130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Истеъмoли ҳаром нарсанинг савдоси ҳам ҳаромдир
Mimon.uz 2025-12-08 12:46:17 17Наркотик модданинг ҳаромлигини, уни истеъмол қилиш қанчалик гуноҳлигини кўриб ўтдик. Аммо буни четдан олиб кириб, халқнинг орасида тарқатиш ниҳоятда улкан, оғир гуноҳдир. Фиқҳий қоидага биноан, истеъмоли ҳаром нарсанинг савдоси ҳам ҳаромдир. Бинобарин, наркотик моддаларнинг истеъмоли ҳаром бўлганидек, уларнинг савдоси ҳам ҳаромдир. Бу бир одамга нисбатан қилинган жиноят эмас, балки аввало унинг ота-онасига, оиласига, аҳлу аёлига, фарзандларига, авлодига нисбатан қилинган суиқасддир, тажовуздир, қабиҳ жиноятдир. Бу бир одамни эмас, халқни, ёш авлодни, бутун миллатни заҳарлаш деганидир, бундан ортиқ гуноҳнинг ўзи бўлмаса керак. Бу офат миллат танламайди, ҳудуд, минтақа танламайди, унинг касофати бутун ер юзига тарқайди. Шунинг учун бу ишга ҳар қандай алоқаси борлар, бу иш билан шуғулланаётган ёвуз кимсалар қуйидаги ояти кариманинг ҳукми остига киради.
Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради:
«Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши уруш қиладиганларнинг, ер юзида бузғунчилик учун саъйҳаракат қиладиганларнинг жазоси – ўлдирилмоқлари, осилмоқлари ёки қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёхуд ўз диёрларидан сургун қилинмоқларидир. Бу улар учун дунёда шармандалик бўлур. Охиратда эса уларга улкан азоб бордир» (Моида сураси, 33-оят).
Аллоҳ қайтарган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ишни, қилма деб таъкидлаб буюрган ишни қилишда давом этган кимсалар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш очган одамлар ҳисобланади. Уларнинг бу иши туфайли ер юзида фасод тарқайди. Бу аблаҳ одамларнинг жазоси ниҳоятда оғир – улар ўлимга ҳукм қилинади, осиб ўлдирилади, қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесиб ташланади ёки мамлакатдан бадарға бўлиб, сургун қилинади. Бу нарса уларнинг ўзи учун, оиласи учун, қавми учун шармандалик бўлади. Аммо азоблар бу билан тўхтамайди, аксинча, охиратда уларни улкан азоб кутади.
Шунинг учун баъзи давлатларда наркотик моддага алоқаси борлар омма олдида ўлдириб ташланади. Ўзларича инсонпарварлик деб айюҳанос соладиган давлатлар ҳам инсон зотига тажовуз қилган, ҳаёт низомига қарши бош кўтарганларни аямайди. Наркотик моддага алоқаси борларни ҳеч аямасдан қатл қиладиган давлатлар орасида мусулмон мамлакатлар ҳам, ғайримуслим давлатлар ҳам бор. Худди Аллоҳ таолонинг ҳукмида айтилганидек, баъзиларида бундай жиноятчилар отиб ташланади, баъзисида осиб ўлдирилади, баъзисида эса калласини олишади. Аллоҳнинг қаҳрига учраган одамга икки дунёда ҳам шафқат, омонлик йўқ. Улар бу хорликдан дунёда ҳам, охиратда ҳам қутула олмайди. Баъзилари қўлга тушгач, ўзларича пушаймон бўлар, бирор йўл билан виждонини тозаламоқчи, айбини ювмоқчи бўлар, аммо бунинг фойдаси йўқ.
Суфён Саврий: «Ким ҳаром нарсани Аллоҳнинг тоати учун инфоқ қилса, гўё нажас теккан кийимни пешоб билан ювгандек бўлибди», деган эканлар. Нажосат теккан кийим сув билан покланганидек, гуноҳлар ҳам бошқа нарса билан эмас, фақат ҳалол нарса билан покланади.
