130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Кўп ейишнинг зарарлари
imon.uz 16-05-2020 849Бошда Расулуллоҳ (с.а.в.), сўнгра олимлар ва орифлар кам еганлар, бизга ҳам шуни тавсия қилганлар. Ошқозонни юрак остида қайнаб турган қозонга ўхшатганлар. Қозон қайнагани сари буғ юқорига ўрлаб, юракни беҳузур қилиши ва қорайтиришини таъкидлаганлар. Бу тавсиялар ва ўхшатишлар ҳикматини Рамазон мавсумида англаш осон кечади. Зотан, инсондаги барча нафсоний истаклар асосида кўп ейиш туради. Пайғамбар (а.с.) бундай дейдилар: «Бу умматга пайғамбарларининг вафотидан кейинги келадиган биринчи бало кўп ейиш ва ҳирсдир. Чунки бир қавмнинг қорни тўйиши билан бадани қувватланади, қалби заифлашади ва шаҳвоний ҳирслари ортади» («Ат-Тарғиб ват-тарҳиб»).
Имом Ғаззолий кўп ейиш зарарларини шундай баён қилади:
1. Басират ўтмаслашади. Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Кўп еб-ичиш билан қалбларингизни ўлдирманг. Чунки ортиқча сув бериш экинларга зарар етказгани каби, кўп еб-ичиш қалбни ўлдиради» («Сирожут-Толибин»).
2. Ибодат камаяди. Бир куни Яҳё (а.с.) Иблисни учратиб қолдилар. Унинг қўлида бир қанча қармоқ кўриб, нима эканини сўрадилар. Иблис: «Шаҳватлар, – деб жавоб берди. – Улар ёрдамида инсонларни овлаб, йўлдан оздираман». Яҳё (а.с.): «Улар орасида мени ҳам овлайдиган бирор нима борми?» дедилар. «Йўқ, фақат бир кеча тўйиб овқатландинг, шу сабабли ибодатда оғирлик сездинг», деди Иблис. Буни эшитиб Яҳё (а.с.): «Энди асло тўйиб овқатланмайман», деб айтдилар.
3. Зеҳн ва илм озаяди. Абу Сулаймон Дороний айтади: «Дунё ва охиратга оид бир ҳожатинг раво бўлишини истасанг, муродингга етгунга қадар очликда давом эт. Чунки кўп ейиш ақлга зарар беради».
4. Фитна ва фойдасиз ишларга машғул қилади. Абу Жаъфар (р.а.) айтадилар: «Ошқозон шундай аъзоки, агар оч бўлса, бошқа аъзолар ҳаммаси тўқ, яъни, хотиржам. Сендан ҳеч нима талаб қилишмайди. Агар ошқозон тўқ бўлса, бошқа аъзоларнинг ҳаммаси очдир».
5. Ибодат завқи йўқолади. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ўзлари етишган даражанинг сирини шундай баён қиладилар: «Раббимга ибодатнинг завқини ҳис этиш учун мусулмон бўлганимдан бери тўйиб овқатланмадим. Имон келтирганимдан буён Раббимга қовушиш иштиёқи билан қониб сув ичмадим!..»
6. Ҳаром ва шубҳалилар таҳликаси ортади. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Аллоҳдан қўрқув ҳар ҳикматнинг бошидир. Гуноҳ эҳтимоли бўлган нарсалардан сақланиш эса амалларнинг энг афзалидир» (Абу Нуайм, «Ҳилятул Авлиё»).
7. Юрак ва тана банд бўлади. Пайғамбар (а.с.) айтадилар: «Бутун касалликларнинг боши ҳазмсизлик, яъни, кўп ейиш сабабидан тананинг оғирлашиши. Барча шифоларнинг аввали эса оз ейиш, яъни, парҳездир» (Жалолиддин Суютий).
8. Ўлим онида ва охиратда машаққат келтиради. Абу Жуҳофа (р.а.) айтадилар: «Бир куни гўшт ва нондан тайёрланган таом едим. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ёнларига бордим. Еган таомим сабаб кекирик кела бошлади. Шунда Пайғамбар (а.с.): «Эй Абу Жуҳофа, бу ишингни биздан узоқ тут. Инсонларнинг дунёда энг кўп тўйганлари охиратда энг оч қолганлар бўлишади», деб айтдилар» (Термизий ривояти).
9. Савоб озаяди. Дунёда кўп еган кишиларнинг охиратда савоблари кам бўлади. Қуръони каримда айтилади: «...(уларга дейилур): «Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни дунёдаги ҳаётингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз. Энди, бугун у ерда ноҳақ кибр қилганингиз ва фосиқ бўлганингиз сабабли, хорлик азоби билан жазоланурсиз» (Аҳқоф, 20).
Жуда чанқаган ҳазрат Умар (р.а.)га сув узатишди. У зот идишни оғизларига яқинлаштириб, сувнинг ширин ва муздай эканини билдилар. Ичмай, қайтардилар. Сув тутган одам айтди: «Эй мўминлар амири, валлоҳи, сизга сувнинг энг тотлисини бердим!»
– Сув ичишимга тўсиқ бўлган ҳам шу! – дедилар ҳазрат Умар. – Агар охиратдан қайғум бўлмаганида, сиз каби яшардим!
10. Қиёмат куни ушланиш, ҳисоб ва жазога сабаб бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) дунёлиги кўп бўлганлар ҳақида шундай дедилар: «Дунёда эгалик қилганларингизнинг ҳалоли учун ҳисоб, ҳароми учун жазо, зийнат бўлганлари учун зиён бор».
Миролим Мансур тайёрлади