Халқ тилида “Сўз боши салом” – деган мақол бор. Саломлашганимизда “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу”, яъни – “Сизга тинчлик, омонлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракотини тилайман” – деймиз. Ушбу сўз бошидан ислом тинчлик дини эканлиги маълум бўлади.
Аллоҳу таоло инсонларнинг шаънини улуғлади. Уларнинг қонини тўкишни ҳаром қилди. Бу борада Қурони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жойи жаҳаннамдир. (У) унда абадий қолур (“Нисо” сураси, 93-оят).
Демак, бир мўминнинг қонини тўкишни шариъат ман қилди. Аллоҳ таоло одам фарзандини азизу макаррам қилганки, нафақат қонини тўкиш балки, уни уриш, калтаклашни ҳам ман қилган. Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳ” китобларида “Юзга уришнинг ман этилиши” ҳақида алоҳида боб ажратган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз биродарингиз билан курашадиган бўлса, унинг юзига асло урмасин” – деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Агар бирортангиз биродарингиз билан жанжаллашиб қолган бўлса, унинг юзига асло урмасин!” – деганлар.
Демак бир мўминни уриш ман қилингандир. Аллоҳу таоло ўз бандаларини шаънини юқори қилдики, нафақат уриш, ҳатто унга бирор нарса билан ўқталиш ман қилинган. Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобида келтирилган ҳадисда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан бундай ривоят қилинади:
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким биродарига ўткир нарса билан ўқталса, то ташламагунча уни фаришталар лаънатлаб туришади, гарчи ишора қилинадиган киши ота-она бир туғишган инсон бўлса ҳам” – дедилар.
Демак, бир мўминни тиғли нарса билан ўқталиб қўрқитиш шариаът ман қилган амаллардан ҳисобланар экан. Аллоҳ таоло бандаларини шунчалик ҳимоя қилдики, нафақат учлик нарса билан ўқталиб қўрқитишдан, ҳаттоки назар билан қўрқитишни ҳам ман қилди.
Табароний Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимки мусулмонга ноҳақ тарзда қўрқувга соладиган ёмон назар қилса, Аллоҳ уни қиёматда қўрқитади” – деганлар.
Кўриниб турибдики, Ислом дини тинчлик дини.
Зангиота тумани “Эшонгузар” жоме
масжиди имом-хатиби У.Содиқов.
Манба:Fitrat.uz