КОҲИН ВА АРРОФЛАР ҲАҚИДА

КОҲИН ВА АРРОФЛАР ҲАҚИДА

imon.uz 2023-06-30 01:31:29 450

Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақида”сида шундай матнлар бор:

و لا نصدق كاهنا و لا عرافا و لا من يدعى شيا بخلاف الكتاب و السنة و إجماع الأمة

Келажакдан хабар берувчи коҳин, йўқолган нарсаларни топиб беришни иддао қилувчи фолбинларни тасдиқламаймиз, сўзларини рост деб тан олмаймиз, уларга ишонмаймиз. Шунингдек, китоб, суннат ва уммати исломия ижмоъсига хилоф тарзда ғайб илмини даъво қилувчиларни ҳам тасдиқламаймиз.

Аҳли сунна эътиқодига кўра ғайб илми фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос илм бўлиб, уни ҳеч кимга ошкор қилмайди. Магар, Ўзи танлаган ва ихтиёр этган пайғамбарларгагина баъзи ғайбий маълумотларни ваҳй нозил қилиш орқали ошкор қилиши мумкин. Биз шуни тасдиқлаймиз, ишонамиз, тан оламиз. Бу ҳақда Қуръонда айтилади:

فلا يظهر على غيبه احدا الا من ارتضى من رسول

(Аллоҳ) ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмас. Илло, Расуллардан Ўзи рози бўлган кимса (бундан мустасно) (Жин, 26-27).

Фолбин, арроф, башоратчи мунажжимлар пайғамбар ҳам, ваҳй эгалари ҳам эмас. Шундай экан улар тасдиқланмайди, уларга ишонилмайди. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис ҳам ворид бўлган:

من اتى كاهنا فصدقه فيما قال فقد كفر بما انزل على محمد

Кимки фолбинга келиб, уни тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди.

Шунингдек, аҳли сунна ақидасининг муҳим масалаларидан яна бири шуки, китоб (Қуръони карим), суннат (Расулуллоҳнинг сўзлари, феъллари ва тасдиқлаган тақрирлари) ва уммат якдиллик ила ижмоъ қилган масалалардан бирортасига хилоф иддао билан чиққан ҳар қандай шахс тасдиқланмайди, ишонилмайди, сўзига қулоқ солинмайди. Чунки бу нарсалар шариатимизнинг асослари ҳисобланиб, унга қарши фикр билдирганлар бидъатчи дейилади. Бидъатчилар эса аҳли суннат эмас, аҳли залолат бўлади. Залолат аҳлининг оқибати жаҳаннамдир.

Бу масалаларни билмоқ ва унга амал қилмоқ ҳар бир мусулмон учун зарур бўлиб, айниқса бугунги кун аёллари орасида долзарб муаммога айлангани ҳақиқат. Баъзи жоҳила аёллар бирон нарсасини йўқотиб қўйса, ёки эрининг юриш-туришидан шубҳага бориб қолса, ё қизига совчи келмай қўйса дарров башоратчиларга чопиб қолишади. Жаҳолат шу даражага етганки, олдига келган одамларнинг уч-тўрт сўмига мўлтан бўлиб турган фолбиннинг оғзини тўлдириб гапирган тахминий ёлғонларига лаққа тушиб унга айтган пулини бериб қайтишади. Аллоҳ таоло залолат аҳлига ҳидоят берсин, барчамизни ҳақ йўлда собитқадам қилсин!

(Имом Таҳвийнинг “Ақида”сига Акмалуддин Бобартий шарҳи асосида тайёрланди).

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид