130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ЛАББАЙКА ВА САЪДАЙКА.
imon.uz 2024-11-14 11:24:24 142Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдурроҳман ал-Феҳрий розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайнда
ҳозир бўлдим. Шиддатли иссиқ қиздириб турганда юриб бориб, дарахт соясига
тушдик. Қуёш заволга кетганида жанг анжомларимни кийдим. Отимга миниб,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зот ўз
чодирларида экан. Бас, мен:
«Ассалому алайка, эй Аллоҳнинг Расули, ва
роҳматуллоҳи ва баракотуҳу. Жўнаш вақти бўлди», дедим.
«Шундоқ! Ҳозир! Эй Билол! Тур! Эй Билол!»
дедилар.
У зот соялари худди қуш соясидек бўлиб, тезлаб
дарахт остидан сапчиб турдилар. Бас, у:
«Лаббайка ва саъдайка! Ўзим фидойингиз бўлай!»
деди.
«Менга отни эгарла!» дедилар.
У икки тарафи хурмо қовуғидан бўлган эгарни
олиб чиқди. Буларда ҳойи ҳавас ҳам, мақтаниш ҳам йўқ эди. Бас, у зот миндилар.
Биз ҳам миндик».
Шарҳ: Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эгарлари жуда ҳам содда бўлгани аён бўлади. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Лаббайка ва саъдайка!» дейишлари эса, бу гапни улуғ кишилар хизматларига доим тайёрлик маъносини билдириш учун ишлатилганини кўрамиз.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Абу Зарр!» дедилар.
«Лаббайка ва саъдайка! Эй Аллоҳнинг Расули, мен
сизга фидо бўлай!» дедим.
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам биров чақирганда «лаббайка» деб жавоб бериш
борлиги собит бўлмоқда.
АДАБ КИТОБИДАН