқда.
Кишилар орасини ислоҳ қилиш учун, уларга ўрталарида муҳаббат пайдо қиладиган, англашилмовчилик барҳам топишига сабаб бўладиган сўзларни етказишга ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун зоҳиран воқеликка зид бўлган гапларни айтиш ҳам жоиздир. Масалан, икки одам бир-биридан ранжиб қолди. Улардан бирига: “У киши сизнинг ҳаққингизга дуои хайрлар қиляпти", деб ичида "У киши барча мусулмонлар учун умумий мағфиратни сўраб дуо қилади", деб ният қилса, "барча мусулмонлар” ичига қаршисидаги одам ҳам киради. Бу турдаги сўз борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
Умму Кулсум бинта Уқбанинг хабар беришича, Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи васалламнинг “Одамларнинг орасини ислоҳ қилаётган киши ёлғончи эмас, зеро у яхшиликни етказади (ёки “яхшиликни айтади”)”, деяётганларини эшитган экан.
(Имом Бухорий ривояти)
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай кўрсатмалари бор:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш чиққан ҳар бир кунда одамларнинг ҳар бир бўғини учун садақа лозим. Икки киши ўртасида адолат қилиш садақадир. Бир кишига улови борасида ёрдам бериб, уни миндириб қўйиши ёки юкини ортиб бериши ҳам садақадир. Ширин сўз ҳам садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадами ҳам садақадир. Йўлдан озорни олиб ташлаш ҳам садақадир”, дедилар”.
(Имом Бухорий ривояти)
Одамлар ўртасида ғазаб ва адоват тарқатиш шайтоний ишдир. Ҳадисларда маълум бўлишича, иблис инсонларни бир-бирига душман қилишдан хурсанд бўлганчалик бирор ишдан хурсанд бўлмас экан. Шунингдек, ҳадисларда шайтон эр-хотин ўртасига тафриқа солишни ўзининг энг катта ишларидан, деб билади. Бунинг акси ўлароқ, эр-хотин орасидаги совуқчиликни кетказиш ҳамда уларнинг ўрталарини ислоҳ қилишга ҳаракат қилиш бениҳоя ажру савобли ишдир.
Бу сўзларни айниқса катта оилада биргаликда истиқомат қиладиган кишилар ёдда тутишлари лозим. Бизнинг жамиятда қайнона, келин ва овсинлар ўртасида турли келишмовчиликлар бўлиб туради. Шундай ҳолатларда исломнинг мазкур таълимотини ёдда тутиб, унга амал қилсалар, дунё-ю охиратда икки баробар мукофотга эга бўладилар.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний
Миролим Мансур тайёрлади