130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Кимларга закот бериш фарз бўлади
imon.uz 2024-04-05 01:53:28 332Фуқаҳоларимиз, «Закот мусулмон, балоғатга етган, оқил, ҳур, махсус нисобга ва шартларга эга мол соҳибига фарз бўлади», деганлар. Мусулмон, балоғатга етган, оқил бўлиш бошқа барча Исломий ибодатларнинг ҳам шартидир. Закот молявий ибодат бўлгани туфайли унинг фарз бўлиши учун молга хос шарт қўшилиши табиий.
Мусулмон эмас одамдан Закот олинмаслиги Закот Исломий ибодат бўлганидандир. Худди намоз ўқиш ва рўза тутишни мусулмонмас одамдан талаб қилиб бўлмаганидек, ундан Закот беришни ҳам талаб қилиб бўлмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга омил қилиб жўнатаётиб айтган кўрсатмаларида жумладан: «Уларни энг аввал даъват қиладиган нарсанг «Лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» шаҳодатидир. Агар улар сенга бунда итоат қилсалар, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилинганини билдиргин. Агар улар сенга бунда итоат қилсалар, хабар берки, Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақа (Закот)ни фарз қилгандир», деганлар.
Яъни, Закот беришни таклиф қилиш иймонга келганларидан кейин бўлишини таъкидлаганлар.
Баъзи бир кишилар «Ислом давлати соясида яшаётган мусулмон эмас одам турли имтиёзлардан, хизматлардан, қулайликлардан, ижтимоий манфаатлардан фойдаланади, ҳатто қарилик ёки ишга яроқсизлик нафақасини ҳам олади, нима учун у Закотдан тушган маблағлар ҳам сарфланган нарсалардан фойдаланади-ю, ўзи Закот бермай юриши керак?» дейишлари мумкин.
Бу саволга уламоларимиз шундай жавоб берадилар:
«Ислом давлати соясида яшаётган мусулмонмас одам «зиммий» деб аталиб, у «жизия» деб номланган тўлов тўлайди. Исломдаги бу тўлов ибодат маъносида эмас, ҳукумат одамлари билан мусулмонмас кишилар орасидаги келишув орқали олиб бориладиган муомала сифатида қаралади».
Агар «жизия»га амал қилинмаётган бўлса давлат ундоқ кишиларга алоҳида солиқ солиши мумкин. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Бани Тағлаб номли араб қабиласига шундоқ қилинган.
Балоғатга етган ва оқил бўлишлик шарти ҳақида, тўғрироғи ёш бола ва мажнун шахснинг молидан Закот чиқариш керакми-йўқми, деган масалада уламоларимиз икки хил йўл тутганлар. Чунки, гап бу ерда баданий эмас, молиявий ибодат ҳақида кетмоқда. Баданий ибодат ёш болага ҳам, мажнун шахсга ҳам фарз бўлмаслиги маълум. Чунки, улар бу нарсани идрок қила олмайдилар, моҳиятини, адо қилиш шартларини ўрнига келтира олмайдилар.
Закот эса молиявий ибодат, мол ўсиб турибди, уни валий бошқариб турибди. Қисқа қилиб айтилганда молдан кўзланган мақсад ҳосил бўлмоқда. Энди Закот нима бўлади?
Бу саволга Ҳанафий мазҳаби уламолари «ёш бола ва мажнуннинг зироати ва меваларидан Закот берилади, бошқа молларидан берилмайди», деганлар.
Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари эса, уларнинг ҳамма молларидан Закот берилади, деганлар.
Ҳамаср уламолардан баъзилари, жумҳурнинг мазҳаби рожиҳ, дейдилар.
Юқорида Закот бериладиган молда ва Закот берувчи шахсда мавжуд бўлиши лозим шартларни ўрганиб чиқдик. Энди Закот бериш амалини бажаришда эътиборга олиниши лозим бўлган шартлар ҳақида тўхталамиз. Бу шартларни уламоларимиз «Закотнинг тўғри бўлиши шартлари», деб номлайдилар.